Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2024 йилдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат вa ёрдам кўрсатувчи Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 316-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 27.12.2023 йилдаги ПҚ-410-сон қарорига мувофиқ Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:
• уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
• улар жойлашган ҳудуддаги ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахсларига шартнома асосида мобиль, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Бунда ягона реестрга киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахсларига хизмат кўрсатиш шартномага мувофиқ ижтимоий ва реабилитация хизматлари нархининг 20%и тўланади. Ушбу сумма Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда босқичма-босқич 50%гача оширилиши мумкин.
ССП томонидан ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларни «Ижтимоий маҳсулот» электрон савдо платформасида, бошқа электрон савдо майдончаларида ва кўргазмаларда ҳамда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ижтимоий маҳсулот» товар белгиси остида жаҳон бозорларида сотилиши учун ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.
2024 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ва «Нуроний» жамғармаси томонидан ҳар чоракда ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш жараёнида қатнашиш истагида бўлган волонтёрлар тўғрисидаги маълумот Агентликка тақдим этиб борилади.
Марказларга волонтёр сифатида жалб қилинган шахсларни рағбатлантириш қонунчиликда белгиланган тартибда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларига жойлаштириш ҳамда уларга ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.05.2024 йилдан кучга кирди.