Ходим тасдиқланган смена графиги бўйича (7 кунлик 12 соатлик иш режимида) ишлайди. 2020 йил учун: январь – 204 соат, февраль – 180, март – 180, апрель – 168, май – 168, июнь – 192, июль – 204, август – 192, сентябрь – 168, ноябрь – 180, декабрь – 48 соат ишланган. Кейин ходим 15 кунлик йиллик таътил олган ва 3 кунга касаллик варақаси очилган. Натижада 2020 йил мобайнида ходим ҳақиқатда 1 884 соат ишлаган, тасдиқланган иш соатлари нормаси 2 042 соатни ташкил этади. Корхонада иш вақтининг йиллик жамланган ҳисоби юритилади.
12 соатлик сменада ишлайдиган ходимнинг ишдан ташқари вақтда ишлаган соатлари қандай ҳисобланади?
– Тақдим этилган ҳисоб-китобдан келиб чиқадиган бўлсак, ходимда ишдан ташқари вақтда ишланган соат мавжуд эмас.
2020 йил учун белгиланган иш вақти – 2 042 соатдан ортиқча ишланган соатлар иш вақтидан ташқари ишланган соатлар ҳисобланади. 12 соатлик иш сменасида иш вақтидан ташқари ишлашга йўл қўйилмаслигини ҳисобга олиш лозим. Агар ишдан ташқари вақтда ишланган бўлса, бунга ҳақ тўланиши лозим (МК 123, 124, 157-м.).
Ҳар қандай таътил ва касаллик даврлари ишланган вақт ҳисоб-китобига киритилмайди (МК 114-м.).
Ўзгарувчан график бўйича 12 соатлик режимда ишлайдиган ходимларга ҳар ойда:
● байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида;
● тунги вақтдаги иш учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади;
● корхонанинг жамоа шартномасида кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлса, кечки вақтдаги иш учун ҳақ тўланади (МК 157, 158-м.).