Онамнинг стажи саккиз йилдан кўп эмас. Унга пенсия ҳисобланадими?
– Сиз 8 йиллик стаж нимадан иборат эканлигини кўрсатмагансиз, чунки қонунчиликда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (9.09.1993 йилдаги 938-XI-сон ЎРҚ) 37-моддаси биринчи қисмининг «а»–«г» ва «к» бандларида назарда тутилган камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда пенсия ҳисобланиши назарда тутилган. Пенсиянинг бу 7 йиллик қисмига болаларни парвариш қилиш даврлари, шунингдек олий таълим муассасаларида кундузги ўқиш даврлари киритилмайди.
Иш стажи қонунчилик талабларига мос келган тақдирда, онангизга унинг мавжуд стажига мутаносиб миқдорда пенсия тайинланади.
Шуни ҳисобга олиш керакки, ёшга доир пенсиялар ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан кам бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, бундай пенсия миқдори расман белгиланган минимал истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас (Қонун 29-м.).
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи бўлмаган тақдирда, аёлларга 60 ёшга тўлганда ёшга доир нафақа тайинланади. Бугунги кунда зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга нафақа миқдори ойига 648 000 сўмни ташкил этади (17.11.2023 йилдаги ПФ-196-сон).