Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 50 / Юридик маслаҳатлар

Агар солиқчилар тугатилаётган корхонани текширишмаса

 

2020 йил 1 январдан бошлаб корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг янги тартиби жорий этилган (Низом, 21.08.2019 йилдаги 704-сон ВМҚга 1-илова). Бизнесни тугатиш, унинг сабаблари ва корхонанинг юридик шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик, молия ва хўжалик фаолиятининг, шунингдек ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмаган ҳолда амалга ошишини назарда тутади. Янги тартиб тартиб-таомилларнинг ўзини соддалаштирганига қарамай, амалиётда тугатилаётган корхонага боғлиқ бўлмаган муаммолар юзага келади. Бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилишни «Norma» компаниясининг юридик масалалар бўйича экспертлари – адвокат Элеонора Мазурова ва юрист Альберт Сафин тушунтиришди. 

 

 

1-вазият.

Банк солиқ текшируви ўтказилмаганлигига ҳавола қилиб, тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини қабул қилмаяпти

– Талабларга мувофиқ тугатилаётган МЧЖ Давлат хизматлари маркази ва банкка таъсисчиларнинг корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори нусхасини юборди. Давлат хизматлари маркази ўз сайтида ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилди. Хизмат кўрсатувчи банк ҳужжатни фақат корхона солиқ органи томонидан текширилгандан кейин қабул қилишини маълум қилган ҳолда қарор нусхасини қабул қилишни рад этди.

Солиқ текшируви ўтказилмагунча корхонани тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини қабул қилишни рад этган банкнинг ҳаракатлари қонунийми?

Вазиятни тушуниш учун ихтиёрий тугатишнинг барча босқичларини хронологик тартибда кўриб чиқамиз.

1. Тугатувчи таъсисчилар томонидан ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейинги иш кунидан кечикмай:

Давлат хизматлари марказига – ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;

  • талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағига, хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка:
  • ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
  • имзолар намуналари ва тугатувчи муҳрининг босма изи қўйилган карточкаларнинг икки нусхасини;
  • миллий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақларига, жамғарма депозит ҳисобварақларига ва муддатли депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани;
  • хорижий валютадаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақлари очилган банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг депозит ҳисобварақларига, миллий валютадаги асосий ҳисобварағи очилган жойда очилган хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани жўнатади (Низомнинг 16-б.).

Юқорида санаб ўтилган талаблардан банк сиздан тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини қабул қилиши шартлиги келиб чиқади, сабаби банклар хабардор қилинган пайтдан эътиборан:

  • маблағларни ҳисобдан чиқаришга фақат тугатувчининг топшириғига биноан йўл қўйилади;
  • 2-сон картотеканинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади;
  • миллий ва хорижий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақлари, жамғариладиган ҳамда муддатли депозит ҳисобварақлари ёпилиб, ҳисобварақдаги миллий валюта қолдиқларини асосий ҳисобварағига, хорижий валюта қолдиқларини хорижий валютада очилган ҳисобвараққа ўтказиб берилади (Низом 18-б. «б» кичик бандининг 12-хатбошиси).

Ва банк ҳужжатни қабул қилмагунча, юқорида санаб ўтилган ҳаракатларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Бунинг устига, тақдим этилаётган ҳужжатнинг тугатиш чоғида ўтказиладиган солиқ текширувига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўз навбатида солиқ текшируви натижалари банкка тақдим этилмайди.

Текширувдан кейин ҳисобварақни ёпиш учун банкка тақдим этилиши зарур бўлган ягона ҳужжат – бу солиқ инспекциясининг сизнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзингиз йўқлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек, ижро этилмаган тегишли ижро ҳужжати иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақида Бюронинг хабарномаси. Бундай хулосани солиқ хизмати фақат тугатиш балансини қабул қилгандан кейин беради (Низомнинг 32, ­33-бандлари).

Шу боис, агар банк ходими таъсисчиларнинг тугатиш тўғрисидаги қарори нусхасини қабул қилишни рад этса, сиз банк бошқарувчисига улар қайси асосга биноан ҳужжатни қабул қилмаётганликларини тушунтиришларини талаб қилиб мурожаат қилишингиз зарур. Агар муаммо ҳал қилинмаса, Марказий банкка мурожаат қилинг. Буни ишонч телефони, мурожаатлар портали, хат орқали ёки шахсан бориб амалга ошириш мумкин. Муаммонинг моҳиятини баён этинг, сизнинг банкингиз ходимлари бажаришдан бўйин товлаётган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисида низомнинг аниқ бандларига ҳавола беринг.

 

 

2-вазият.

Давлат хизматлари маркази корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан 2 ой ўтди. Солиқ инспекцияси ҳануз солиқ текширувини ўтказмади. Шу вақтнинг ўзида солиқ инспектори телефон орқали солиқ текшируви ўтказилгунга қадар ҳеч бўлмаганда бир нафар ходимга ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳисоботларни топшириш ва солиқларни тўлашни давом эттиришни талаб қилмоқда

– Энг аввало, солиқ инспекцияси хабардор қилинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ташкилотнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга киришиши шарт. Уни Давлат хизматлари маркази таъсисчиларнинг корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори нусхасини олгандан кейин 1 иш куни ичида хабардор қилади (Низомнинг 17, 21-бандлари).

Афсуски, корхонанинг ўзи текширув ташаббуси билан чиққанда, текширув муддатларини чўзиб юбориш муаммоси тез-тез учраб туради. Бироқ сиз сабот билан кутсангиз ва текширишларини талаб қилиб туриб олмасангиз, кейинчалик бу сизга қўшимча муаммолар туғдиради.

Масалан, инспектор норасмий тарзда, телефон орқали гўёки бир нафар ишлаётган ходим учун, қачонки тугатувчи барча ходимларни ишдан бўшатган бўлсада, солиқ тўлашни илтимос қилади. ДСИнинг бундай талаблари ноқонунийдир, сиз уларни эътиборсиз қолдиришингиз мумкин. Ваҳоланки, тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ташкилотнинг барча ходимлари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиши шарт (Низом 19-бандининг «а» кичик б.). Корхонани ўз вақтида текширмаслик эса – сизнинг эмас, балки солиқ инспекциясининг айбидир. Ихтиёрий тугатиш тартиб-таомили бўйича сиз томондан барча зарур ҳаракатлар амалга оширилганлиги боис, сизга нисбатан молиявий санкциялар кўринишидаги оқибатлар қўлланилиши мумкин эмас.

Шундай бўлиши мумкинки, сизга собиқ ходим пенсияни расмийлаштириш учун иш даври учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома юзасидан келиши мумкин. Маълумки, ҳужжатларни тўплаш учун ижтимоий таъминот бўлимлари чекланган вақт белгилайдилар. Сизнинг корхонангиз тугатиш босқичида бўлганлиги боис, ҳужжатларни рўйхатга олиш учун барча журналлар ёпилган, бироқ ҳужжатлар архивга ҳам топширилмаган, сабаби солиқ текшируви ҳали ўтказилмаган. Бундан келиб чиқадики, сиз ҳам, архив ҳам айбингиз бўлмаган ҳолда пенсияни расмийлаштираётган инсонга маълумотномани беролмайсиз.

Шунингдек, тугатиш учун тақдим этиладиган имтиёзлар ва муддатларга эътибор бериш зарур. Давлат хизматлари маркази тугатиш тўғрисида хабардор қилинган пайтдан эътиборан ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилади. Бироқ, агар тугатиш 6 ой муддатда тугалланмаса, ушбу имтиёзлар бекор қилинади, барча тегишли тўловлар эса уларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатиб қўйилган давр учун тўлиқ ҳажмда ундирилади (Низом 18-бандининг «а» кичик б., 38, 39-бандлари).

Тугатиш муддати солиқ органларининг айби билан ўтказиб юборилган вазиятларда нима рўй бериши юзасидан қонунчилик аниқ жавоб бермайди. Ва афтидан, белгиланган муддат ўтгач, сиздан бутун давр учун солиқлар ва бошқа тўловларни ундириб олишади. Шундан кейингина, судга мурожаат қилган ҳолда сиз ўзингизга боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни амалга оширганлигингиз ва тугатиш муддатларининг бузилишида айб солиқ органларининг зиммасида эканлигини исботлайсиз.

Шу боис, ихтиёрий тугатишнинг 6 ойлик муддатига риоя қилиш мақсадида, ДСИга қайси сабабга биноан молия-хўжалик фаолиятининг солиқ текшируви ўтказилмаганлиги бўйича сўров билан мурожаат қилинг. Шунингдек – ДСИ ходимлари қонунчилик талабларини бузаётганликларини кўрсатинг. Судда бу ёзишма сизга ёрдам беради. Ҳар ҳолда, сиз қўлингиздан келган барча нарсани бажарганингизни исботлайди.

Прочитано: 654 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика