1. Бизнинг МЧЖ шаклидаги корхонамиз таҳририят билан 2013 йил I чоракдан бошлаб айрим газеталарга обуна бўлишга шартнома тузди. Бизга ҳар ойда етказиб берилаётган газеталарга таҳририят томонидан ҳисобварақ-фактура тақдим этилмади. Бироқ Солиқ кодексининг 222-моддасида белгиланишича, юридик шахслар, айрим ҳоллардан ташқари, ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишлари шарт. Таҳририятнинг бизга берган жавобига кўра, унинг ўзи почта бўлими билан газеталарни манзилга етказиб бериш бўйича шартнома тузган ва газеталар почта ташкилотларига юклаб жўнатилиши сабабли ҳисобварақ-фактура беришмас экан. Таҳририят бухгалтерияси обуначиларга ҳисобварақ-фактура ёзиб бериши шартми ёки шарт эмасми?
2. Обуначи корхона томонидан обуна харажатларининг бирйўла бутун суммаси, обуна бир йилга мўлжалланган бўлса ҳам, тўлов пайтида харажатларга киритилади деган тамойилда иш юритиши тўғрими? Агар бундан бошқача қоида назарда тутилган бўлса, у қайси меъёрий ҳужжат билан белгиланган?
Акромхўжа Бердиёров,
МЧЖ бош бухгалтер.
Андижон вилояти.
– 1. Ўзбекистон Республикасида даврий босма нашрларни тарқатиш қоидаларига (АВ томонидан 18.06.2008 йилда 1826-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан даврий босма нашрларни тарқатиш ўз хусусиятига эга – аввал босма нашрларга обуна ўтказилади, сўнгра улар обуначиларнинг манзилларига етказиб берилади.
Обунани почта бўлимлари, махсус ташкилотлар ёки таҳририятнинг ўзи оферта шартномалари бўйича амалга ошириши мумкин. Обуна қилаётганда обуначиларга абонемент берилади, у ҳақ тўланганлиги далили ва уларнинг босма нашрларни олиш ҳуқуқларини тасдиқлайди. Оферта шартномаси бўйича обуна қилинаётганда таҳририят томонидан акцепт (оферта йўналтирилган шахснинг уни қабул қилганлиги тўғрисида жавоби) олинган пайтда обуна бўйича шартнома имзоланган ҳисобланади. Акцепт тўлиқ ва қатъий бўлиши керак. Обуначи томонидан тўланган тўловнома (счёт) шартнома тузилганлиги далили ва обуначининг унинг барча шартларига, шу жумладан даврий нашрларни етказиб бериш шартларига розилигини билдиради.
Нашрлар варақчали ва манзилли тизим бўйича тарқатилади. Варақчали тизим бўйича тарқатишда даврий босма нашрлар тарқатувчи томонидан обуначиларнинг манзиллари бўйича кейинги саралаш ва етказиб бериш учун ишлов бериш оралиқ пунктларига юборилади, манзилли тизим бўйича тарқатишда уларни тарқатувчининг ўзи обуначиларга етказиб беради. Энг оммабоп ва кенг тарқалган усул бўлиб, босма нашрларни обуначиларга почта бўлимлари орқали етказиб бериш ҳисобланади, бу ерга босма нашрларни нашриётларнинг ўзлари ёки уларнинг топшириғи бўйича бошқа махсус шахслар, масалан, экспедиторлик ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркор ва бошқалар етказиб берадилар. Почта таҳририятлар (нашриётлар) билан шартнома бўйича обуначилар (абонентлар)нинг реестрига қараб даврий босма нашрларни обуначи кўрсатган манзилга етказиб беришни таъминлайди.
Дарҳақиқат, Солиқ кодексининг 222-моддасига асосан юридик шахслар, шунингдек қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган юридик шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шартлиги белгиланган. Лекин ушбу моддада истисно ҳолатлар ҳам келтирилган бўлиб, сизнинг ҳолатингиз айнан шу қоидага мувофиқ келади, яъни сизга ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб берилиши шарт эмас. Шу тариқа, юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, газеталарнинг таҳририятлари ва почта бўлимлари газеталар, журналлар ва бошқа нашрларнинг обуначиларига ҳисобварақ-фактуралар ёзиб бермайдилар.
2. Корхона харажатлари, тўланган вақтидан қатъи назар, қайси даврга тааллуқли бўлса, ўша ҳисобот даврида акс эттирилади. Харажатларни акс эттиришнинг ушбу тартиби «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон, 13-модда) билан белгиланган.
Обуна харажатлари 21-сон БҲМС бўйича келгуси даврлар харажатларига киритилади, уларнинг ҳисоби 3100-гуруҳдаги ҳисобварақларда юритилади. Обуна бўйича тўланган суммани (олдиндан тўловни) ҳисобда 3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари» ҳисобварағининг дебетида акс эттириш керак.
Сизнинг ҳолатингизда бир йиллик обуна харажатларини қуйидаги усулларнинг бири билан ҳисобдан чиқариш мумкин: олдиндан тўловнинг бутун суммаси миқдорида бир вақтнинг ўзида ёхуд бир йил давомида тенг қисмлар билан (бир ойда сумманинг 1/12 қисми).
Шуни қайд этиш лозимки, ҳисобдан чиқариш тартибини корхонанинг ўзи белгилайди ҳамда унинг ишлаб чиқариладиган ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.
Масалан, корхона 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаб, 265 минг сўмга газета учун обуна бўлса, ушбу ҳолда бир йиллик обуна харажатлари бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма (сўм) |
21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
||
Олдиндан тўлов амалга оширилди |
265 000 |
3190 |
5110 |
Обунага харажатларни ҳисобдан чиқариш |
|||
1-усул Бир вақтнинг ўзида ҳисобдан чиқариш |
265 000 |
9420 |
3190 |
2-усул Тенг улушларда ҳисобдан чиқариш (ҳар ойда: 365 000 / 12) |
22 083,33 |
9420 |
3190 |