Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 28 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Давлат объектлари «ноль» қийматда сотилмайди

 

Президентнинг 8.07.2021 йилдаги 6258-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек баъзилари ўз кучини йўқотди.

 

Ҳужжат билан давлат объектларини «ноль» харид қийматида сотиш ва инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида «1 сўм» бошланғич қийматда очиқ савдоларга чиқариш амалиёти бекор қилинди (Президентнинг 27.10.2020 йилдаги ПФ-6096-сон Фармони 12-б. 2-хатбошиси).

Қуйидагиларнинг муддати жорий йилнинг 1 декабрига қадар узайтирилди:

● бозор ва савдо комплексларини бошқариш ва босқичма-босқич хусусийлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

● хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ҳамда хусусийлаштириш тўғрисидаги янгиланган низомларни уларни унификация қилган ҳолда тасдиқлаш.

Давлат активларини реализация қилишдан олинган маблағларни тақсимлаш тартиби ўзгартирилди. Бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари қуйидаги нисбатда тақсимланади:

● 87%и (илгари – 73%) –республика бюджетига;

● 10%и (илгари – 24%) – Жамғармага;

● 3%и – маблағларни мақсадли равишда тадбиркорлик ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтирган ҳолда Савдо-саноат палатасига (Низом 6-б., 15.05.2019 й. 404-сон ВМҚга 2-илова).

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағларнинг 87%и тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига тенг улушларда йўналтирилади (Низом 7-банди).

Белгиланишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ туризм соҳасидаги давлат активларини сотишдан тушган маблағларнинг 50%и Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади (Президентнинг 19.06.2020 йилдаги ПҚ-4755-сон қарорининг 5-б. «в» кичик б.).

Туристик зоналар ҳудудида жойлашган ва давлатга тегишли бўлган мулкий комплекслар ҳамда ер участкаларини сотишдан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

● 75%и – тегишли туристик зоналар дирекциялари ҳисобига;

● 25%и – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига (ПҚ-4755-сон қарор 5-б. «г» кичик б.). 

Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган. 

Ушбу Фармон 11.02.2021 йилдаги ПФ-6167-сон Фармонида белгиланган активларни хусусийлаштиришдан тушган маблағларни тақсимлашга татбиқ этилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.07.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира СИРАЗИЕВА.

Прочитано: 679 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика