Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 24 / Божхона

Экспорт чоғида божхона қиймати

 

Экспорт чоғида божхона қиймати қандай аниқланади? Ташиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ҳисобга олиш керакми, улар қийматини товар нархига қўшиш ёки айириш керакми? Унга яна қайси харажатларни киритиш керак? 

 

– Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати у экспортга сотилганда амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган битимнинг баҳоси асосида аниқланади.

Божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай товарнинг божхона қиймати божхона органида мавжуд бўлган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга оид маълумотлар асосида аниқланади.

Илгари олиб кирилган товарларни ўзгармас ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқишда божхона қиймати товарнинг у олиб кирилган пайтдаги божхона қийматининг ҳамда божхона ҳудудида қилинган харажатларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади. Шу жумладан божхона қиймати божхона расмийлаштируви ва божхона тўловларини тўлаш (товарлар реэкспорт қилиниши муносабати билан қайтарилиши керак бўлган тўловларни чегирган ҳолда), товарларни сақлаш, суғурталаш учун қилинган харажатларнинг, божхона ҳудудида қилинган бошқа харажатларнинг йиғиндиси сифатида ҳам аниқланади.

Олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қийматини аниқлаш тўғри эканлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлмаган ёхуд тақдим этилган маълумотларни нотўғри ёки етарли эмас деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи божхона қийматини мустақил равишда белгилайди. Бунда божхона органи декларантнинг ёзма аризасига кўра унга олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қиймати божхона органи томонидан қабул қилинмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ёзма тушунтириш бериши шарт.

Божхона органи ўз ихтиёрида бўлган ёки декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган, ахборотдан фойдаланиши мумкин. Божхона қийматини аниқлашда божхона органи баҳоланаётган, айнан бир хил ва (ёки) ўхшаш товарларни сотиш шартларининг мумкин қадар таққослана олинишини таъминлаши керак. Бунда, шу жумладан, қуйидаги кўрсаткичлар бўйича таъминлаш керак: импорт амалга оширилаётган мамлакат ёки географик минтақа, олиб чиқиладиган товарларнинг миқдори, сотувнинг тижорат шартлари, шу жумладан бозор конъюнктураси (асосан хом ашё товарларни экспорт қилишда).

Бу ўринда сотиб олувчининг барча сарф-харажатларини харажатларнинг божхона қийматига киритиш нуқтаи назаридан ҳисобга олиш лозим.

Агар контрактда (шартномада, келишувда) қатъий белгилаб қўйилган нархлар мавжуд бўлмаса ва фақат товарнинг узил-кесил нархини белгилаш шартлари акс эттирилган бўлса ёхуд контракт шартларига мувофиқ узил-кесил нарх сотиб олувчи томонидан товарни миқдор ва сифат бўйича қабул қилиб олиш натижаларига кўра аниқланса, олиб чиқилаётган товарнинг божхона қиймати муваққат (шартли) баҳони ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Декларант ўзида мавжуд бўлган, божхона қийматининг муваққат (шартли) баҳоси холис эканлигини таъминлайдиган ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли. Олиб чиқилаётган товарнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳоси учун контрактда (шартномада, келишувда) қайд этилган дастлабки нарх, контрактда (шартномада, келишувда) белгиланган, уни ҳисоб-китоб қилиш шартларига мувофиқ товар юклаб жўнатилган санада аниқланган ҳисоб-китоб баҳоси асос сифатида қабул қилинади.

Божхона органи кўриб чиқилаётган битим шартларидан ҳамда божхона ва валютага оид қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, божхона қийматини тасдиқлайдиган ва (ёки) аниқлаштирадиган зарур ҳужжатларнинг декларант томонидан тақдим этилиш муддатини белгилайди. Улар тақдим этилганидан кейин божхона қийматига тузатишлар киритилади.

Агар бундай ҳисоб-китобларни амалга ошириб бўлмаса, олиб чиқилаётган товарнинг қиймати божхона органининг тасарруфида бўлган тегишли баҳолаш ахбороти асосида шартли баҳоланади. Бироқ божхона қиймати олиб чиқилаётган товарга доир битимнинг қиймати асосида қуйидаги ҳолларда аниқланиши мумкин эмас, агар:

● контрактда битимнинг қийматига таъсир кўрсатган чекловлар ва (ёки) шартлар мавжуд бўлса;

● таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига сотиш ва битимнинг қиймати боғлиқ бўлса;

● битим иштирокчилари ўзаро боғлиқ шахслар бўлса ва бу омилнинг битим қийматига таъсирини қиймат тарзида ифодалаш мумкин бўлмаса;

● божхона қийматини маълум қилишда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ёхуд нотўғри бўлса (БК 315-м.).

Битим нархига киритилади

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг баҳосига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг баҳосига киритилмаган бўлса:

а) товарни божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган жойгача етказиб бериш харажатлари:

● транспортда ташиш қиймати;

● товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш-ортиш харажатлари;

● суғурталаш қиймати;

б) сотувчи томонидан қилинган харажатлар:

● воситачилик ва брокерлик ҳақи, бундан товарни харид қилиш бўйича воситачилик ҳақи мустасно;

● контейнерларнинг ва (ёки) бошқа кўп марта ишлатиладиган идишларнинг қиймати, агар ТИФ ТНга мувофиқ уларга баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

ўраш-жойлашнинг қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шартлари сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

г) сотувчининг баҳоланаётган товарни кейинчалик божхона ҳудудидан ташқарида ҳар қандай тарзда қайта сотиш, ўтказиш ёки ундан фойдаланишдан олинган бевосита ёки билвосита даромадининг бир қисми (БК 316-м.). 

 

Маълумот учун. Битимнинг баҳосига қўшиладиган компонентлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурталаш, сертификатлаштириш, брокерлик хизматлари) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

Битим нархидан чиқарилади

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати аниқланар экан, битимнинг нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар чиқариб ташланади, башарти улар илгари битимнинг нархига киритилган бўлса ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин бўлса:

● саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан сўнг амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

● товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейинги уни етказиб бериш харажатлари;

● товар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан кейинги уни етказиб беришни суғурталаш қиймати;

● импорт қилинган мамлакатда сотувчи томонидан тўланадиган божхона тўловлари (БК 317-м.).

 

Маълумот учун. Битимнинг нархи мавжуд бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати экспорт қилаётган сотувчининг олиб чиқиладиган товарни ишлаб чиқариш ёки олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатлари тўғрисида декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда юқорида санаб ўтилган харажатлар ҳам ҳисобга олинади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 103 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика