Norma.uz

Оғир шароитларда ишлаганда...

 

Пенсияни расмийлаштиришда, айниқса, оғир шароитларда ишловчиларнинг имтиёзлари ҳақида гап кетганда, қоидаларга риоя этилиши талаб қилинади, улар орасида меҳнат шароитларини аттестациядан ўтказиш биринчи ўринда туради. Бу мавзу бўйича «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириш беради.

 

Қайси иш ўринлари аттестациядан ўтказилиши керак?

 

– Энг аввало, аттестация ходимнинг меҳнат шароитларини баҳолаш ва ишлаб чиқаришдаги ноқулай, зарарли ёки хавфли омилларни аниқлаш учун ўтказилади.

Аттестация камида 5 йилда бир марта ўтказилади. Шунингдек, унинг даврийлигини корхонанинг ўзи ҳам белгилаши мумкин (Низом 8-б., 15.09.2014 йилдаги 263-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Низом).

Аттестация фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида иш берувчи томонидан у жалб қилган аттестация ташкилоти билан биргаликда ўтказилади. Бунда корхона бир нечта аттестация ташкилотларини жалб қилишга ҳақли (Низом 10-б.).

Қуйидаги барча иш ўринлари ва касблар аттестациядан ўтказилиши лозим:

•ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ҳамда бошқа алоҳида меҳнат шароитларига эга бўлган;

•уларда ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган;

•имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган;

•хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги.

Мазкур бандда кўрсатилмаган иш ўринларини аттестациядан корхона раҳбарининг хоҳиши бўйича ўтказилади . Иш ўрнининг меҳнат шароитлари харитаси меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун ахборот манбаи ҳисобланади. Унда иш ўрнида меҳнатнинг амалдаги шароитлари, белгиланган кафолатлар ва преференциялар, шунингдек ушбу иш ўрнида меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш бўйича тавсиялар тўғрисидаги маълумотлар бўлади (Низом 22-б.).

 

Иш ўрнидаги меҳнат шароитлари қандай тоифалар бўйича баҳоланади?

– Меҳнат шароитларининг мувофиқлигини баҳолашда қуйидаги кўрсаткичларга эътибор қаратилади:

•меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлиги;

•иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилиги;

•ходимларнинг ЯТҲВ (якка тартибдаги ҳимоя воситалари) билан таъминланганлиги;

•меҳнат шароитларини комплекс баҳолаш.

Биринчи икки позиция бўйича меҳнат шароитларининг тегишли тоифаси белгиланади. Меҳнат шароитлари ҳолатини комплекс баҳолаш эса тоифаларни баҳолаш натижалари ва ходимларнинг ЯТҲВ билан таъминланганлигини ўз ичига олади (Низом 24, 46-б.).

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, махсус стаж меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестацияси натижалари билан тасдиқланади. Камида иккита аттестация натижаси бўлиши керак.

Агар меҳнат шарт-шароитлари тоифаси талаб этиладиган баҳога мувофиқ бўлмаса, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.

 

Ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринлари қандай баҳоланади?

– Бундай ҳолларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши учун махсус мосламалар мавжудлиги, ишлаб чиқариш хоналари ногиронлар аравачаларидан фойдаланувчи шахслар, кўриш қобилияти хиралашган ва эшитиш қобилияти бузилган шахслар учун тегишли қурилмалар билан жиҳозланганлиги, шунингдек иш мебелининг антропометрик талабларга мувофиқлиги баҳоланади (Низом 58-б.).

 

Иш ўринларини аттестациядан ўтказиш учун ким жавобгар бўлади?

– Аттестацияни ўз вақтида ўтказиш учун жавобгарлик корхона раҳбари зиммасига юкланади.

 

Маълумот учун!

Пенсияни ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ЎН ИККИ БАРАВАРИДАН ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

 

Маълумот учун!

Пенсияни ҳисоблаб чиқаришда бола парвариши бўйича таътилнинг 6 йиллик даври меҳнат стажи сифатида ҲИСОБГА ОЛИНАДИ.

Прочитано: 204 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика