Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 49 / Кадрлар бўлими

Вафот этган ходимнинг иш ҳақи кимга берилади

 

Компания ходимларидан бири вафот этди. Олинмаган иш ҳақи ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация суммаси анча миқдорни ташкил этди. Бухгалтерия ушбу суммани вафот этган ходимнинг бевасига берди. Бироқ кейинги куни вафот этган ходимнинг отаси келиб уларни судга беришини айтиб пўписа қилди. 

 

– Ҳақиқатан ҳам, вафот этган ходимнинг иш ҳақини кимга бериш лозимлигини тўғри белгилаш муҳимдир. Акс ҳолда низолар юзага келиши ва судда муҳокама қилишгача етиб бориши мумкин.

МКнинг 162-моддасига мувофиқ ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилади.

Оила кодексининг 5-моддасига мувофиқ қуйидагилар оила аъзолари жумласига киритилади: эр-хотин, ота-она, болалари (фарзандликка олинганлар ва фарзандликка олганлар). Дарвоқе фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида никоҳи рўйхатдан ўтказилганлар эр-хотин ҳисобланади. Тегишли равишда, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳдаги турмуш ўртоғи вафот этган ходимнинг иш ҳақини олишга ҳақли бўлмайди (ОК 5,13-м.).

Шунингдек никоҳ расман бекор қилинган ҳолатда собиқ турмуш ўртоғи, ҳатто вафот этган кунгача бирга яшаган тақдирда ҳам вафот этган ходимнинг иш ҳақини олишга ҳақли бўлмайди.

Меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин (ОСПнинг 20.07.2011 йилдаги 05-сон қарори 17-б. 5-хатбоши).

 

Вафот этган ходимнинг иш ҳақини олишга бўлган ҳуқуқ устунлиги

Меҳнат кодексида иш ҳақини олишга ким (вафот этган ходимнинг турмуш ўртоғи ёки унинг ота-онаси) устувор ҳуқуққа эга бўлиши қайд этилмаган. Шу боис иш берувчига биринчи бўлиб мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни тақдим этган оила аъзосига ёки қарамоғидаги шахсга ходимнинг иш ҳақини бериш мумкин деб ҳисоблаймиз.

Вафот этган ходимнинг иш ҳақини беришни сўраб мурожаат қилган шахсдан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қонун ҳужжатларида қайд этилмаган. Қоидага кўра, қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • вафот этган ходимнинг иш ҳақини олиш учун ёзма шаклдаги ариза;
  • паспорт ёки олувчининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • вафот этган ходим билан қариндошлигини ёки унинг қарамоғида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқалар).

Кўриб чиқилаётган вазиятда турмуш ўртоғи биринчи бўлиб иш ҳақини беришларини сўраб мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни тақдим этган бўлса хавотирланишга ҳожат йўқ. Сиз унга вафот этган турмуш ўртоғининг иш ҳақини бериб, қонунни бузмагансиз. Иш ҳақини олишга бўлган ҳуқуқини тақдим этган бошқа қариндошларига иш ҳақи берилганлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишингиз мумкин.

 

Вазият.

Вафот этган ходим билан никоҳда бўлганлиги далили шубҳа уйғотганда

Ходим вафот этганидан кейин унинг иш ҳақини олиш учун ўзини турмуш ўртоғи деб таништирган аёл мурожаат қилган ҳамда паспортидаги никоҳ тўғрисидаги қайдни кўрсатди. Бироқ ҳамкасблари, шу жумладан раҳбарлар ҳам ходим аллақачон никоҳдан ажрашган деб билардилар.

Ушбу ҳолатда никоҳ масаласига ойдинлик киритиш учун иш берувчи никоҳ рўйхатдан ўтказилган (паспортдаги қайд бўйича) ФҲДЁ бўлимига тегишли сўров тақдим этиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай чора вафот этган қариндошининг иш ҳақини олиш учун мурожаат қилган бошқа оила аъзолари эътироз билдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга имкон беради.

 

Иш ҳақини бир нечта қариндошлар ўртасида тақсимлаш мумкин

Иш ҳақини олиш учун бир вақтнинг ўзида бир неча оила аъзолари ва қарамоғидаги шахслар мурожаат қилган бўлса ёки сиз бошқа оила аъзолари томонидан эътироз билдирилишидан хавотирланиб пулларни битта қариндошига беришни хоҳламаётган бўлсангиз, бир нечта вариантдан фойдаланиш мумкин:

1) қолганларнинг олдиндан ёзма розилигини олган ҳолда иш ҳақини оиланинг бир аъзосига бериш (пластик картасига ўтказиш – олувчида у мавжуд бўлган тақдирда);

2) оиланинг бир аъзосига пулларни бериш учун оила аъзоларининг ёзма розилиги мавжуд бўлмаганда, иш ҳақини улар ўртасида тенг баравар тақсимлаш;

3) оила аъзолари ўртасида низо юзага келиб, улар на биринчи ва на иккинчи вариантга рози бўлмасалар, у ҳолда иш ҳақи нотариусдан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ёки меросхўр деб эътироф этиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган суд қарорини тақдим этган оила аъзосига берилади (ФК 1146-м.).

Иш ҳақи берилганлиги далили қайд этилиши шарт: олувчидан (олувчилардан) пулларни олганлиги тўғрисида имзо чекишини талаб қилинг, имзо чекишни рад этган тақдирда ташкилотнинг бошқа ходимлари гувоҳлигида бу ҳақда далолатнома тузинг.

 

Фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўлаш лозимми?

Ҳа, тўлаш лозим, лекин бу ҳақда МКда қайд этилмаган.

Фойдаланилмаган таътил учун компенсация меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда тўланади (МК 151-м. 1-қ.). Ходимнинг вафот этганлиги ҳолати эса МКнинг 106-моддаси 5-бандида назарда тутилган томонларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асослардан бири ҳисобланади. Иш берувчи ходимнинг вафот этганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишда фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация ҳисоблаши шарт.

 

Ходим ишланмаган йил учун таътилдан фойдаланган бўлсачи? Ушбу ҳолатда вафот этган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадими?

Ишдан бўшатишда таътил пулларини ушлаб қолмаслик учун асослар (ходим таътил олиб бўлган йил тугагунига қадар ишдан бўшатилган бўлса) МКнинг 164-моддаси 2-қисми 4-бандида санаб ўтилган. МКнинг 106-моддаси 5-бандида бу ҳақда айтилмаган. Бинобарин, ходимнинг вафот этганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишда умумий қоидага кўра, бундай ушланмалар амалга оширилади.

Бироқ, ишдан бўшатиш учун муҳим асосни (ходим вафот этганлигини) ҳисобга олган ҳолда, иш берувчи ўз ихтиёрига кўра таътил пулларини ушлаб қолмаслик ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Қоидага кўра, бундай ҳаракатларни хусусий ташкилотларгина амалга ошира оладилар.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти.

Прочитано: 1450 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика