Norma.uz

Қаерда? Қачон? Кимга?

 

Меҳнатга лаёқатсизлиги сабабли ўз ота-онасига васийликни расмийлаштириш учун биринчи навбатда қаерга мурожаат қилиш керак?

 

– «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига кўра (2.01.2014 йилдаги ЎРҚ-364-сон) васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Сиз ота-онангизнинг яшаш жойидаги васийлик органларига мурожаат қилишингиз керак. Шуни таъкидлаймизки, агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланадиган шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васий ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича мурожаат қилиш керак.

 

* * *

Болалар вафот этган отасининг пенсиясини неча ёшгача олиши мумкин?

 

– Боқувчисини йўқотганлик пенсияси меҳнатга лаёқатсиз болаларга улар 18 ёшга тўлгунга қадар, бундай болалар таълим ташкилотларининг ўқувчилари ёки талабалари бўлса, ўқиш даври мобайнида, лекин 23 ёшга тўлгунга қадар тўланади (9.02.2022 йилдаги «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ­ЎРҚ-752-сон Қонун).

 

* * *

Исмим ва фамилиямни ўзгартирганимга анча бўлди. Пенсияни расмийлаштиришда бу фактни кўрсатишим керакми?

 

– Ҳа, албатта. Сиз исмингиз ва фамилиянгиз ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат – фамилия, исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги маълумотнома, фуқаролик ҳолати далолатномасининг тегишли ёзувидан кўчирма, зарур бўлса – хорижий давлатларнинг ваколатли органлари (мансабдор шахслари) маълумотномасини тақдим этишингиз керак (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 19-б.).

 

* * *

Пенсияга чиққанда қандай иш ҳақи ҳисобга олиниши мумкин?

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомида исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) олинади.

Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади.

Пенсияларни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда, пенсия миқдори пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи таркибига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига қуйидагилар киритилади:

•2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – қонунчиликка мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар;

•2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – қонунчиликка мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар.

Давлат ижтимоий суғуртасига тааллуқли бўлмаган шахсларга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ўхшаш пул таъминотининг барча турлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилади. Ўқиш даврида тўланган стипендия ҳам хоҳишга кўра иш ҳақига тенглаштирилади. Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг (якка тартибдаги тадбиркор ва у томонидан ёлланган ходимнинг, деҳқон хўжалиги ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзосининг) пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори қуйидагича аниқланади:

•2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиқиб;

•2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан келиб чиққан ҳолда (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 32-м.).

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

БОЛА ТУҒИЛГАНДА давлат томонидан тўланадиган БИР МАРТАЛИК НАФАҚА:

•биринчи фарзанд учун – барча аёлларга;

•иккинчи фарзанд учун – бола туғилган пайтгача Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила аъзоси бўлган аёлларга.

Бошқа барча ҳолларда нафақа тўланмайди.

Прочитано: 62 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика