Бугунги синовли кунларда ҳар бир замондошимиз имкон қадар халқимиз оғирини енгил қилишга бел боғлаган.
Коронавирус пандемияси даврида ва муборак Рамазон ойи бошланиши билан меҳр-саховат ишларини амалга ошириш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб вақтинча ишсиз, камбағал, боқувчисини йўқотган, касалманд, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
Шу кунларда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам эзгу ишларни амалга ошириш мақсадида тегишли тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ховос туманининг энг чекка ҳудудларида жойлашган «Бўстон», «Қаҳрамон» ва Ҳуснобод» маҳаллаларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор 10 та оиланинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳар бирига 12 турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам етказиб берилди.
Шунингдек, оилаларнинг турмуш тарзи, моддий аҳволи, мавжуд муаммолари, томорқаларидан самарали фойдаланиш имкониятлари ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда биринчи навбатда уларни иш билан таъминлаш чоралари белгиланмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.