Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 08 / Иш берувчига маслаҳатлар

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш қандай ташкил этилади

 

Барча мулкчилик шаклидаги корхоналар, фаолият соҳасидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ходимлар учун хавфсизлик ва гигиена нормаларига жавоб берадиган шарт-шароитларни яратишлари шарт. Меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (АВ рўйхат рақами 273, 14.08.1996 й.) мувофиқ ишни ташкил этинг ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши уч босқичли назорат қилинишини таъминланг. 

 

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш учун:

● уларни тиббий кўрикдан ўтишга юборинг (МК 214-м.; Низом, АВ рўйхат рақами 2387, 29.08.2012 й.);

● инструктаж ўтказинг, ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ўқитинг ва билимларини текширинг (МК 215-м.; Намунавий низом, АВ рўйхат рақами 272, 14.08.1996 й.);

● тиббий кўрикдан, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишдан, инструктаждан ўтмаган, билимлари текшириб кўрилмаган ходимларни ишга қўйманг (МК 213, 215-м.);

● иш жойлардаги меҳнат шароитлари ҳолатини, ходимлар томонидан шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари тўғри қўлланилаётганлигини назорат қилинг (МК 215-м.);

● иш жойларини меҳнат шароитлари ва ускуналарнинг шикаст етказиш хавфсизлиги юзасидан аттестациядан ўтказинг;

● ноқулай шарт-шароитларда меҳнат қиладиган ходимларга сут ёки бошқа унга тенглаштирилган озиқ-овқатлар, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари, газланган тузли сув (олов олдида ишлайдиганларга), шахсий ҳимоя ва гигиена воситаларини беринг. Бундай ишлар рўйхати ва бериладиган норма иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади ва жамоа шартномасига (битимига) ёки бошқа локал ҳужжатга киритилади (МК 217-м.; Низом, ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарорига 1-илова; 18.02.2005 йилдаги 0184-05-сон СанҚН).

Ишлайдиган I ва II гуруҳ ногиронларига:

● меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддатини белгиланг (МК 220-м. 3-қ.);

● 30 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил беринг (МК 135-м., 220-м. 4-қ.);

● ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ишлаб бериладиган муддат ўтмасдан олдин дастлабки иш йили учун йиллик асосий таътилни расмийлаштиринг (МК ­143-м. 3-қ.);

● ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича ҳар йили 14 календарь кунга қадар иш ҳақи сақланмайдиган таътил беринг (МК 150-м. 2-қ. 3-хатбошиси).

Ишлайдиган ногиронларга, белгиланган ногиронлик гуруҳидан қатъи назар:

● иш юкламасини камайтиринг, тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатинг ва ТМЭК тавсияларига биноан бошқа енгиллаштирувчи меҳнат шароитларини белгиланг (МК 220-м. 2-қ.);

● меҳнатда майиб бўлган ходимларга ҳар ойда зарарни қоплаш учун МҲЭКМнинг 17,6%идан кам бўлмаган сумма тўланишини белгиланг  (МК 190-м. 3-қ.);

● тунги вақтдаги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга ходимларни уларнинг розилиги билангина ва бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган тақдирда  расмийлаштиринг (МК 220-м. 5-қ.);

● дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан (иш жараёнида) ўтказиладиган тиббий кўрикларни ташкил қилинг (МК 214-м.; 2387-сон Низом).

Иш жойида шикастланган ходимларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган чораларни кўринг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига олиб боринг ёки тез тиббий ёрдам бригадасини чақиртиринг (МК 221-м.).

 

Меҳнат шарт-шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш

Меҳнат шарт-шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш 263-сон Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Қуйидаги иш ўринлари ва касблар аттестациядан ўтказилиши керак:

● ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ҳамда бошқа алоҳида меҳнат шароитларига эга бўлган;

● уларда ногиронлар банд бўлган;

● ноқулай, зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларига эга бўлган;

● имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 1, 2 ва 3-сон рўйхатларида кўрсатилган (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган);

● ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилган (Низом, ВМнинг 5.12.2017 йилдаги 965-сон қарорига 1-илова);

● хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги («Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 4-м.).

Ушбу рўйхатда кўрсатилмаган иш ўринлари ва лавозимларни аттестациядан ўтказиш сизнинг хоҳишингизга кўра ўтказилади.

Мажбурий аттестацияни ўтказиш даврийлиги ҳар 5 йилда камида бир марта аттестация ўтказиладиган қилиб белгиланади.

Аттестацияни ўтказиш учун фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида аттестациядан ўтказувчи ташкилотни жалб этинг.

Аттестация натижалари бўйича жамоа шартномасига (келишувига) тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритинг, агар бундай ҳужжат мавжуд бўлмаса – ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда бошқа локал ҳужжатларга ўзгартириш киритилади.

 

Меҳнатни муҳофаза қилишга оид харажатлар

Зарурат бўлганда Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 12.11.2008 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ қуйидагилар ҳисобига меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил этинг:

● ташкилотнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин қоладиган фойдаси (даромади);

● юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари;

● қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилган тадбирларни молиялаштиришга сарфланади:

● ташкилотда меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқишга;

● иш ўринларини меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ жиҳозлашга;

● меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга;

● меҳнат шарт-шароитларини яхшилашга ҳамда хавфсиз ва самарали меҳнат қилиш шароитларини яратишга, ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш (малакасини ошириш)га;

● ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга;

● касб касалликларининг олдини олишга;

● меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилишни тарғиб қилиш воситалари билан таъминлашга;

● меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ва кўргазмалар ўтказишга;

● меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этишга;

● ташкилотнинг ички норматив ҳужжатлари билан белгиланадиган меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа йўналишлари бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга (245-сон Низомнинг 1, 3, 4-б.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга маблағларни сарфламанг («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 5-м.; 245-сон Низомнинг 7-б.).

Жамғармани тўлдириш учун ходимлардан пул ундирманг. Ушбу харажатлар уларга тааллуқли эмас (Қонуннинг 16-м. 3-қ.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ва уларни молиялаштириш миқдорларини жамоа шартномасида кўрсатинг, бундай шартнома тузилмаган бўлса – иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда белгиланг.

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хизмат (мутахассис) ва ваколатли шахс

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 31.12.2018 йилдаги 1066-сон қарорига 5-илова) белгиланган.

Корхонангиз ишлаб чиқариш корхонаси бўлса ва унда 50 нафар ва ундан ортиқ ходимлар ишласа, раҳбарнинг буйруғи билан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этинг. У меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, бошқармаси, бўлими, шуъбаси шаклида тузилиши ёхуд битта меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси штатидан иборат бўлиши мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати штат бирликлари Ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларининг сони нормативларига (1066-сон Низомга 1-илова) мувофиқ белгиланади.

 

ВАЗИЯТ. Ишлаб чиқариш корхонаси штат бирлиги 120 кишидан иборат

Ишлаб чиқариш корхонасига янги директор келди. Мавжуд меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини норентабел деб ҳисоблаб, буйруқ билан уни хўжалик юритувчи субъект тузилмасидан чиқариб юборди. Штатда – 120 киши. Унинг бундай ҳаракатлари тўғрими?

● Йўқ, нотўғри. Хизматни тикланг ёки унинг ўрнига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини киритинг («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-м. 1-қ.).

 

Ташкилотингиз балансида 50 ва ундан ортиқ транспорт воситалари ҳисобда турса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этинг ёки штат жадвалига йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозимини киритинг.

Ходимлар сони (транспорт воситалари) 50 тадан кам бўлса, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширмайдиган ташкилотларда мазкур хизматлар (лавозимлар) жорий қилиниши шарт эмас. Уларни ўз хоҳишингизга кўра компания фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда киритинг (Қонуннинг 12-м. 1, 2-қ.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати – булар ташкилотнинг бевосита раҳбарга бўйсунадиган мустақил тузилмавий бўлинмалари.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларга махсус тайёргарликдан ўтган ва тасдиқловчи ҳужжатларга (диплом, сертификат ва ҳ.к.) эга бўлган шахсларни тайинланг.

 

ВАЗИЯТ. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис ўриндошликда ишлаши мумкинми? 

Корхонада 20 киши ишлайди. Штат жадвалида меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш жойларида техника хавфсизлигига риоя этилишини назорат қилиш  бўйича мутахассис лавозими мавжуд эмас. Директор бу мажбуриятни ишлайдиган ходимлардан бирига ўриндошлик тартибида юкламоқчи: аввалги иш жойида шундай масалалар билан шуғулланган ва бу жараён қандай ташкил қилинишини билар экан. Шундай қилиш мумкинми?

Йўқ мумкин эмас. Штатда шундай ходимга эга бўлишни ҳохласангиз, алоҳида лавозимни назарда тутинг ва унга ходимни расмийлаштиринг. Бироқ сиздаги ходимлар сони 50 нафардан кам бўлганлиги сабабли мазкур лавозимни штат жадвалига умуман киритмаслигингиз мумкин (Қонуннинг 12-м. 2-қ.).

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисни меҳнат муҳофазаси бўйича ишончли шахс билан чалкаштирманг. Иккинчиси маъмурият томонидан тайинланмайди. У касаба уюшмаси қўмитаси ва меҳнат жамоаси томонидан ушбу корхонадаги ходимлар орасидан камида бир йил муддатга тайинланади ва иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади (Қонуннинг 31-м.; Низомнинг 7-б., АВ рўйхат рақами 196, 18.12.1995 й.).

Бироқ бу штатдаги лавозим ҳисобланмайди, уни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилмаслиги лозим.

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли шахс тайинланган бўлса ҳам ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича штатдаги лавозимларга ишга қабул қилинг. Ваколатли шахс меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиснинг ўрнини боса олмайди ва унинг функцияларини бажармайди (Қонуннинг 31-м.; 196-сон Низомнинг 7–9-б.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли шахсларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисликка тайинламанг, бу тақиқланган (196-сон Низомнинг 4-б.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хизмат ёки мутахассисдан уларнинг ваколатлари доирасидаги масалалар юзасидан кўрсатмалар келиб тушганда уларни бажариш лозим. Улар тузилмавий бўлинмалар – бошқармалар, бўлимлар, цехларнинг раҳбарлари ва ходимлари томонидан мажбурий тартибда бажарилиши лозим. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли шахснинг таклифлари тавсиявий тусга эга бўлиб, улар асосли деб топилган ҳолатларда қабул қилинади (Қонуннинг 12-м. 4-қ.; 196-сон Низомнинг 10-б. 2, 3-хатбошилари).

Штат хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий қилиш ўрнига мазкур ишларни юритадиган профессионал ташкилотлар билан шартнома тузиш ҳам мумкин (Қонуннинг 12-м. 5-қ.).

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни тузиш

Ташкилотингиздаги лавозим ва касблар рўйхатига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқинг ва тасдиқланг. Бунда Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномани тузиш тўғрисидаги низомга асосланинг (АВ рўйхат рақами 870, 7.01.2000 й.).

Йўриқномаларда ишлаб чиқариш биноларида, корхона ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва ходимлар топширилган ишларни ёки хизмат мажбуриятларини бажарадиган бошқа жойларда ишларни бажаришда хавфсизлик талабларини белгиланг. Ушбу талабларнинг бажарилмаслиги ҳолатларини ишлаб чиқариш интизомини бузиш сифатида кўриб чиқинг.

Буйруқ билан қуйидагиларга топшириқлар беринг:

● тузилмавий бўлинмалар раҳбарларига – йўриқномаларни ишлаб чиқиш;

● меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига ёки мутахассисга – ўз вақтида йўриқномалар ишлаб чиқилишини, текширилишини, қайта кўриб чиқилишини ва тасдиқланишини назорат қилиш, услубий ёрдам кўрсатиш.

Йўриқномаларни алоҳида лавозимлар учун (масалан, электр-газ пайвандловчиси, слесарь-сантехник, лаборант ва бошқалар учун) ҳамда алоҳида турдаги ишлар (баландликдаги ишлар, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ишлари, синовлар ўтказиш ва бошқалар) учун ишлаб чиқиш мумкин.

Йўриқномани қандай расмийлаштириш кераклиги ва унда қандай бўлимлар берилиши ҳақида 870-сон Низомнинг II бўлимига ўқинг.

Йўриқнома лойиҳаларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хизмат ёки мутахассис билан, зарурат бўлганда эса бошқа манфаатдор хизматлар ва мансабдор шахслар билан келишиб олинг. Розиликни билдирадиган визалар қўйилганидан кейин, лойиҳаларни раҳбарга ёки бош муҳандисга тасдиқлаш учун 3 нусхада тақдим этинг.

Йўриқномалар амалга киритилган саналарни қайд этинг.

Амалдаги йўриқномаларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив талабларга мувофиқлигини:

● камида 3 йилда бир марта – хавф даражаси юқори бўлган лавозимлар (касблар) бўйича;

● камида 5 йилда бир марта – қолган тоифалар бўйича текшириб кўринг.

Ушбу муддат мобайнида ходимнинг меҳнат шароитлари ўзгармаган тақдирда, йўриқноманинг амал қилишини кейинги муддатга узайтиринг. Бу ҳақдаги ёзувни биринчи саҳифада қайд этинг («Қайта кўриб чиқилди» муҳри босилади, йўриқномани қайта кўриб чиқишга масъул бўлган шахснинг имзоси ва сана қўйилади).

Ҳар бир тузилмавий бўлинмада амал қиладиган йўриқномалар рўйхати ва комплекти бўлинма раҳбарида сақланиши лозим.

Йўриқномаларни ходимларга имзо чектириб беринг ва буни ҳисобга олиш журналида қайд этинг (870-сон Низомга 5-илова). Шунингдек йўриқномаларни рўйхатга олиш журналини расмийлаштиринг ва юритинг (870-сон Низомга 4-илова).

 

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш ва текшириш

Меҳнат мажбуриятларини бажариш чоғида ходимнинг соғлиғига шикаст етган бўлса, иш берувчи Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга (ВМнинг 6.06.1997 йилдаги 286-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ комплекс чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаши шарт.

Бахтсиз ҳодиса содир бўлганда, иш берувчининг буйруғига кўра иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи таркибида комиссия тузилади.

Комиссия:

● 3 сутка ичида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқиши, гувоҳлар ва меҳнат муҳофазаси қоидалари, меҳнат хавфсизлиги андозаларини бузишга йўл қўйган шахсларни аниқлаб сўроқ қилиши, имкони бўлса, жабрланувчидан тушунтириш хати олиши лозим;

● бахтсиз ҳодиса сабабларини йўқотиш чора-тадбирлари кўрсатилган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилган ҳолатлар тўғрисида далолатномани (Н-1 шаклидаги, 870-сон Низомга 1-илова) 3 нусхада тузиши ва имзо чекиб, уларни тасдиқлаш учун иш берувчига бериши керак.

Далолатномада бахтсиз ҳодиса сабабларини, шунингдек гувоҳларини кўрсатинг.

Раҳбар томонидан тасдиқланганидан сўнг далолатномани қуйидагиларга юборинг:

● шикастланган ходимга ёки унинг вакилига;

● меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига ёки мутахассисига – текширув материаллари билан бирга;

● давлат меҳнат техника инспекторига.

Далолатнома нусхалари қуйидагиларга юборилади:

● касаба уюшмасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига;

● тегишли назорат остидаги корхоналар ёки объектлардаги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки «Ўздав­энергоназорат» агентлиги органининг вакилларига;

● вазирликка (хўжалик бошқаруви органларига) ёки юқори турувчи хўжалик органига уларнинг талаблари бўйича.

Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилган бахтсиз ҳодисалар алоҳида журналда рўйхатдан ўтказилади ва ҳисобга олинади.

Гуруҳ бўлиб содир этилган, ўлимга олиб келган ёки оғир оқибатларни келтириб чиқарган бахтсиз ҳодиса ҳақида қуйидагиларга хабар берилиши лозим:

● давлат меҳнат техника инспекторига;

● юқори турувчи хўжалик органига;

● Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, унинг вилоят бўлинмалари;

● бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;

● бахтсиз ҳодисага учраган ходимни жўнатган ташкилотга;

● бахтсиз ҳодиса назорат қилинадиган корхоналарда (объектларда) содир бўлган тақдирда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг маҳаллий органларига ва «Ўздав­энергоназорат» агентлигининг ҳудудий органларига;

● иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шартномаси бўйича суғурталовчига.

 

Александр Навотний,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи,

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2427 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика