Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 04 / Молия

Марказий банк қайта молиялаштириш ставкаси ўзгармади

 

Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январда асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди.

2021 йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10%дан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

 

2021 йил учун прогнозлар

2021 ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20% атрофида бўлиши кутилмоқда.

Тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши ва инфляция омилларининг мувозанатлашиши ҳисобига 2021 йил якуни бўйича инфляция даражасининг 9-10 %га қадар янада пасайиши кутилмоқда.

Бироқ асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади.

Марказий банк баҳолашларига кўра, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсишнинг базавий прогнозларини қўллаб-қувватлаш ва пул бозорида ижобий реал фоиз ставкаларни (3-4% даражасида) таъминлаш учун етарли ҳисобланади.

 

Эҳтимолий хатарлар

Яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.

Манба: cbu.uz

Прочитано: 519 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика