Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 50 / Кадрлар бўлими

Агар ходима ҳақ тўланадиган декрет таътилини тўхтатса, иш ҳақи тўлиқ ҳажмда тўланадими

 

Ходима ҳомиладорлик муддатининг 30-ҳафтасида меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этган ҳолда декретга чиқди. Иш берувчи унга ҳақ тўлади. Бироқ бола туғиш чоғида нобуд бўлди, аёл декрет тугашидан олдин ишга чиқиш истагини билдирди. Бундай вазиятда иш берувчи қандай йўл тутиши лозим? У ходимага «касаллик варақаси» учун тўлиқ миқдорда ҳақ тўлади, энди эса иш ҳақи тўлаши керак, сабаби ходима ўз меҳнат вазифаларини бажаришга киришди. 

Мазкур вазият юзасидан buxgalter.uz илтимосига биноан «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова ва «Profi Training» бизнес-мураббийи, молиявий директори Юлия Пакидишева (ACCA DipIFR, CAP) ўз фикри билан ўртоқлашишди.

Иш берувчини «касаллик варақаси» мавжуд бўлган тақдирда ишга қўйганлиги учун жазолашлари мумкин

Ленара Хикматова:


– «Касаллик варақаси» шу боис ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаси дейилади, сабаби ходим муайян вақт соғлиғининг ҳолати бўйича ишлолмайди (мазкур ҳолда – яқинда бўлган туғруқ муносабати билан) ва тегишинча – иш ҳақи ололмайди. Нафақа эса айнан бундай даврда ходимани моддий қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган. Бунинг устига иш берувчи шуни назарда тутиши жоизки, аёлнинг туғруқдан кейин дарҳол меҳнатга лаёқатсизлик варақасида белгиланган тиклаш даврисиз ишда бўлиши, унинг соғлиғининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Шу боис ўйлайманки, иш берувчи ходиманинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан ишга муддатидан олдин чиқиш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирмаслиги ва ҳатто у тегишли ариза тақдим этган тақдирда ҳам «касаллик таътили» тугагунга қадар ишга қўймаслиги керак».

 

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мавжуд бўлган тақдирда ишга қўйганлик учун компания раҳбарини меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун МЖТКнинг 49-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин.

 

Агар туғруқ таътилидаги ходима барибир ишга чиққан бўлса...

Юлия Пакидишева:

– «Касаллик варақаси»ни амбулатор поликлиникасининг акушер-гинекологи (умумий амалиёт шифокори) даволаш муассасасининг бош шифокори ўринбосари билан биргаликда беради.

Ҳар доим ҳам у 126 календарь кунга берилмайди. Жумладан, ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасигача рўй берган туғруқда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси:

  • тирик бола туғилганда – 126 календарь кунга;
  • бола ўлик туғилган ёки туғруқ муассасасидан чиққунга қадар нобуд бўлганда – 70 кунга берилади.

Агар аёл ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан кейин мурожаат қилганда, туғишга қадар неча кун қолганидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мурожаат қилган кундан тўлиқ 126 календарь кунига берилади (Йўриқноманинг 28-б., АВ рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бирйўла тўланади (Низомнинг 104-б., АВ рақами 1136, 8.05.2002 й.).

Бизнинг ҳолда иш берувчи тўғри тарзда нафақани тўлиқ ҳажмда тўлаган. Энди аёл ишга муддатидан олдин – ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугашидан олдин ишга чиққан тақдирда у қандай йўл тутишини муҳокама қиламиз.

«Касаллик варақаси»га иш берувчи томонидан ўзгартиришлар, тузатишлар киритилиши  ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас – бу унинг ҳуқуқи эмас. Иш берувчи ходимани ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан чақириб олиши ҳам мумкин эмас. Бу ерда ходимни МКнинг 147-моддасида назарда тутилгани каби меҳнат таътилидан чақириб олиш мумкин бўлган вазиятдаги сингари йўл тутиб бўлмайди. Касаллик варақаларини очиш ва ёпиш – тиббиёт муассасаларининг мутлақ ҳуқуқидир. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини фақат иш берувчи томонидан ортиқча тўлаш санашда (арифметик) адашиш ёки нафақа олувчининг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши, уларга қонунга хилоф равишда ўзгартириш киритиш туфайли содир бўлган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилишга йўл қўйилади (Низомнинг 109-б.).

Иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати тугагунча ишга чиққан ходимага ҳақиқатда ишланган вақт учун меҳнат ҳақи тўлаши шарт. Тўғри, бунда у молиявий жиҳатдан ютқазади. Бундай вазиятда корхона раҳбарига нима маслаҳат бериш мумкин?

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ходимнинг асосий иш жойидан корхонанинг Ижтимоий суғурта бўйича комиссияси ёки шу иш учун вакил қилинган комиссия аъзоси томонидан тайинланади (Низомнинг 93-б.).

Комиссия:

  • ходимнинг нафақага бўлган ҳуқуқини;
  • ҳақ тўланиши лозим бўлган кунлар сонини;
  • тайинланган нафақанинг иш ҳақига нисбатан фоиздаги миқдорини белгилайди.

Маълумотлар корхона комиссиясининг нафақа тайинлаш ва тўлаш баённомасида қайд қилинади (Низомнинг 98-б.).

Кўриб чиқилаётган ҳолда корхона раҳбари Комиссия тузишга ҳақли, у ходимага меҳнат ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш миқдори тўғрисида қарор чиқариши мумкин. У Меҳнат шартномасида келишилган тарзда ёки Комиссиянинг олдиндан ходима билан келишган ҳолда таклиф этган ҳисоб-китобига асосан тўлиқ миқдорда тўланиши мумкин. Баённома, қарор ва тасдиқланган ҳисоб-китоблар ходима томонидан шахсан имзоланиши керак. Мазкур ҳужжатлар компания учун тўлиқ бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисоблаш тўғрисида асос бўлади».

 

Агар иш берувчи комиссия билан биргаликда бир томонлама тартибда ходиманинг меҳнатига ҳақ тўлашни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилса, бу меҳнат шартномаси шартларини бузиш ҳисобланади. Шартномадаги бундай тузатиш МКнинг 5-моддасига асосан ҳақиқий бўлмайди.

Прочитано: 213 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика