Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 1 / Биз яшайдиган уй

Барчаси ертўла хусусида

 

Кўп квартирали уйнинг ертўласини фойдаланишга топширмоқчимиз. Буни қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирса бўлади?

 

– Ертўлани фойдаланишга бериш масаласи Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (15.10.2021 йилдаги ­648-сон ВМҚга 1-илова) 2-бобида назарда тутилган. Бу иш жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади.

 

Ижарага олувчи учун ҳужжатлар

Ертўлани фойдаланишга олиш учун жисмоний ва юридик шахслар ККУ бошқарув органига ёзма тарзда мурожаат қиладилар. Ёзма мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

• юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома (жисмоний шахс бўлса унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат) нусхаси;

• амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури, ертўладан фойдаланиш мақсади, ертўладан талаб этилаётган майдон ўлчами тўғрисида тўлиқ маълумот.

Ижарага олувчи ертўлани таъмирлаш ёки қайта режалаштиришга зарурат сезган тақдирда, у бу ҳақда бошқарув органини хабардор қилади.

 

Қарор қабул қилишга тайёргарлик

Ертўлани ижарага олиш тўғрисида ёзма мурожаатни қабул қилган ККУ бошқариш органи 3 кундан кечиктирмасдан ушбу масалани муҳокама қилиш учун умумий йиғилишни чақириш тўғрисида ҳар бир мулкдорни хабардор қилади. Шу мақсадда эълонлар ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйилади ёки мулкдорларга имзо қўйдириб топширилади. Ёхуд умумий йиғилиш ўтказилиш кунидан камида 10 кун олдин умумий йиғилишда сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун умумий йиғилиш қарорининг лойиҳаси ҳар бир мулкдорга юбориш орқали хабардор қилади.

Умумий йиғилишнинг қарори лойиҳасида йиғилиш ташаббускори тўғрисидаги маълумотлар, қарор юборилиши лозим бўлган жой ва манзил, овоз бериш учун назарда тутилган, 5 кундан кам бўлиши мумкин бўлмаган муддат, шунингдек, бошқа зарур ахборот кўрсатилади.

 

Қарорни қабул қилиш

ККУнинг ертўла қисмини фойдаланишга бериш юзасидан умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб умумий йиғилишда ҳозир бўлган жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Умумий йиғилиш қарори сўровнома ўтказиш орқали қабул қилинганда мулкдорларнинг қарор лойиҳасининг аслига қўйилган имзолар сони қайси қарор лойиҳаси масаласи бўйича тегишли овозлар (ёқлаб, қарши ёки бетараф) сони кўп тўпланган бўлса, ўша масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади. Мулкдор ёки унинг вакили қарор лойиҳасининг асл нусхасига имзо чекадилар.

Кворум мавжуд бўлмаганда ёки умумий йиғилиш қарорини қабул қилиш учун овозлар сони етарли бўлмаган тақдирда, ККУнинг ертўла қисмини фойдаланишга бериш масаласи рад этилади.

 

Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланишга қандай талаблар қўйилади?

– Талабларнинг асосий қисми Низомнинг 3-бобида келтирилган, яъни:

• кириш жойлари алоҳида бўлган ва баландлиги 2,2 метр ва ундан юқори бўлган ертўлани фойдаланишга беришга рухсат этилади;

• ертўладан фойдаланиш истиқомат қилувчиларнинг яшаш ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан қулай ҳамда хавфсиз фойдаланишига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак;

• ертўлани таъмирлаш ва сақлаш учун харажатлар ҳамда ижара ҳақи ККУни бошқариш органи билан ертўладан фойдаланувчи ўртасида умумий йиғилиш қарори асосида тузилган шартномага кўра белгиланади;

• ертўлани сақлаш унинг техник ва санитария ҳолатини сақлаб туриш, унга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ҳамда ертўлани асрашга ва ундан фойдаланиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган бошқа фаолиятни ўз ичига олади;

• ертўладан фойдаланиш бўйича шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ертўладан фойдаланувчи фойдаланиб турган жойнинг тегишли таъмирлаш харажатларини ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт;

• фойдаланишдаги жойнинг қулайлигини ошириш мақсадида таъмирлаш ва қайта режалаштириш ишларини бинонинг ва муҳандислик коммуникацияларининг конструктив схемаси бузилишига ҳамда бинонинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилиги пасайишига йўл қўймасдан амалга ошириши керак;

• қайта режалаштириш ишлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли орган томонидан бериладиган объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома асосида амалга оширилади;

• ертўлани ўзбошимчалик билан ўзгартирган, қайта режалаштирган ёки реконструкция қилган, муҳандислик-коммуникация тизимлари жойлашувини ўзгартирган ёхуд қўшимча равишда санитария-техник қурилмалари ва бошқа қурилмаларни ўрнатган ертўладан фойдаланувчи УКХ вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясининг мажбурий кўрсатмасига биноан уни ўз ҳолатига қайтариши шарт. Етказилган зарар суднинг қарорига кўра қопланади.

 

ККУнинг ертўла жойларида қандай фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланган?

– Низомнинг 11-бандида ККУнинг ертўласида шуғулланишга йўл қўйилмайдиган қуйидаги фаолият турлари келтирилган:

• уйни қуришда ўтириладиган жойлари сони лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган, шунингдек, соат 23.00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, кафетерийлар, барлар;

• кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотларини, шунингдек, газ баллон, кимё воситалари, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар ҳамда портлаб ёниш хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган бошқа моддалар ва материаллар бор бўлган маҳсулотларни сотувчи дўконлар;

• ўз ишлаб чиқаришида тез ёнувчи моддаларни қўлловчи кимёвий тозалаш хоналари;

• 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахоналари;

• ҳаммомлар ва сауналар;

• алоқа тармоқ станциялари, шаҳарлараро алоқанинг кеча-кундуз фойдаланиладиган сўзлашув пунктлари ва телеграф;

• жамоат ҳожатхоналари;

• маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари;

• саноат корхоналари фаолиятининг барча турлари;

• уй ҳайвонлари ва паррандалари боқишга ёки кўпайтиришга мўлжалланган жойлар;

• жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситалари учун гаражлар (махсус лойиҳа асосида қурилган гаражлар бундан мустасно);

• яшаш жойлари, кинотеатр, ётоқхона ва меҳмонхоналар ташкил этиш.

 

Ертўладан фойдаланувчининг мажбуриятлари нималардан иборат?

– Ертўладан фойдаланувчи қуйидагиларга мажбурдир:

• фойдаланиш жойини, ертўладан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ККУга туташ ер участкаси, умумий фойдаланиладиган жойларнинг, шунингдек, умумий мол-мулкнинг лозим даражадаги техник ва санитария ҳолатини сақлашга, уларга оид харажатларни қоплашда иштирок этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тўлашга;

• муҳандислик коммуникацияларига (электр тармоқлари, ичимлик сув, оқава сув, иссиқлик ҳамда газ таъминоти қувурлари, жиҳозлари ва бошқаларга) эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга;

• ичимлик сув ва электр энергиясидан фойдаланганда ҳисоблагичларни ўрнатишга;

• ертўланинг муҳандислик коммуникацияларида носозликлар аниқланган тақдирда, дарҳол аварияларни бартараф этишнинг мумкин бўлган чора-тадбирларини кўришга ҳамда зарур ҳолларда тегишли авария-диспетчерлик хизматига хабар беришга;

• авария ҳолатлари юз берганда кеча-кундузнинг исталган соатида фойдаланиб турган жойига аварияларни бартараф этиш учун тегишли авария-диспетчерлик хизмати ходимларининг киришини таъминлашга (Низомнинг 23-б.).

 

Ертўладан фойдаланувчи билан шартнома тузиш муддатлари қандай?

– Ертўлани фойдаланишга бериш юзасидан қабул қилинган умумий йиғилиш қарори қабул қилинган кундан бошлаб кўп квартирали уйни бошқариш органи 5 иш кунидан кечиктирмасдан умумий йиғилишда қабул қилинган қарорга мувофиқ ертўладан фойдаланувчи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага ёки текин фойдаланишга бериш тўғрисидаги шартномани тузиш чорасини кўради (Низомнинг 9-б.).

 

ККУда ертўладан фойдаланиш учун ижара ҳақининг миқдори қандай ва уни қайси мақсадларда сарфлаш мумкин?

– Ертўладан фойдаланувчи учун тўланадиган ижара тўловларининг энг кам миқдорлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Ертўладан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара тўловлари улушли мулк иштирокчиларининг улушларига мутаносиб равишда ушбу ККУнинг умумий мол-мулкини сақлашга йўналтирилади (Низомнинг 8-б.). 

 

Ертўладан фойдаланишда ижарага олувчиларга қандай ҳаракатлар тақиқланади?

Ертўладан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

• ККУнинг ён-атрофидаги йўлакларда, фасад қисмларида, умумий фойдаланиш ҳудудларида ҳар хил кўрсаткичлар, пешлавҳалар, флагштоклар, меъморчилик деталлари, рекламалар, палаткалар, турли ёзувлар, афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонлар ва бошқаларни кўп квартирали уйни бошқариш органининг ёзма розилигисиз ўрнатиш;

• ертўладан фойдаланиш натижасида маиший ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўкиш, ташлаш ва ёқиш;

• фавқулодда вазиятларда ертўладаги ўтиладиган жойлар, умумий йўлаклар, қўшимча ўтиш ва чиқиш жойларини турли буюмлар ва асбоб-ускуналар билан тирбанд қилиш;

• ертўла эвакуация йўллари, зинапоялар ва йўлакларда ёнувчи газ билан тўлдирилган баллонларни, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларни, аэрозоль идишдаги товарларни ҳамда бошқа портлаш ва ёниш хавфи бор модда ва материалларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, хўжалик хоналарини ташкил этиш;

• ертўлада бинонинг конструктив қисмларига зарар етказувчи ишларни амалга ошириш;

• кўп квартирали уйнинг лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилмаган ҳолларда ертўлада транспорт воситаларининг исталган турини сақлаш, уларни тузатиш ва ювиш;

• ертўлада ўзбошимчалик билан иситиш қозонлари, радиаторларни ўрнатиш ёки уларнинг иситиш майдонини кенгайтириш, қувурларга кранлар ўрнатиш, элеватор узелларини созлаш, иссиқ сув, канализация қувурлари ва бошқа тармоқлар схемаларини ўзгартириш, умумий фойдаланишга мўлжалланган жойларни эгаллаб олиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тизимларига бориш имкониятини чеклаб қўйиш;

• соат 23.00 дан бошлаб соат 8.00 гача товуш даражаси 45дБА дан ортиқ бўлган телевизорлар, радиоприёмниклар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан, шунингдек, яшовчиларнинг тинчлигини бузувчи бошқа қурилмалардан фойдаланиш;

• фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига, мол-мулкига ёки атроф муҳитга хавф туғдирадиган ертўланинг ёки уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилияти ҳамда зилзилага бардошлилигини бузувчи, шовқин ва тебраниш ҳосил қилувчи ҳамда ҳавони ифлос қилувчи ишларни амалга ошириш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш (Низомнинг 20-б.).

Ертўланинг кириш жойлари аҳоли уйларига кириш эшигидан алоҳида бўлиши, эвакуация йўллари ёнувчан қурилиш материаллари билан пардозланмаслиги, автоматик ёнғиндан дарак бериш ва эвакуацияни бошқариш тизимлари билан жиҳозланиши, тутун тортиш тизимлари назарда тутилиши ҳамда ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан таъминланган бўлиши шарт. Айрим ҳолларда давлат ёнғин назорати органининг тавсиясига мувофиқ автоматик ёнғин ўчириш қурилмалари билан таъминланади (Низомнинг 21-б.).

Ертўлада ҳаво ва тутун тортиш вентиляция тизими бўлиши шарт. Бундай вентиляция тизими мавжуд бўлмаган ертўланинг ташқи деворлари ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳаво ва тутун тортиш туйнуклари билан жиҳозланиши зарур (Низомнинг 22-б.).

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 277 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика