Корхона ходимлари ўз иш ҳақларидан фарзандларининг олий ўқув юртида ўқиши учун тўлов тўламоқчи бўлишяпти.
Корхона тўловни тўғридан-тўғри олий ўқув юртига ўтказиши ва имтиёзни қўллаши мумкинми?
Ходимнинг пластик карточкасига унинг фарзандининг ўқишининг контракт тўловини тўлаш учун пул маблағлари ўтказилишига рухсат этиладими?
Бунда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?
Буни қандай шартнома билан расмийлаштириш лозим?
– Корхона томонидан ходимларнинг фарзандлари ўқиши учун ҳақ тўланиши турли шартномалар билан расмийлаштирилиши мумкин, уларнинг шартларига биноан солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари белгиланади.
Шартноманинг биринчи тури – уч томонлама. У бўйича буюртмачи корхона ўзи учун мутахассис тайёрлайди, олий таълим муассасаси ижрочи ҳисобланади. Тўлов ушбу схема бўйича тўланадиган бўлса, ходимларнинг иш ҳақидан тўланган сумма ушлаб қолинмайди, балки давр харажатлари сифатида корхона харажатларига киритилади. Талаба ўқишни тамомлагач, у билан тузилган алоҳида битимда белгиланган муайян муддат мобайнида корхонада ишлаб берганда, солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Фойда солиғи тўловчиси СК 305-моддасида қайд этилган шартларга риоя этиши муҳимдир. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун махсус талаблар белгиланмаган.
Шартноманинг иккинчи тури – олий ўқув юрти ва талаба ўртасида тузилади. Ушбу шартнома бўйича ҳақ тўланиши учун ходим корхона билан кейинчалик иш ҳақидан сўндириш шарти билан қарз шартномасини тузади. Бунда корхона олий таълим муассасасининг ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказади, СК 378-моддаси 16-банди бўйича имтиёз эса ходимнинг иш ҳақидан қарз суммаси ушлаб қолинганда қўлланилади.
Эътибор беринг!
Имтиёзни қўллаш учун олий ўқув юртида ўқийдиган бола 26 ёшдан ошмаган бўлиши лозим.
Қарз суммаси ходимнинг пластик картасига ўтказилганда корхона ЖШДС бўйича имтиёзни қўллай олмайди, чунки солиқ чегирмаси таълим учун тўлов қуйидагилар ҳисобига амалга оширилганда тақдим этилади:
● тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган иш берувчининг маблағлари;
● Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртига ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари (Низомнинг 10-банди, АВ рўйхат рақами 2107, 27.05.2010 йил).
Эльвира ЖИЛЬЦОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.