Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 1 / Биз яшайдиган уй

Касби – шикоятбозлик

 

Ҳатто муваффақиятли ишлаб турган УМШ ёки БКда ҳам атрофдаги муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бир-иккитаси топилади. Улар, одатда, ҳамма нарсадан норози бўлишади, УМШ, БК раҳбарияти устидан шикоятларни ёғдиришади, бу раҳбарлар ўғирлик билан шуғулланиши, бошқа ҳеч вақо иш қилмаётганлари, бадалларни нуқул ошираверишлари ҳақида хатлар ёзишади. Атрофда ҳаммаёқ ёмонлашиб кетгани, раисни ҳайдаш, бошқарувчини қамаш кераклиги хусусида айюҳаннос солишади. Ваҳоланки, уларнинг бу хатлари ҳеч нарса билан қувватланган бўлмайди. Гап бу ерда киши ҳақиқатан ҳам вазиятни яхшиламоқчи бўлган ва одамлар эътиборини содир бўлаётган қоидабузарликка қаратаётган фуқаролик позицияси ҳақида кетаётгани йўқ. Шикоятчилар уйда яшовчиларни ҳам тинч қўйишмайди. Участка милициясини чақиртириб, аллақандай шовқинлар, дрелнинг товуши, квартирадаги қандайдир шарпалар, болалар йиғиси ҳақида овоза қилишади, қўшнилар уйи ўғрихонага айлангани, уззукун қандайдир устахона ишлаётгани ва ҳоказоларни ўйлаб топишади. Биринчи ҳолатда булар – одатда мажбурий бадалларни тўламайдиганлар бўлиб чиқишади, улар йиллар давомида бадалларни тўлашни исташмайди-да, УМШ «қайиғини чайқатаверишади», бу ёлғон-уйдирмалар соясида қарздорликни ёпишдан бўйин товлашади. Раис ўзгарган тақдирда, уларнинг қарзлари ҳисобдан ўчириб юборилади, деб ўйлашади. Иккинчи ҳолатда эса – бу жанжалкаш ва руҳий ҳолати мувозанатлашмаган одамлар бўлиб, улар ўзларини доим тўғриман, деб фикрлашади. 

 

Тиббиёт шикоятчилар билан боғлиқ масалани анчайин чуқур тадқиқ қилади. Мутахассисларнинг фикрича, одамлар орасида шундай қозибозликни яхши кўрадиган тоифадагилар бўладики, улар ўзларининг тахмин қилинган ва шишириб юборилган бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судма-суд судралишади, ҳар қандай инстанцияларни шикоят ва мурожаатларга тўлдириб юборишади. Улар даъволар бўйича ҳар қандай қарорлар устидан ёки мурожаатларга жавоблар устидан низолашаверадилар. Рад этиш ва муваффақиятсизлик уларнинг ҳуқуқи бузилганлигини «яна бир бор исботлагандек» бўлади, шунинг учун улар ишларга нисбатан протестлар, шикоятлар билдиришади, судларни ноқонуний ҳаракатларда айблашади. Қозибоз тоифадагилар кўпинча ўзининг ва бошқаларнинг ҳақлигини тўғри тушуниш қобилиятини йўқотадилар. Баъзида шикоятчи шахсий манфаатларини ортиқча баҳолаб юборади. Уларнинг руҳиятида ҳуқуқ ва манфаатлари «поймол бўлган»лиги билан боғлиқ тасаввурлар марказий ўринга чиқа бошлайди. Мазкур тасаввурлар етакчи ўринга чиқиб олади ва бу ғоялар унинг ўй-фикрини банд этади. «Поймол бўлган ҳуқуқ» ҳақидаги тасаввур янада кучайиб кетган паллаларда васвасали ғояларга кенг йўл очилади. Ана шунда киши бутун умрини ҳаммани суд қилишга бағишлаб юборади. Улар судларга худди ишга боргандек қатнашади. Ўзларининг сунъий шиширилган ғам-ундуғларининг айбдорларини топишса, бағоят хурсанд бўладилар. Бундай хатти-ҳаракатлар кверулянтлик (лотинчасига querulus – шикоят қилувчи сўзидан олинган) деб аталувчи касаллик деб малакаланади. Лекин сабабли ва сабабсиз даъво аризалари билан мурожаат қилиш соғлом одамларда ҳам учрайди. Яъни бу махсус хулқ-атвор доим ҳам касаллик белгиси бўлавермайди. Лекин бу ҳолат ўз чегарасидан чиққудек бўлса, уни даволаш керак деб ҳисоблашади мутахассислар. Масалан, муайян ҳолат ташхис қўйилиб, тасдиқланган бўлса, демак, ҳаммаси тушунарли – бунда шикоят кўриб чиқилмайди. Ташхис мавжуд бўлмаса, у ҳолда нима ҳам қилардингиз, қозибозни куч ишлатиб психиатр ҳузурига олиб бормайсиз-ку. Шунинг учун шахснинг эҳтиросга берилиш аломатлари сезилганда шикоятни кўриб чиқишга тўғри келади.

 

Даъвонинг давоси борми?

Шундай қилиб, ҳеч бир адолатни ўрнатмайдиган, қилган иши фақат одамлар тинчини бузиш ҳисобланган шикоятбозлардан қутулишнинг йўли борми? Дастлаб вазиятни гувоҳлар иштирокида тинчлик йўли билан тартибга солишга уриниб кўриш керак. Шикоятчи билан бўладиган барча мулоқот-муомалаларни телефон, видео, диктофонга ёзиб олган маъқул. Бу, иш мободо судгача етадиган бўлса, далил сифатида асқатиши мумкин. Агар уйда яшовчилар ҳали мавжуд бўлмаган шовқиндан озорланиб, қўшнилари устидан шикоятларни ёғдириб ташлашган бўлса, бу борада улар билан низолашиш ва ахборотни қайд этиб қўйиш керак. Участка милициясига мурожаат қилиб, шикоятчиларга туҳмат учун, ёлғон чақириқлар, нотўғри кўрсатмалар берганлик учун жавобгарликлар тўғрисида огоҳлантириб қўйишини айтиш керак. Кўпчилик бундай одамлар билан ўзларига ўхшаб курашиш, «сопини ўзидан чиқариш» керак дейишади. Чунки ҳаракатсизлик худди жазоламай қўйиш каби янада баттар қўшниларга ҳужумни кучайтириши мумкин.

Қарама-қарши шикоят ёзиш ёки туҳматда айблаб, судга даъво аризасини киритса бўлади. Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 40-м.). Жиноят кодексининг 139-моддасида худди шу ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш назарда тутилган.

Шикоятчиларни яна шундан хабардор қилиб қўйиш керакки, махсус хизматларни алдаб чақирганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ички ишлар органи, ёнғинга қарши хизмат, тиббий тез ёрдам ва бошқа махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 199-м.).

Прочитано: 227 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика