Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги 21-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди, унинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
● божхона органларида кинология хизматини тубдан такомиллаштириш;
● Марказда наслчилик ишларини самарали олиб бориш;
● кинологларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш;
● хизмат итларини тайёрлаш.
Шунингдек қуйидаги низомлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди:
● ДБҚнинг Миллий кинология марказида кинологларни тайёрлаш, итларни ўргатиш ва сотиш тартиби тўғрисидаги низом;
● ДБҚнинг Миллий кинология марказидаги хизматга яроқсиз итларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом;
● ДБҚнинг Миллий кинология маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика ишлари бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом.
Таъкидлаш жоизки, Марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика ишлари бўйича пулли хизматларни кўрсатиш Марказ ҳудудидаги ветеринария клиникаси орқали алоҳида ташкил этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.01.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.