Сирдарёда пандемия шароитида ўз фаолиятини бир зум бўлса-да, тўхтатмаган корхоналар талайгина. Ана шундай корхоналардан бири Гулистон шаҳридаги тўқув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «Neo Cotton» масъулияти чекланган жамиятидир.
Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиқиб ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан берилган тегишли топшириқ доирасида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ва «Гулистон» ТИФ божхона постининг маъсул ходимлари ушбу корхонага ташриф буюриб, карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда учрашув ташкил қилди.
– Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда қарийб 250 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада Италия ва Хитойдан олиб келинган ускуналар ёрдамида бир кунда ўртача 25 минг дона пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда, – дейди жамият раҳбари С.Пўлатов. – Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бошқа ишлаб чиқариш корхоналари қатори бизга ҳам катта имкониятлар берди.
Корхона бу йил ҳам ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни ўз олдига мақсад қилган ва шунинг учун шу кунларда Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Соф фойда ҳисобидан ишчиларга барча қулай шароитлар яратилган, 120 ўринга мўлжалланган ошхона, ишчиларни ташиш учун 2 та автобус ажратилган, шунингдек ишчилар доимий равишда махсус кийим бош билан таъминланган.
Жамият томонидан 2020 йилда 1,6 млн АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотлар Россия давлатига экспорт қилинган бўлиб, ушбу даврда жамиятга нисбатан 574,35 млн сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Бундай учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.