Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 24 / Божхона

Айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш

 

Айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича баҳолаш усулининг моҳиятини тушунтириб берсангиз. Тўлиқ йиғилганда йиғилган товар турига мувофиқ келувчи қисмларга ажратилган товарни иккинчи усул бўйича баҳолаш мумкинми? Бу амалиёт қандай бажарилади? Қийматни 6.2-усул бўйича баҳолашга тўғри келиб қолган тақдирда қайси жиҳатларни ҳисобга олиш лозим бўлади? 

 

Олиб кирилаётган товарларнинг битим қийматини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки асосий усулнинг шартларини қўллаб бўлмаган ҳолларда олиб кирилаётган товарларнинг божхона қиймати айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича 2-усул кетма-кетликда қўлланилади. Айнан бир хил товар деганда баҳоланаётган товар билан физик хусусиятларига, сифатига ва бозордаги қадрига кўра бир хил бўлган ёки у қайси мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, шу мамлакатда ишлаб чиқарилган ва ЎзРга олиб кириш учун сотилган ёхуд уни ишлаб чиқарган айни ўша шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади (БК 302, 309-м.).

Божхона қийматини 2-усул бўйича аниқлашнинг мажбурий мезони сифатида баҳоланаётган товар каби, лекин у олиб кирилиши мобайнида 90 календарь кун ичида тахминан ўша миқдорда ва ўша тижорат шартларида (улгуржи, чакана ва бошқа) сотилган, айнан бир хил товар юзасидан тузилган битимнинг қиймати қўлланилади. Агар товарни ўша миқдорда ва ўша тижорат шартларида божхона ҳудудига олиб кириш ҳоллари мавжуд бўлмаса, бошқача миқдорда ва бошқа тижорат шартларида олиб кирилган айнан бир хил товарнинг ушбу фарқлар ҳисобга олиниб битимнинг нархига тузатишлар киритилган ҳолдаги қийматидан фойдаланиш мумкин. Яъни ушбу мезонлар кескин фарқ қилган тақдирда, фарқни компенсация қилиш ва қиёсланаётган шартларни солиштирилаётган турга яқинлаштириш учун айнан бир хил товарга доир битимнинг баҳосига тузатиш киритилади (БК 309-м.).

 

МИСОЛ. Ҳар жиҳатдан бир хил бўлган бир турдаги ва бир ишлаб чиқарувчидан бўлган газлама ЎзР божхона ҳудудига икки харидор томонидан бир хил ҳажмда, лекин турлича нархларда олиб кирилмоқда. Шу ўринда харидорлардан бири ишлаб чиқарувчи билан товарни бир неча марта олиб келишни назарда тутувчи узоқ муддатли шартнома тузганлиги, иккинчи харидор эса товарни бир марта олиб келиш бўйича шартнома тузганлиги аниқланди. Ушбу вазиятларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарувчи ҳар икки харидор учун турлича нархларни белгилаган. Шу тариқа, олиб кирилаётган газламанинг нархларидаги фарқ сотувнинг тижорат даражаларидаги тафовутдан келиб чиққан.

Мазкур ҳолда бир харидор томонидан олиб кирилаётган газлама бошқа харидор томонидан олиб кирилаётган газлама билан айнан бир хил бўлади. Бунда битимнинг қийматига сотувларнинг тижорат даражаларидаги тафовутдан келиб чиққан ҳолда тузатиш киритилиши керак.

 

Фақатгина харидор ва божхона органларида баҳоланаётган товарларнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан чиқарилган айнан бир хил товарлар эканлиги тўғрисидаги маълумотлар бўлмаганда бир мамлакатда турли ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган товарларга айнан бир хил товарлар сифатида қаралиши мумкин.

Божхона қиймати 2-усул бўйича аниқланганда зарурат бўлган тақдирда, ташиш масофасида ва бунда фойдаланилган транспорт турларида фарқлар аниқланса, айнан бир хил товарларнинг божхона қийматига тузатишлар киритилиши мумкин. ­Яъни айнан бир хил товар учун ташиш ва суғурта қиймати, товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари масофа ва транспорт турлари сабабидан баҳоланаётган товар учун шундай харажатлар қийматидан анчагина фарқ қилса, айнан бир хил товарга доир битимнинг баҳоси бўйича божхона қийматига тегишли равишда тузатиш киритилади.

 

Маълумот учун. Баҳоланаётган товарнинг божхона қийматига декларант ёки божхона брокери томонидан тўғри ва ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар асосида тузатишлар киритилади.

 

Агар айнан бир хил товарга доир бир нечта битим аниқланса, баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун баҳоси энг паст бўлган айнан бир хил товарга доир битим қўлланилади.

Импорт қилинадиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича йўриқномага (АВ рақами 390, 13.01.1998 й.) биноан тартибга солинади.

 

Йиғишда айнан бир хиллик

Товарнинг ташқи кўринишидаги жузъий фарқлар 2-усулни қўллашни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди. Ҳажм, этикетка, ранг жузъий фарқлар бўлиб ҳисобланади. Солиштириладиган товарлар албатта баҳоланиши керак бўлган товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатдан бўлиши лозим.

Мисол тарзида боғ ва полиз учун инсектицидли пуркагич қисмларга ажратилган ва суюқликсиз (кимёвий моддасиз) етказиб берилишини олсак. Иккинчи ҳолатда эса заҳарловчи дорилар тўлдирилган ва йиғилган ҳолатдаги худди шундай пуркагичлар етказиб берилади.

Пуркагич 2 та йиғма қисмдан иборат бўлади: насос ва қопқоғига бириктирилган учлик ва заҳарли кимёвий моддалар учун контейнер (идиш). Қисмларга ажратилган пуркагичларни ишлайдиган ҳолатга келтириш учун контейнер суюқлик билан тўлдирилади ва қопқоғи беркитилади. Ишлатиш учун тайёрланган пуркагичлар таққосласа бўладиган (ўхшаш) ҳолга келади, ҳамма жиҳатларига кўра, шу жумладан, физик хусусиятлари ва қадрига кўра бозорда худди шундай товарлар тарзида тақдим этилади, бундан бир мамлакатда у қисмларга ажратилган ҳолда, бошқасида эса йиғилган ҳолда қўйилиши бундан мустаснодир. Йиғишга доир операция айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар тарзида кўриб чиқилаётган йиғилмаган ёки йиғилган товарлардаги фарқларнинг бартараф этилишига олиб келади.

Шундай қилиб, товарларнинг бир ҳолатда йиғилган ҳолда, бошқа ҳолатда эса — қисмларга ажратилган ҳолда етказиб берилиши уларни айнан бир хил товарлар тарзида кўриб чиқишни истисно эта олмайди (Йўриқноманинг 4.2-б.).

 

6.2-захира усул

Баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини бошқа усулларни кетма-кетликда қўллаш натижасида аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу қиймат божхона қийматини аниқлаш усулларининг муддатларни қўллаш, товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини, айнан бир хиллигини ёки ўхшашлигини аниқлашга доир талабларини бир мунча қайишқоқлик билан қўллаш орқали аниқланади (БК 313-м.; Йўриқноманинг 8.1-б.).

Масалан, айнан бир хил товарларга нисбатан қайишқоқлик айнан бир хил товарларни олиб кириш муддатлари юзасидан йўл қўйилиши мумкин. Бироқ божхона қийматини белгилаш учун асос сифатида экспорт қилувчи мамлакатида бошқа ишлаб чиқарувчи томонидан ва божхонада баҳоланиши лозим бўлган товарларни экспорт қилувчи мамлакатдан бошқа қайсидир ўзга мамлакатда ишлаб чиқарилган худди шунингдек импорт қилинган товарлар кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, илгари 4-усул – қийматларни чегириб ташлаш асосида ва 5-усул – захира усули асосида аниқланган айнан бир хил импорт қилинган товарларнинг божхона қийматидан фойдаланишга нисбатан ҳам қайишқоқликка йўл қўйилиши мумкин.

6-усулдан фойдаланишда ҳужжатлар билан тасдиқлашга доир талаблар қуйидагиларни бошқа усулларга нисбатан бир мунча қайишқоқликка йўл қўяди: жаҳон нархларига доир, ички бозордаги нархларига доир ахборот маълумотномаларидан фойдаланиш; воситачилик ҳақлари, чегирмалар, фойдалар, транспорт тарифлари умумқабул қилинган даражаларининг статистик маълумотларидан фойдаланиш. Бунда баҳоланаётган товарларнинг етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда маълумотларга тегишли тузатишлар киритилиши шарт (Йўриқноманинг 8.4-б.).

Прочитано: 311 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика