Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 08 / Паспорт масалалари

Электрон визани расмийлаштириш

 

Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида электрон виза олиш тартиби қандай?

 

– Электрон виза олиш учун «E-Viza.uz» тизими веб-порталига якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб (беш нафар ёки ундан ортиқ вояга етган фуқаролар) мурожаат қилиш лозим. Гуруҳга визани расмийлаштириш тартиби, унинг тури танловидан ташқари, якка тартибдагигига ўхшашдир. Порталда ўзбек, инглиз, рус ва бошқа тиллардаги ахборот ресурслари берилган (Низомнинг 13, 14-б., 4.07.2018 йилдаги ПҚ-3836-сон қарорга 1-илова).

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат Ўзбекистон Республикасига келиш мўлжал қилинаётган санага камида 3 иш куни қолганда юборилиши лозим. Мурожаатни расмийлаштириш жараёни ариза берувчи электрон манзилдан (e-mail) ёки бошқа идентификаторлардан (мобиль телефон рақами, ижтимоий тармоқлардаги аккаунт) фойдаланган ҳолда авторизациядан ўтиши мумкин (Низомнинг 15, 16-б.).

Хорижий фуқаро мурожаат қилганда ВМ ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва ЎзР Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда ЎзР ТИВ ва ДХХ томонидан белгиланадиган шакл бўйича шахсий маълумотларини киритади (Низомнинг 17-б.).

Тақдим этилган маълумотлар дастлабки ишловдан ўтказилганидан ва ушбу маълумотлар олинганлиги портал томонидан тасдиқланганидан кейин хорижий фуқаро электрон виза расмийлаштирилганлиги учун тўлов тўлаши ва уни олиши мумкинлиги тўғрисида хабардор қилинади. Тўловни порталга интеграцияланган халқаро тўлов тизимлари орқали электрон шаклда амалга ошириш мумкин. Бунда ариза берувчи халқаро банк картаси эгаси бўлиши талаб этилмайди (Низомнинг 18-б.).

Ўзбекистон Республикаси билан тузилган халқаро битимларга мувофиқ хорижий фуқаро республикага визасиз асосда ташриф буюришга ҳақли бўлса, мурожаат кўриб чиқиш жараёни электрон виза расмийлаштирилгунига қадар портал томонидан тўхтатилади ва ариза берувчи визани расмийлаштиришга зарурат йўқлиги ҳақида хабардор қилинади (Низомнинг 19-б.).

Тўлов тўлангандан кейин хорижий фуқаронинг электрон манзилига унинг мурожаати кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида хабар юборилади, хабарда мазкур мурожаатнинг идентификация рақами кўрсатилади (Низомнинг 20-б.).

ЎзР қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда хорижий фуқаронинг электрон почтасига тегишли хабарнома юборилган ҳолда электрон виза бериш рад этилиши мумкин. Бунда консуллик йиғими суммаси қайтарилмайди (Низомнинг 21-б.).

Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ижобий бўлганда Давлат персоналлаштириш маркази ва ЎзР Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда ЎзР ТИВ ва ДХХ томонидан белгиланадиган шакл бўйича электрон кириш визаси ариза берувчининг электрон манзилига юборилади (Низомнинг 22-б.).

Электрон виза ҳақиқий йўл ҳужжати (паспорт) асосида берилади. Уни алмаштириш ҳолатларида электрон виза қайта олиниши лозим. Бунда давлат божи қайта тўланади.

Йўл ҳужжатида ва электрон визада кўрсатилган маълумотлар ўртасида номувофиқликлар ёки визани расмийлаштириш чоғида жойлаштиришда 3 тадан кўп техник хато ёки бошқа хатолар борлиги аниқланган тақдирда, хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикасига кириши рад этилади (Низомнинг 23-б.).

Электрон виза уни расмийлаштирган хорижий фуқаронинг йўл ҳужжатига (паспортига) ёпиштирилмайди (Низомнинг 24-б.).

Расмийлаштирилган электрон визанинг ҳақиқийлиги ва унинг амал қилиш муддати порталнинг маслаҳат сервислари орқали текшириб кўрилиши мумкин. Электрон визанинг амал қилиш муддати тугаганда порталнинг ахборот ресурсларидан электрон мурожаат ҳолати тўғрисидаги барча маълумотлар ўчириб ташланади (Низомнинг 25-б.).

Хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги ўтиш пунктларидан ўтаётганида унинг номига расмийлаштирилган электрон ёки қоғоз шаклидаги ҳақиқий электрон визани тақдим этади. ЎзР ДХХ Чегара қўшинлари хорижий фуқарода электрон виза мавжудлигини мустақил текшириб кўришлари мумкин (Низомнинг 26-б.).

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 415 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика