Корхона коллеж ўқувчисини ярим ставкага ишга қабул қилди. Касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлган ходим бўйича корхонада қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Таълим муассасалари ўқувчилари эмас, балки битирувчилари ишга қабул қилинганда корхона учун имтиёзлар назарда тутилган.
Ушбу имтиёзларга мувофиқ корхона:
1) ходимларнинг ўртача йиллик сонини белгиланган нормативдан кўпи билан 50%га ошириши мумкин. Бунда кичик корхона ёки микрофирма мақоми сақланиб қолади (28.07.2010 йилдаги ПФ-4232-сон Фармоннинг 1-банди). Ходимлар сонининг оширилишига йўл қўйилади, имтиёзлар ва преференциялар эса Ўзбекистон Республикасининг мазкур таълим муассасалари битирувчиларининг ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган тақдирдагина тақдим қилинади;
2) касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ишга жойлашган бўлса (бюджет ташкилотлари, табиий монополиялар субъектлари ва устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотлар бундан мустасно), ижтимоий тўлов ставкасини қуйидагича камайтиришга ҳақли бўлади (24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон Фармоннинг 6-банди):
● битирувчилар ишга жойлашган биринчи йил ичида – битирувчи учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича 50%га;
● битирувчи меҳнат фаолиятининг иккинчи ва учинчи йил давомида – битирувчи учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича 25%га.