Тегишли чора-тадбирлар Президентнинг 2020 йил 7 майда имзоланган ПҚ-4707-сон «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Биринчидан, экспорт қилувчиларнинг ташиш харажатлари энди автомобиль ва ҳаво транспортидан фойдаланишда ҳам компенсация қилинади (50%гача миқдорда). Эслатиб ўтамиз, дастлаб экспорт қилишда фақат темир йўл транспортида ташишга субсидиялар тақдим этиларди. Янги тартиб 2020 йил 1 апрелдан бошлаб амалга оширилган экспорт бўйича етказиб беришларга татбиқ этилади.
Экспорт қилишда транспортда ташиш харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати 68 позициягача кенгайтирилди. Республика ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича комиссия унга кейинги тузатишларни киритади. Шунингдек, у субсидиялар тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш ҳамда тартибини тасдиқлаш, шунингдек, маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишига қараб уларнинг қатъий миқдорларини белгилашга ҳақли.
Иккинчидан, 2021 йил 1 январга қадар товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда мажбурий тўловлар (барча турдаги) ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлиги текширилмайди. Бу жисмоний шахсларга ҳам, юридик шахсларга ҳам тааллуқли.
Учинчидан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга компенсациялар тақдим этилади.
Олег ЗАМАНОВ,
«Norma» МЧЖ эксперти.