Бугунги кунда юртимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари авж олган. Авваламбор, қад ростлаётган бинолар кўзимизни қувонтирсин, бизга шинам ва манфаатли ошиён бўлсин, деймиз. Лекин арзимаган лоқайдлик ва бепарволик ортидан баъзида не-не ниятлар билан қурган биноларимиз бир лаҳзада кулга айланаётган ҳоллар ҳам учрайди.
Биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, дастлаб, уларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларидан бошланади. Хавфсизлик талабларининг тўла бажарилиши кейинчалик уларда ёнғин содир бўлмаслигининг кафолати ҳисобланади. Қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларнинг майдонларида, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида ёнғин хавфсизлиги тегишли қоидаларга амал қилиш орқали таъминланади.
Бунда барча қурилиш соҳаси билан боғлиқ ишчи-ходимларнинг техника қоидаларига риоя қилган ҳолда махсус кийим-бошлар билан таъминланиши, қурилиш майдонларида пайвандлаш ишларини махсус гувоҳномага эга бўлган ишчилар олиб бориши, қурилиш майдонларини ёнғинга қарши қалқон ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, носоз ҳолдаги электр тармоқларидан, ишчилар хонасида ностандарт электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, газ солинган баллонлар сони 50 дан ортиқ бўлмаган ҳолда махсус омборхонада ёки қуёш нури тик тушмайдиган бостирма остида сақланиши керак. Тўлдирилган баллонлар тик ҳолда сақланиши муҳим аҳамиятга эга. Улар махсус катаклар ёки уяларга ўрнатилади ва камар, занжир ёки қисқичлар билан маҳкамланади. Кислород баллонларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва кўчиришда баллон ҳамда шланглар мой ва мойли материалларга тегиб кетмаслиги чоралари кўрилиши ва шу каби бир қатор хавфсизлик чораларига риоя қилиниши керак.
Ҳозирги кунда барча қурилиши режалаштирилаётган биноларда ёнғин ва фавқулодда ҳолатлар олдини олиш мақсадида ҳар бир бинода ёнғинга қарши оралиқ масофа қолдириш ва ёнғинга қарши деворлар қуриш, ёнғин ўчириш автомобили эркин ҳаракатланиши учун қаттиқ қопламали йўл билан таъминлаш, объектларни зарурий ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлаш ва бошқа бир қатор зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш ишларига урғу берилаётир.
М.Мирзаолимов,
ЎзМТРК ЁХТТЭБ ЁН ва ПБ мутахассиси, оддий аскар.