Мавсумий ишчиларга пенсия тайинлаётганда иш ҳақи қандай ҳисобланади?
– Мавсумий меҳнат билан банд бўлган шахсларнинг ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи умумий қоида бўйича белгиланади: эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 7-м.).
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагича аниқланади: ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги исталган кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақининг умумий миқдори 60 га бўлинади (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 31-м. 5-қ.).
Мавсумий ишчилар учун иш стажини ҳисоблашда имтиёз назарда тутилган. Яъни тўлиқ мавсум давомидаги иш 1 йиллик иш сифатида, тўлиқ бўлмаган мавсум давомидаги иш эса – амалдаги давомийлиги бўйича ҳисобга олинади.
Имтиёз Мавсумий ишлар рўйхатига мувофиқ берилади (Низомга 5-илова, 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ).