Бувам ойнинг ўртасида, пенсиясини ололмай вафот этди.
Мазкур ҳолатда пенсия тўланадими?
– Пенсионер вафот этган ойда олинмай қолган пенсия суммаси оила аъзоларига ушбу ой учун тўлиқ миқдорда тўланади.
Оиланинг бир нечта аъзолари мурожаат қилганда тўланиши лозим бўлган сумма улар ўртасида тенг баравар бўлинади.
Пенсионер вафот этганлиги муносабати билан унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини уюштирган шахсга ПҲБМнинг 4 баравари миқдорида дафн этиш учун нафақа тўланади.
Кўрсатиб ўтилган пуллар, уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади (Қонуннинг 63-м.).
* * *
Пенсионер вафот этганидан кейин унинг банк картасига пенсия пуллари тушди.
Уларни қайтариш керак бўладими?
– Пенсионер вафот этган ойда унинг банк пластик картасига кирим қилинган маблағлар Пенсия жамғармасига қайтарилмайди.
Пенсионернинг банк пластик карточкасига маблағлар пенсионер вафот этган ойдан кейинги ойларда кирим қилинган ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлимлари маблағларни Пенсия жамғармаси ҳисобварағига вафот этган пенсионернинг ҳисобварағидаги қолдиқ маблағлар ҳисобидан қайтариш тўғрисида тегишли тижорат банклари филиалларига расмий хат юбориш орқали қайтариш чораларини кўради (592-сон Низомнинг 146-м.).