Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 07 / Бухгалтер эътиборига

Қоғозли ҳисобварақ-фактуралар «қайта бўй кўрсатганда» нима қилиш керак?

 

Ўтган йилнинг I ярим йиллиги учун ҚҚС ҳисоб-китобларини қайта топшираётган бухгалтерлар боқимонда ҳақида билдиришнома олишди. У қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича ҳисобга олинган ҚҚС ҳисобига ҳосил бўлади.

Вазиятни солиқ консультанти Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди. Эксперт бухгалтерларга 2020 йил I ярим йиллиги учун ҳисоб-китобни қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича ҳисобга олишни инобатга олган ҳолда қайта топширишга имкон бериш зарур, деб ҳисоблайди.

 

– Бундай вазият 2020 йил июлдан бошлаб 10006_14 код билан ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли жорий этилганлиги, ундаги 4-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» ва 5-«Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловалар автоматик тарзда тўлдирилиши туфайли юзага келган. У қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш имконини бермайди. Ва бугун бу – унинг ёрдамида ҚҚС ҳисоб-китобини топшириш ёки қайта топшириш мумкин бўлган ягона ишчи шакли.

«Янги технологиялар» ИАМда вазиятни 2020 йил 1 январда кучга кирган СКнинг 47-моддасидан иқтибос келтириб шарҳлашади: «Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар мазкур моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт. Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади».

Қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҳисобга олишни эътиборга олган ҳолда ҚҚСни қайта топшириш имконияти мавжуд эмаслигини мулоҳаза қилиб, ИАМ ва Давлат солиқ қўмитасида бу нормани – фақат электрон шаклда ҳисобварақ-фактураларни шакллантиришга йўл қўядиган норма сифатида қатъий талқин қилишади. Бу – хато фикр!

Қолаверса, МВ ва ДСҚнинг 30.12.2019 йилдаги 06/04-01-32/3953-сон ва 12-37999-сон Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2020 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот хабарининг 8-бандида: «Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактура операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлга қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар», дейилган. Шунга асосланиб, ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда расмийлаштириш мураккаб бўлган ҳолларда, бухгалтерлар ҳолатдан ҳужжатни қоғоз шаклида расмийлаштирган ҳолда чиқишган.

Бундан ташқари, 2020 йил I чоракда электрон ҳисобварақ-фактура тизимининг ишлаши билан боғлиқ кўплаб ташкилий масалалар ҳал қилинмай қолганди. Хусусан, СКнинг 47-моддаси нормасига тушунтиришни – ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилиши ҳақида – биз фақат 2020 йил августда 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ қабул қилиниши билан олдик, бу қарор билан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.

Ушбу низомнинг 10-бандида қуйидагилар белгиланган:

● ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади. Истисно – солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилиши;

● товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.

2020 йил 14 августга қадар қонунчиликда шунга ўхшаш нормалар бўлмаган.

Бунда 489-сон ВМҚ чиққанидан кейин ДСҚ томонидан муайян муддатдан кейин ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топширишда қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича ҳисобга олинган суммаларни ҳисобга олиш имконияти бўлмаслиги ҳақида ҳеч қандай огоҳлантиришлар берилмаган. Агар регулятор томонидан бундай тушунтириш берилганида, солиқ тўловчилар олдиндан ҳаракатга тушишарди ва қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар бўйича маълумотларни ЭҲФ тизимига киритган бўлишарди.

Эътиборни шунга қаратмоқчиманки, 2020 йил I ярим йиллик учун ҳисобварақ-фактураларнинг барибир қоғоз шаклида қолиб кетган аксарият қисми – бу давлат ташкилотлари, коммунал хизмат кўрсатиш ва алоқа соҳаси корхоналари билан тузилган битимлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар.

Менинг назаримда, юзага келган вазиятдан чиқишнинг фақат битта қонуний ва адолатли йўли мавжуд – ДСҚ солиқ тўловчиларга 2020 йил биринчи ярим йиллиги учун ҳисоб-китобларни 10006_13 коди билан ҚҚС ҳисоб-китобининг эски шаклидан фойдаланган ҳолда қайта топшириш имкониятини бериши керак. У қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш имконини беради.

Прочитано: 654 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика