Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 13 / Истеъмолчи бурчаги

Контрафакт ва қалбаки маҳсулотлар ўртасидаги фарқлар

 

Замонавий жамият фирибгарлик ва ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқариш муаммосига тобора кўпроқ дуч келмоқда. Бунда ноқонуний сотилган товарларга нисбатан «контрафакт» ва «қалбаки» («сохталаштириш») каби тушунчалар ишлатилишини ҳам билиш лозим. Кўпчилик учун ушбу тушунчалар маъно жиҳатидан ўхшаш бўлиши мумкин, аммо улар синоним эмас. Контрафакт ва қалбаки маҳсулот юридик жиҳатдан турли тушунчалардир.

 

Контрафакт

«Контрафакт» атамаси ҳар қандай шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган барча маҳсулотга тегишлидир. Контрафакт ишлаб чиқарувчилар таниқли брендлар ва логотипларни қонуний бренд эгаси томонидан ишлаб чиқарилмайдиган сохта маҳсулотларга жойлаштириш орқали харидорларни чалғитади. Ушбу маҳсулотлар хавфсиз ва ўзига хос кўринишга эга бўлиши мумкин, аммо уларни ишлаб чиқариш ва сотиш ноқонуний ҳисобланади («Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 27-м.).

Шунингдек асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг такрорланиши ёки тарқатилиши муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда амалга ошириладиган нусхалари контрафакт нусхалардир («Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 62-м. 2-қ.).

Кўп ҳолатларда контрафакт маҳсулотлар асл маҳсулот сифатига мос равишда ишлаб чиқарилади, бу фирибгарларга уларни кўп миқдорда сотиш ва шу билан истеъмолчини алдашга имкон беради.

 

МИСОЛ. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Snickers, Mars, Тwix, Bounty ва бошқа турдаги брендларнинг эгаси бўлган «Mars Inc.» компаниясининг контрафакт маҳсулотлари тўғрисидаги ишни муҳокама қилди. Ушбу компания мурожаат қилиб, Самарқанд ва Наманганнинг бир қатор савдо дўконларида «Snikers», «Macs», «Twiix», «Baunty» деб номланган маҳсулотлар сотилаётганлиги тўғрисида хабар берди. Мурожаатномада кўрсатилган савдо объектлари бўйича Агентлик ҳудудий тузилмалари томонидан тадбиркорлар билан ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб борилди, жараён давомида сотувга қўйилган ушбу турдаги маҳсулотлар мустақил равишда сотувдан олинди. Бунда, мазкур маҳсулот қадоқларида ишлаб чиқарувчи ва унинг алоқа маълумотлари, ишлаб чиқарилган санаси, амал қилиш муддати ҳақида маълумотлар ва штрих-код берилмаган.

 

Қалбакилаштириш

Атайлаб ўзгартирилган озиқ ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, материаллар ва маҳсулотлар қалбакилаштирилган деб тан олинади. Яширин фазилатлар ва хусусиятларга эга маҳсулотлар ҳам қалбаки бўлади. Масалан, ушбу тоифага маълумотлар тўлиқ бўлмаган ёки ишончсиз бўлган маҳсулотлар киради («Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун).

Истеъмолчи учун қалбаки маҳсулотни ажратиб олиш имкони контрафакт маҳсулотга қараганда анча осонроқ бўлади. Одатда қалбаки маҳсулот ишлаб чиқарувчилар асл бренд, логотип ёки маҳсулот дизайнининг баъзи кўриниш ва хусусиятларини ўзгартиради, холос.

Бундан бир неча ой олдин Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мамлакатимиздаги қалбаки маҳсулотлар билан боғлиқ ишни кўриб чиқди. Чет эллик «Sunecho Limited» компанияси «Роллтон» савдо белгисининг муаллифлик ҳуқуқи эгаси сифатида ваколатли органларга «Концентрат пищевой «Домашний бульон РОЛЛТОН®»»» қалбаки маҳсулотларини чакана савдода сотилаётганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Компания қалбаки маҳсулотларни савдо нуқталарида сотилишини тўхтатиш учун зарур чораларни кўришни сўради. Ишни ўрганиш пайтида ушбу маҳсулот республиканинг 257та чакана савдо объектлари томонидан сотилганлиги аниқланди. ДСҚнинг ҳудудий бўлинмалари 698 миллион сўмлик ушбу турдаги маҳсулотларни савдодан олди.

 

Қалбаки маҳсулотлардан қандай сақланиш мумкин

 

1 Сотиб олишдан олдин ўйлаб кўринг. Ҳақиқатдан йироқ таклифлар кўринадиган бўлса, демак сиз алданишга дуч келишингиз мумкин. Aсл дизайнерлик буюмларнинг нархлари камдан-кам ҳолларда пасайтирилади, шунинг учун фойдали харид қилаётганингизга ишониб шошилманг.

 

2 Маҳсулотни диққат билан ўрганинг. Маҳсулот номи ва тавсифининг ёзилиши ва грамматикаси, шунингдек қадоқлаш сифати ва график чизиқларининг аниқлигини текширинг.

 

3 Ишончли дўконларда харид қилинг. Онлайн тарзда буюртма берган бўлсангиз ҳам, интернет дўкон саҳифасида жойлаштирилган шарҳлар ва фотосуратларни текширишга ҳаракат қилинг. Улар ёрдамида дўкон ҳақида ва у қандай маҳсулотлар сотиши борасида кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин.

 

4 Ёдда тутинг. Қалбаки ёки контрафакт товарларни сотганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Сохта маҳсулотларни сотиб олганингизда, сиз жиноятни молиялаштиришга кўмаклашган бўлиб чиқишингиз ва соғлиғингизга хавф солишингиз мумкин.

 

Бу – қизиқ. Санъат тарихида энг шов-шувли қалбакилаштириш ҳолати Мельбурндаги миллий галереяда бўлган. Австралиядаги жанжал «Эркак портрети» асари хусусида бўлган. Бу Ван Гогнинг асари деб ҳисобланиб, унинг учун қарийб 21 млн АҚШ доллари тўланган. Сурат толалар горизонтал жойлаштирилган канопдан тўқилган матога чизилганлиги, буюк рассом асарлар яратишда бундай воситалардан фойдаланмаганлиги экспертларни узоқ вақт бу асар асл нусха эканлиги борасида шубҳага солиб қўйди. Ва ниҳоят, британиялик ва амстердамлик мутахассислар «Эркак портрети» ҳақиқатан ҳам XIX аср ўрталарида чизилганлигини, лекин у Ван Гог қаламига мансуб эмаслигини маълум қилдилар.

Манба: consumer.uz.

Прочитано: 630 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика