Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 24 / Божхона

Тарафларнинг ўзаро боғлиқлиги чоғида божхона қиймати

 

Божхона қийматини белгилаш учун асосий усулдан фойдаландик. Бу вазиятда керак бўлган барча ҳужжатларни тақдим этганмиз. Лекин божхона хизматидагилар ўзаро боғлиқ шахслар битимида иштирок этганлик эҳтимолини назарда тутишяпти.

Ўзаро боғлиқлик қай тарзда аниқланган? Унинг битим баҳосига қандай таъсири бўлиши мумкин? Бу ўринда ўзаро боғлиқлик йўқлигини божхоначиларга қандай қилиб тушунтирса бўлади? 

 

– «Ўзаро боғлиқ шахслар» тушунчаси қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва назоратнинг турлича шаклларига асосланувчи ўзаро муносабатларни белгилаш учун қўлланилади. Ташкилотлар ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатлар иқтисодий фаолиятга таъсир қилган тақдирда улар ўзаро боғлиқ ҳисобланади.

Ўзаро боғлиқ шахслар деганда қуйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

● битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

● битим тарафлари юридик шахсга биргаликда эгалик қилувчилар бўлса;

● битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

● битим тарафларининг бири битим бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида 5 фоизини ташкил этувчи ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

● битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

● битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

● битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

● битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса (БК 307-м.).

 

Ёндашувлар турлича

Ташқи савдо битимининг иштирокчилари ўзаро боғлиқ шахслар бўлган тақдирда, божхонага оид қонун ҳужжатларида божхона қийматини белгилаш учун усулларни қўллашнинг алоҳида шартлари ўрнатилган. Бу ўзаро боғлиқ иштирокчилар бозор нархлари даражасига мувофиқ келмайдиган битим нархини ўрнатишлари мумкинлиги билан боғлиқдир. Битим нархи, ўз навбатида, божхона божини солиш мақсадлари учун товарнинг божхона қийматини белгилашда асос бўлиб хизмат қилади.

Битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, божхона қийматини аниқлаш учун олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан (1-усул) фойдаланиш мумкин эмас. Бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим (БК 306-м.).

Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги ўзаро боғлиқлик битим қийматини товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинмайдиган деб тан олиш учун ўз-ўзидан асос бўлиши мумкин эмас. Битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги белгилари бўлган тақдирда божхона органи битимнинг амалдаги, сотувга тааллуқли бўлган ҳолатларини ўрганиб чиқиши керак. Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, ушбу битимни божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилиш мумкин деб ҳисоблайди.

Агар декларант томонидан тақдим этилган ёки божхона органи томонидан бошқача усулда олинган ахборот асосида сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги ўзаро боғлиқлик битимнинг нархига таъсир этганлиги белгилари аниқланса, божхона органи булар ҳақида декларантга ёки божхона брокерига ёзма равишда хабар беради. Қўшимча тарзда божхона органи мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни 30 календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида ёзма шаклда хабар қилади. Тақдим этилган ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда декларант ёки божхона брокери бунинг аксини ҳам исботлаши ва маълум қилинган қийматни тасдиқлаши мумкин (БК 308-м.).

Ҳужжатлар билан тасдиқланади

Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади, агар декларант ёки божхона брокери битимнинг қиймати баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин ёки олиб кирилганидан сўнг 30 календарь кун ичида товарнинг олиб кирилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқинлигини исботлай олса:

● ЎзРда ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини чегириб ташлаш усули бўйича аниқланган божхона қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини қўшиш усули бўйича аниқланган божхона қийматига.

Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган, кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:

1) тижорат шартлари;

2) миқдори;

3) ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса;

4) БКнинг 304-моддасида санаб ўтилган харажатлар. Уларга қуйидагилар киради:

● товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар (ташиш қиймати, товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари, суғурта қиймати);

● сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар (воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно, контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар ТИФ ТНга мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса, ўраш-жойлаш қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати);

● сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

● интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

● олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати (БК 308-м.).

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатлар ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда аниқланади (БК 304-м. 4-қ.).

 

Маълумот учун. ЎзРда тўланадиган тўловлар ва битим нархидан чегириладиган харажатлар (божхона тўловларидан ташқари) тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта) учун тўлов тўланганлиги тўғрисидаги ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади. Кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди (БК 304-м. 3, 4-қисмлари).

 

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас (БК ­308-м. 3-қ.).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 109 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика