Компаниямиз Латвия Республикаси резиденти билан Европадан Ўзбекистонга автомобиль транспортида ташиш хизматларини кўрсатишга шартнома тузди (яъни автомобиль транспорти ЎзР чегарасини кесиб ўтади). Норезидент Ўзбекистонда фаолиятини доимий муассаса орқали юритмаяпти.
Ҳамкоримиз белгиланган тартибда расмийлаштирилган резидентлик сертификатини тақдим этганда ҳамда ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаганда, солиқ агенти сифатида ташкилотимизда норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
1. Резидентлик сертификати мавжуд бўлганда.
Хизматларни етказиб берувчи томонидан Латвия резидентлигини расмий тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилса, корхонангизда даромад тўлаш манбаида фойда солиғини ушлаб қолиш мажбурияти юзага келмайди (СК 357-м.).
2. Резидентлик сертификати мавжуд бўлмаганда.
Резидент томонидан резидентлик сертификати тақдим этилмаган тақдирда, тўлов манбаида солиқ СКда белгиланган ставкалар бўйича ушлаб қолинади.
Бунда юк жўнатувчидан (юкни қабул қилувчидан) олинган сумма ҳамда тегишли бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланган юк ташувчига тўланадиган сумма ўртасидаги ижобий фарқ сифатида ҳисобланган ҳақ суммаси халқаро ташувларда транспорт-экспедиторлик хизматлари бўйича солиқ солиниши лозим бўлган даромад ҳисобланади. Солиқ ставкаси – 20%.
Юк ташувчининг тегишли бошланғич ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида резидентга тўланган жами суммага 6%лик ставкада солиқ солинади (СК 351-м. 2-қ. 11-б., 353-м. 3-б.).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.