Якка тартибдаги тадбиркор томонидан қандай миқдордаги энг кам ва энг кўп ижтимоий солиқ тўланиши керак?
– Солиқ кодексининг 408-моддасига мувофиқ солиқ, агар ушбу модданинг 2-қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар қуйидаги миқдорларда тўланади:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ойига БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
2) якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан – ойига БҲМнинг 50%и миқдорида;
3) фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи оила аъзолари томонидан:
• якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси томонидан – ойига БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
• оиланинг бошқа аъзолари томонидан (бундан 18 ёшга тўлмаганлар мустасно) – ойига БҲМнинг 50%и миқдорида.
Меҳнат стажи ҳисобланиши учун ўзини ўзи банд қилган шахслар, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек ишламайдиган эри (хотини) учун солиқ тўловини амалга оширувчи ишлаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ихтиёрий тартибда, қуйидаги солиқ тўловчилар томонидан эса мажбурий тартибда тўланади:
• «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзоси бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари;
• «Уста-шогирд» мактаблари ўқувчилари – улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврда;
• деҳқон хўжаликлари, шунингдек майдони 4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парваришлаётган жисмоний шахслар. Бунда деҳқон хўжалиги раҳбари солиқни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди.
Маълумот учун!
Иш СТАЖИГА бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 6 йил ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНАДИ.