Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 04 / Солиқ солиш

Кафолат бўйича товарни алмаштириш

 

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона қудуқлар учун насослар ишлаб чиқаради. Уларни реализация қилаётганда харидорларга юклаб жўнатилган кундан бошлаб 12 ойлик кафолат берамиз. 2019 йил декабрь ойида насос реализация қилганмиз, 2020 йил июнь ойида харидор насосдаги электр двигатель бузилгани тўғрисида далолатнома тақдим этди ва уни кафолат асосида алмаштириб беришимизни сўради. Биз харидорга, ҳақини олмаcдан, кафолат асосида янги электр двигателни бердик.

Насосдаги электр двигателни кафолат асосида бепул алмаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади?

 

– Кафолат мажбуриятларини бажариб, электр двигателни бепул берасиз. Харидорлар маҳсулотларингизни сотиб олиб, кафолат муддати давомида бузилиб қолса уни бепул алмаштириб беришингизга ишонадилар. Бу сотиш ҳажмини оширади.

Товарни бепул бериш товарларни реализация қилиш бўйича айланма бўлиб, унга ҚҚС солинади. Бундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар бундан мустасно (СК 238-м. 1-қ. 1-б., ­239-м. 1-қ. 2-б.).

Товарларни бепул бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб ­эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида амалга оширилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса (СК ­239-м. 3-қ.).

Электр двигатель харидорга кафолат асосида бепул берилганда биринчи ва иккинчи шартлар бажарилади. Бинобарин, бериш ҚҚСсиз амалга оширилади.

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида солиқ базасидан асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар чегириб ташланади. Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар тушунилади (СК 305-м.).

Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб ­эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса (СК ­305-м. 4-қ.).

Бу ерда ҳам биринчи ва иккинчи шартлар бажарилмоқда. Фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблаб чиқариш чоғида кафолат бўйича бепул берилган электр двигателнинг таннархи чегирилади.

Бундан ташқари, СКнинг ­316-моддасига мувофиқ, корхона кафолатли таъмирлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш юзасидан келгуси харажатлар учун захира ташкил этишга ҳақли. Агар корхона захира ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилса, кафолатли ­таъмирлашга доир ҳақиқий харажатларни ҳисобдан чиқариш ташкил этилган захира ҳисобидан амалга оширилади. Агар ташкил этилган захиранинг суммаси солиқ тўловчи томонидан амалга оширилган таъмирлаш харажатларининг суммасидан кам бўлиб қолса, улар ўртасидаги фарқ чегирмалар жумласига киритилиши лозим (СК 316-м. 7-қ.).

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти

Прочитано: 354 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика