Ташкилот ходимни конференцияда иштирок этиш учун хорижий хизмат сафарига жўнатди. Конференция мавзуси ташкилот фаолияти соҳасига тўғри келади. Шу мақсадда ташкилот туристик фирма билан шартнома тузди. Шартнома шартларига биноан сафарни туристик фирма ташкил этиши белгиланган. У парвоз, турар жой ижараси, суғурта бўйича харажатларни амалга оширади, ташкилот эса ушбу харажатларни қоплайди. Туроператор билан шартномада харажатлар моддалар бўйича ажратилмаган, яъни парвоз ёки яшаш учун аниқ суммаларни аниқлашнинг имкони йўқ. Ташкилот солиқ солиш мақсадлари учун кўрсатилган харажатларни хизмат сафарига харажатлар таркибига киритиши мумкинми?
– Хизмат сафари – бу штатдаги ишчини ташкилот раҳбарини фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши (Йўриқнома 1-б, АВ рўйхат рақами 1268, 29.08.2003 й.).
Хизмат сафарига харажатларни фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатларга киритиш учун улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бўлиши керак. Айнан:
● даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлса. Масалан, хизмат сафари музокаралар ёки етказиб берувчилар билан контракт тузиш мақсадида қилинган;
● тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва ушбу фаолият билан алоқаси аниқ асосланган бўлса. Мисол учун, хизмат сафари – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни тақдимот қилиш, тармоқ кўргазмасида иштирок этиш учун ва ҳ.к. (СК 305-м.).
Хизмат сафари харажатлари ҳужжат билан тасдиқланган бўлиши керак. Бунинг учун ташкилот раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва хизмат сафари режа-топшириғи тасдиқланади (Низом 33-б., АВ рўйхат рақами 2730, 19.11.2015 й.). Боргандан кейин хизмат сафарига юборилган ходим бўнак ҳисоботини ва вакиллик харажатлари бўйича алоҳида ҳисобот тузади. Хизмат сафари харажатлари меъёрлари (шу жумладан – 2730-сон Низомга 1-иловада белгиланган) энг юқори меъёрдан ошиғи тасдиқланган ва локал ҳужжаларга (масалан, жамоа шартномасига) киритилган бўлиши керак.
Ходимни хорижга хизмат сафарига юборишда қуйидаги харажатлар хизмат сафари харажатлари деб эътироф этилади ва қоплаб берилади:
● суткалик харажатлар;
● яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар;
● транспорт харажатлари;
● вакиллик харажатлари;
● кўзда тутилмаган харажатлар;
● 2730-сон Низомга мувофиқ қопланиши лозим бўлган хизмат сафарининг бошқа харажатлари.
Агар ташкилот ўз ходимини хорижий хизмат сафарига жўнатган ҳолда ушбу мақсадлар учун туристик йўлланма харид қилса, тақдим этилган ҳужжатларда алоҳида хизматлар батафсил санаб ўтилиши керак. Айнан: трансферт, яшаш қиймати, суғурта харажатлари (бориладиган мамлакатга кириш учун мажбурий бўлган). Бу ҳолда хизмат сафари харажатларига киритиладиган амалга оширилган харажатларни ташкилотнинг чегириладиган харажатларига киритиш мумкин.
Ташкилот туроператордан харажатлар ёйилмасини сўраб олиши мумкин. У бўлмаганда туристик йўлланма ходим учун моддий наф тарзидаги даромад бўлади, корхона учун эса туристик йўлланма учун харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатлар бўлади (СК 317-м. 3-б.).
Агар туроператор ёйилмани берган бўлса
Трансферт ҳақиқий харажатлар бўйича улар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан тўланади (Низомнинг 18-б.). Агар туристик йўлланмага ёйилмада авиачипта (т/й чиптаси) қиймати кўрсатилган бўлса, хорижий давлат ҳудудида аэропорт (вокзал, пристань), агар улар аҳоли пунктидан ташқарида ёки бошқа аҳоли пунктида жойлашган бўлса, яшаш жойигача бориш ва орқага қайтиш бўйича йўл харажатлари – уларни ташкилотнинг харажатларига киритиш мумкин. Хизмат сафари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, бундай харажатларни фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Яшаш учун харажатларнинг энг юқори меъёрлари 2730-сон Низомга 1-иловада белгиланган. Локал ҳужжатлар билан энг юқори меъёрларга қўшимча тўловлар белгиланиши мумкин, агар корхонада мажбуриятлардан озод бўлган ўзининг валюта маблағлари мавжуд бўлса. Яшаш учун харажатларни корхонада тасдиқланган меъёрлар доирасида чегириладиган харажатларга киритиш мумкин. Корхонада белгиланган меъёрлардан ошадиган сумма чегирилмайдиган харажатларга киради ва ходим учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (СК 305, 317-м. 3-б.; Низом 30-б.).
Туроператор томонидан ҳужжат билан тасдиқланган суғурта харажатларини тўлиқ ҳажмда корхонанинг чегириладиган харажатларига киритиш мумкин (СК 305-м., Низом 29-б.).
Агар туристик йўлланма таркибига овқатланиш кирса?
Хизмат сафарида бўлишнинг ҳар бир куни учун, жумладан бориш ва қайтиш кунлари учун хизмат сафарига юборилган ходим учун суткалик тўланади. Суткаликнинг энг юқори миқдорлари 2730-сон Низомга 1-иловада белгиланган. Бунда корхона мажбуриятлардан озод бўлган ўзининг валюта маблағлари мавжуд бўлса, суткаликни катта миқдорда белгилашга ҳақли. Овқатланиш ва бошқа шахсий хизматлар (мини-бар, кабель телевидениеси, кийимларни ювдириш ва дазмоллатиш ва бошқалар) учун харажатлар суммаси, шу жумладан яшаш учун тўлов счётларига киритилган харажатлар хизмат сафарига юборилган шахс томонидан суткалик харажатлар ҳисобидан тўланади (Низом 16-б.).
Одатда туристик йўлланма, камида, меҳмонхонада нонушта, айрим ҳолларда эса – комплекс овқатланишни ўз ичига олади. Агар ушбу харажатларни ажратиш мумкин бўлса, уларни суткалик харажатлар таркибига киритинг.
Туристик йўлланманинг қолган қийматини, трансфер, яшаш, суғурта харажатлари ва овқатланиш (суткалик харажатлар таркибида) хизмат сафарига юборилган ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди (СК 305-м., 317-м. 3-б.).
Виктория БЕЗГИНА,
«Norma» МЧЖ эксперти.