Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 28 / Жавоб берамиз

Зарар кўриб ишлаётган МЧЖ устав фонди камайтирилганда

 

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида иккинчи ва кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан сўнг жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам бўлган тақдирда, жамият устав капиталини камайтириши шартлиги қайд этилган.

Ушбу талаб бажарилмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида Молия вазирлиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаменти директори ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ сўзлаб берди:

 

Соф активлар деганда корхонанинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади (14-сон БҲМС 10-б., АВ рўйхат рақами 1335, 7.04.2004 й.). 

 

Соф активлар = Узоқ муддатли ва жорий активлар – Узоқ муддатли ва жорий мажбуриятлар = Баланснинг 400-сатри –
Баланснинг 770-сатри = Баланснинг 480-сатри = Хусусий капитал.

 

Корхонада қопланмаган зарар мавжуд бўлганда, соф активлар МЧЖ устав капиталидан кам бўлиши мумкин.

Иккинчи ва кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан сўнг жамият соф активларининг қиймати УФдан кам бўлса, жамият УФни соф активлар қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтириш тўғрисида хабар бериши ва бундай камайтиришни рўйхатдан ўтказиши лозим («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонун 19-м. 4-қ).

 

УФ камайтирилмаган тақдирда

1. Жамият ўз устав фондини камайтириш ёки ўзининг тугатилиши тўғрисида 3 ойлик муддатда қарор қабул қилмаса, кредиторлар жамият мажбуриятларини муддатидан илгари тугатишини ёки ижро этишини ва ўзлари кўрган зарарнинг ўрнини қоплашини талаб қилишга ҳақлидир. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бундай ҳолларда жамиятни тугатиш тўғрисида судга талабнома тақдим этишга ҳақлидир (Қонун 19-м. 8-қ.).

2. Чиқиб кетаётган муассис билан ҳисоблашишда улушнинг ҳақиқий қиймати унинг номинал қийматидан кам бўлиб қолади.

Улушнинг ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини етишмаётган суммага камайтириши шарт (Қонун 22-м.10-қ.) Акс ҳолда чиқиб кетаётган муассис улушининг номинал қийматидан кам миқдордаги суммани олади.

3. Жамият қуйидагиларга ҳақли эмас:

иштирокчилар ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарорни қабул қилиш пайтида жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан ва захира фондидан кам бўлса (ёки шундай қарор қабул қилиниши натижасида уларнинг миқдоридан камроқ бўлиб қолса), бундай қарор қабул қилишга;

тўлаш пайтида жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан ва захира фондидан кам бўлса (ёки тўлаш натижасида уларнинг миқдоридан камроқ бўлиб қолса), аввал қабул қилинган дивидендларни тақсимлаш тўғрисидаги қарорга кўра муассисларга фойдани тўлашга (Қонун 26-м.).

4. МЖТК 175-1-моддасига кўра, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 10 БҲМдан 20 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Прочитано: 680 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика