Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 1 / Биз яшайдиган уй

Чиқинди йўлаккача чиқди! Нима қилиш керак?

 

Кўп қаватли уйлар (хусусий уйларда ҳам шундай) эшиги олдидаги чиқиндилар солинган пакетлар бугунги кунда ҳақиқий эпидемияга айланди. Қўшнининг эшиги тагига ҳазиллашиб бир пакет қўйилса бўлди – дарҳол унинг ёнида яна битта пакет пайдо бўлади. Баъзида чиқинди йўлакда бир неча кун қолиб кетади, ундан бадбўй ҳид таралади, пакет остида шилимшиқ кўлмак вужудга келади. Ана шу антисанитария ҳолати пашша, сувараклар ва каламушлар тарқалишига замин яратади. Одамлар шикоят қилишади: на танбеҳ таъсир қилади, на тушунтириш ишлари. Лоқайд қўшнилар буни жиддий эътиборга олмайдилар (ёки ўзларини тушунмаганга солишади). «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида квартиралар оралиғидаги иҳоталанган пиллапоялар ва зинапоялар мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланиши белгиланган. Ноинсоф яшовчилар бу жойларни маиший ахлатхоналарга айлантирса, демак қўшниларнинг ҳуқуқини бузаётган, санитария норма ва қоидаларига амал қилмаган, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган бўлишади, зеро, бунинг учун жавобгарлик кўзда тутилгандир.  

 

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларининг (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚга 1-илова) 42-бандида ККУнинг умумий фойдаланишдаги жойларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш жойлари ташкил этилишига йўл қўймаслик белгиланган. Маиший чиқиндилар қўшнининг эшиги ортидаги зинапоянинг панжараси ортига пакетларда эмас, балки бунинг учун махсус ажратилган жойларга, контейнерларга жойлаштирилиши керак. Биз у ахлатхонага етказилмагунга қадар унинг учун жавобгар бўламиз. Йўлка умумий ҳудуднинг ахлатхонасига айланиши керак эмас, у озода сақланиши лозим. Бу ҳудудни ахлатхонага айлантираётганлар санитария қонун ҳужжатлари, санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиена нормативларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан 3 бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини билишлари даркор (МЖТК 53-м.). Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаганлик, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкканлик учун ҳам худди шундай жазо чоралари МЖТКнинг 91-1-моддасида назарда тутилган.

Танбеҳлар ёрдам бермагач, уйда яшовчилар бундай қўшнилардан зимдан ўч олишга ўтадилар – ўзларича уларни ўз ишларидан пушаймон қилмоқчи бўлишади. Масалан, ахлат-чиқиндиларни қўшниларнинг эшиги тагига тўкиб, буни мушукларга тўнкаб қўя қолишади. Ёки пакетни тагидан йиртиб қўйишади. Уни олиб чиқиш учун кўтарганда ичидаги чиқиндилар бутунлай оёқ остига тўкилади – ана энди уни йиғиштириб олинг. Ёхуд пакетларни эшик тутқичига осиб кетишади – эътиборсиз қўшнига яна эшикларни ювиш иши топилади. Ҳатто эшик қўнғироғини чалиб, пакетларни квартира ичига ҳам ирғитишади – қўшни би…ир қийналиб тозалаб олиши учун.

Бу можарога нуқта эса сира қўйилмайди. «Пистирмали уруш» эса яхшиликка олиб бормайди, фақат муносабатлар таранглашгани қолади, холос. Яхшиси, қўшниларга вазиятни ётиғи билан тушунтириш, улар қонунчиликни бузаётганларини, бошқаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тажовуз қилаётганларини айтиш керак. Барчани тинч-тотув яшашга, йўлакда озодаликка чақириш лозим. Ҳар ҳолда тинчлик билан ҳал қилинган масала натижа беради.

Бу йўл ёрдам бермаган тақдирда, ККУ (УМШ, БК) бошқарув органига ёрдам сўраб мурожаат қилиш керак. Бундан ҳам ҳеч бир натижа чиқмаса, фото ёки видеоматериалларни илова қилган ҳолда участка милицияси ёки санитария назорати органларига ариза ёзиш керак. Аризани бир неча қўшнилар имзолайди. Уй-жой фонди инспекциясига ҳам мурожаат қилса бўлади. Инспекция ККУни санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш бўйича талабларга ва улардан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Унга, шу жумладан жойларнинг мулкдорларига тегишли хизматлар кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш ваколатлари берилган (Қонуннинг 12-м.).

Прочитано: 49 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика