Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 12 / Кадрлар бўлими

Ходим зарарни тўлиқ қопламасдан ишдан бўшаганда

 

Ташкилотга мулкий зарар етказган ходим бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан зарар суммасини ихтиёрий равишда қоплаш мажбуриятини зиммасига олди. Бироқ маълум вақт ўтгач ишдан бўшаш ҳақида ариза берди.

Ходим зарарни тўлиқ қопламасдан ишдан бўшаб кетишга ҳақлими? Директор у ишдан бўшаб кетганидан кейин зарар суммасини қоплашда муаммолар юзага келишидан хавотирда.

 

– Ҳақиқатан ҳам, иш берувчига зарар етказилишида айбдор бўлган ходим ихтиёрий равишда зарар суммасини тўлиқ ёки қисман қоплашга ҳақли (МК 206-м.). Буни корхона кассасига нақд пул киритиш ёки иш берувчининг банкдаги ҳисобрақамига, шу жумладан пластик карточка воситасида пул ўтказиш орқали амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, иш берувчининг розилиги билан ходим зарар суммасига тенг бўлган мол-мулкни бериши ёки шикаст етказилган ускунани тузатиб бериши мумкин.

Шунингдек ходим ва иш берувчининг келишувига биноан зарарни тўлаш муддати кечиктириб қопланишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига тўлов муддатларини аниқ кўрсатиб зарарни қоплаш ҳақида ёзма мажбурият беради (МК 206-м. 3-қ.).

 

– Ходим иш берувчига етказилган зарарни тўлиқ қопламай туриб ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшатишларини талаб қилишга ҳақлими?

– Бу саволга МКнинг 99-моддасида ва ОС Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти) бекор қилинишини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари қўлланилиши тўғрисида»ги қарорининг (17.04.1998 йилдаги 12-сон) 15-бандидан жавоб топиш мумкин. Ходим МКнинг 99-моддасига кўра ўз ташаббуси билан ишдан бўшаш ҳақида ариза берган бўлса, у огоҳлантириш муддати тугагач ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса у билан меҳнат шартномасини тўхтатиши – меҳнат дафтарчасини, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ нусхасини бериши ва ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишни, шу жумладан бошланган ишни охирига етказилмаганлиги сабабли, ишдан бўшаш варақасини имзоламасдан, ходимнинг ҳисобида бўлган моддий қимматликларни қабул қилиб олмасдан тўхтатиб туришга ҳақли эмас.

 

– Ходим ишдан бўшаганидан кейин зарар суммасини тўлашдан бош тортадиган бўлса, иш берувчи қандай чораларни кўриши мумкин?

– Агар зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида ёзма мажбурият берган ходим меҳнатга оид муносабатларни бекор қилса ва зарарни тўлашдан бўйин товласа, қарзнинг узилмай қолган қисми нотариал идораларнинг ижро ҳужжатлари асосида ундирилади (МК 206-м. 3-қ.).

Нотариус қарздордан пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни даъво қилиб олиш учун қарз белгиланган ҳужжатларга ижро этишга доир ёзувларни киритади («Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 76–80-м.). Нотариуслар томонидан киритиладиган ижро этишга оид ёзувларга асосан низоларсиз қарзлар ундириладиган ҳужжатлар рўйхати ВМнинг 18.01.2002 йилдаги 26-сон қарорида тасдиқланган. Мазкур Рўйхатда ходимнинг зарарни тўлаш муддати кечиктириб ихтиёрий равишда зарарни қоплаши ҳақидаги ёзма мажбурияти ҳам бор.

Қуйидаги ҳолларда ижро хати берилади:

● тақдим этилган ҳужжат қарздорлик ёки қарздорнинг ундирувчи олдидаги бошқа масъулиятлари низосиз эканлигини тасдиқлаганда;

● даъво бериш ҳуқуқи юзага келган кундан эътиборан 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган тақдирда. Агар ижро хати бериладиган талаб учун қонун ҳужжатларида бошқа даъво муддатлари белгиланган бўлса, ижро хати ушбу муддат доирасида берилади.

Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилади:

● ижро хатини берадиган нотариуснинг Ф.И.О. ва лавозими;

● ундирувчининг, шунингдек қарздорнинг номи ва манзили;

● ундирув амалга ошириладиган муддат;

● ундирилиши лозим бўлган суммалар ёки талаб қилиб олинадиган буюмлар, шу жумладан агар олиниши лозим бўлса пеня, фоизлар;

● ундирувчи томонидан тўланган ёки қарздордан ундирилиши лозим бўлган давлат божи ва тариф суммалари;

● ижро хати тайёрланган санаси (йил, ой, кун) ва реестрда рўйхатдан ўтказилган рақами;

● ижро хатини тайёрлаган нотариуснинг имзоси ва муҳри.

Ижро хати, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, берилган вақтдан эътиборан 3 йил ичида мажбурий ижро этиш учун топширилиши мумкин.

Ижро хатини олиш учун нотариусга қуйидагилар тақдим этилади:

а) ходимнинг тўловнинг аниқ муддатлари кўрсатилган зарарни ихтиёрий қоплаш тўғрисидаги ёзма мажбуриятининг асл нусхаси;

б) етказилган зарарнинг тўланмаган қисми миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар;

в) ўзи етказган зарарни қоплашдан бош тортган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;

г) қарздорни огоҳлантиришни олганлиги тўғрисидаги тилхати билан бирга қарзни тўлаш ҳақида қарздорга берилган огоҳлантириш хатининг нусхаси.

Ижро хатини олинганидан кейин иш берувчи Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) мурожаат қилиши лозим. Давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатлари қрздорнинг яшаш жойида, иш жойида ёки мол-мулк жойлашган жойда амалга оширилади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 25-м.).

 

Ходимнинг зарарни ихтиёрий равишда қоплаш ҳақидаги ёзма мажбурияти мавжуд бўлмаса, ундан етказилган зарарни суд орқали ундириш мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво аризаси беринг.

Прочитано: 510 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика