Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0116-«Қўшилган қиймат солиғи бўйича харажатлар» сатрида қандай харажатлар кўрсатилади?
– Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-иловаси 0116-«Қўшилган қиймат солиғига доир харажатлар» сатрида ҚҚСнинг ҳисобга олинмаган, корхона харажатлари сифатида акс эттирилган суммаси кўрсатилади.
ҚҚС тўловчи қуйидаги ҳолларда ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ҚҚС суммасини харажатларга киритишга ҳақли бўлади:
1) мутаносиб усул қўлланилганда, агар ҳисобга қабул қилинмаган ҚҚС фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар таркибида ҳисобга олинган бўлса;
2) СКнинг 269 ва 270-моддаларига мувофиқ ҚҚСга тузатиш киритилганда, агар тузатиш суммаси олинган товарлар (хизматлар) қийматига киритилиши мумкин бўлмаса;
3) СК 271-моддасида назарда тутилган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришда илгари ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммасига тузатиш киритилганда.
Айнан ушбу ҚҚС суммалари Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0116-сатрида кўрсатилади.