Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 28 / Қарор ва ижро

«Ўхшаши йўқ»қа имтиёз бор

 

Сўнгги бир ой давомида янги технологик асбоб-ускуналар учун 3,3 трлн сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди

 

Мамлакатимиз саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва инвестициялар ҳажмини ошириш, шунингдек импорт қилинаётган технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзларини беришга эътибор бериб келинмоқда.  

 

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (4.06.2021 йилдаги 352-сон) саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда импорт қилинаётган технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзлари бериш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди. Рўйхат тасдиқлангунга қадар Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 2020 йил 27 октябрдаги 58-сонли баёни асосида имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатидаги (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) технологик ускуналарга татбиқ этиб келинган эди.

Янги қарорда қуйидаги товарларга ҳам имтиёзлар назарда тутилмоқда:

● виночилик, мева шарбатларини тайёрлаш учун ускуналар (ТИФ ТН позицияси 8435);

● балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик ҳамда қишлоқ хўжалиги учун ускуналар (ТИФ ТН позицияси 8436);

● металл қуйиш учун қолиплар (ТИФ ТН позицияси 8480);

● ҳисоблаш машиналари қурилмалари (ТИФ ТН позицияси 8517);

● йўловчи ва юк ташиш учун самолётлар (ТИФ ТН позицияси 8802).

Шунингдек, янгидан тасдиқланган технологик асбоб-ускуналар рўйхатидан қуйидаги товарлар чиқариб ташланди:

● нефть ва газ учун қувурлар (ТИФ ТН позицияси 7304);

● чўян қуйишдаги марказий иситиш қозонлари (ТИФ ТН позицияси 8403);

● саноат кондиционерлари (ТИФ ТН позицияси 8415);

● бульдозерлар, грейдерлар, экскаваторлар (ТИФ ТН позицияси 8429);

● 30 киши ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган автобуслар (ТИФ ТН позицияси 8702).

Мазкур қарор қабул қилингандан бошлаб бугунги кунга қадар 1 141 хўжалик субъекти томонидан импорт қилинган 588 млн АҚШ долларлик технологик ускуналарга 3,3 трлн сўм божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилди.

 

Баҳодиржон БОБОҚУЛОВ,

ДБҚ Божхона тўловлари бошқармаси катта инспектори.

Прочитано: 680 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика