Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 24 / Юридик маслаҳатлар

Дастлабки буюртма – ёзма шартнома бўйича

 

Ташкилот металл конструкцияларини ишлаб чиқаради. Асосан, пул ўтказиш йўли билан ишлайди (нақдсиз ҳисоб-китоб). Бунда шунингдек жисмоний шахслардан ҳам буюртмалар келиб тушади, улар терминал орқали шахсий пластик карталари ёрдамида ҳақ тўлашади.

Буюртмачилар-жисмоний шахслар билан шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва бажарилган ишлар далолатномаларини расмийлаштириш зарурми? 

 

– Бундай муносабатлар маиший пудрат шартномаси тушунчаси остига тушади. 

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган пудратчи маиший пудрат шартномаси бўйича буюртмачи-фуқаронинг топшириғи билан унинг маиший ёхуд бошқа шахсий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган маълум ишларни бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Пудратчи буюртмачига патта ёки буюртма қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни берган пайтдан бошлаб маиший пудрат шартномаси тузилган ҳисобланади, агар қонун ҳужжатлари ёхуд шартномада, шу жумладан – буюртмачи қўшилган формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларнинг шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса (ФК 656-м.).

Тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади («Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун 8-м. 4-қ.).

Маиший хизмат кўрсатишга буюртмалар белгиланган шаклдаги ҳужжат билан расмийлаштирилади, унда кўрсатилган барча реквизитлар тушунарли қилиб тўлдирилади (Қоидалар II бўлими 4-б., 12.10.1995 й. 399-сон ВМҚга 5-илова).

Буюртмачи кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаганлигини (буюмни олганлигини) квитанцияда ёки бошқа ҳисобга олиш ҳужжатида ўз имзоси билан тасдиқлайди. Ҳисобга олиш ҳужжатлари қўлланилмайдиган ишларда буюртмачининг хизмат ҳақини тўлаганлиги тўғрисидаги ёзма тасдиғи талаб этилмайди. Унга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи касса чеки берилади (Қоидалар III бўлими 15-б.).

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан – Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар  ва якка тартибдаги тадбиркорлар сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.

Бунда сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда НКМ (онлайн-НКМ) ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши шарт эмас (Низом 3-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова).

ЭҲФ ҳисобварақ-фактураларни рас­мийлаштириш тартиби асосида расмийлаштирилади ва имзолаш жисмоний шахс номидан унинг ЭРИ орқали амалга оширилади. Агар жисмоний шахс ЭРИга эга бўлмаса, унга юборилган ЭҲФ автоматик тарзда тасдиқланади. ЭҲФ икки нусхада қоғоз шаклида чоп этилади ҳамда бир нусхаси жисмоний шахсга тақдим этилади, иккинчи нусхаси товарлар (хизматлар) олинганлиги тўғрисидаги жисмоний шахснинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда солиқ тўловчида сақланади (Низом 58-б., 61-б. 4-хатбоши).

 

Икром Абдулқодиров, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 470 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика