Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 07 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори


Мамлакатимизда юқори сифатли чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, соҳада кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этишни рағбатлантириш мақсадида:

1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги «Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2718-сон қарорига асосан очилган кредит линияларининг танланмаган маблағлари ҳисобидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 2021–2022 йилларда чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияларини устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган тижорат банкларида очиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси мазкур қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган кредит линияларини тегишли тижорат банкларига 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 4 фоиз ставкаси шартларида очади;

кредитлар тадбиркорлик субъектларига замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 2 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 6 фоиз ставкасида ажратилади.

3. 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган хом ашё, материаллар ва фурнитуралар рўйхати 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг «Ойбек-автойўл» (Тошкент вилояти) ва «Сариосиё-автойўл» (Сурхондарё вилояти) чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда эксперимент тариқасида маҳаллий тайёр маҳсулотлар савдосига ихтисослаштирилган савдо нуқталарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ушбу савдо нуқталарида фаолият юритадиган тадбиркорлар томонидан реализация қилинадиган ҳамда қўшни давлат ҳудудига олиб чиқилган товарлар экспортга тенглаштирилсин.

Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан биргаликда бир ой муддатда «Ойбек-автойўл» ва «Сариосиё-автойўл» чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда савдо нуқталарини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилишини ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тегишли инфратузилмалар яратилишини таъминласин.

«Ўзчармсаноат», «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзбекипаксаноат», «Ўзэлтехсаноат» ва бошқа уюшмалар ташкил этиладиган савдо нуқталарини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сифатли маҳаллий маҳсулотлари билан таъминласин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар эксперимент натижаларидан келиб чиқиб, республиканинг бошқа халқаро қатновлари учун очиқ бўлган чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда маҳаллий тайёр маҳсулотлар савдосига ихтисослаштирилган савдо нуқталарини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

5. «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республика ҳудудларида ва хорижий давлатларда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган «Multibrand» дўконларини ташкил этиш ва унинг электрон савдо платформасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

«Multibrand» дўконларини республика ҳудудларида ва хорижда ташкил этиш ҳамда унинг электрон савдо платформасини яратиш, шунингдек, «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзоларининг етакчи электрон савдо платформаларида маҳаллий чарм маҳсулотларини жойлаштириш бўйича харажатларини Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширишга розилик берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда янги ташкил этилаётган «Multibrand» дўконларининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказий шаҳарларида аҳолига қулай жойларда жойлаштирилишини таъминласин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан биргаликда «Multibrand» дўконларини хорижий давлатларда ташкил этиш бўйича тегишли чораларни кўрсин.

6. «Ўзстандарт» агентлиги:

икки ой муддатда чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, жун ва мўйнадан тайёрланган буюмларга уларни синовдан ўтказиш усулларига талабларни белгиловчи стандартлар бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказсин ва халқаро меъёрларни ҳисобга олган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2021 йил 1 мартга қадар чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, жун ва мўйнадан тайёрланган буюмларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, соҳага тегишли бўлган синаш бўйича халқаро, минтақавий ва хорижий давлатларнинг стандартларини асли ёзилган тилларда қабул қилиш чораларини кўрсин.

7. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

9. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳар ярим йил якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 8 февраль

ПҚ-4982-сон.

Прочитано: 426 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика