Қарз шартномаси бўйича ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда 10 млн сўмлик товар олинган, қарз берувчи ҚҚС тўловчи ҳисобланмайди. 2019 йилда ҚҚС билан товар, яъни 11,5 млн сўм қайтарилган, шу жумладан ҚҚС – 1,5 млн сўм.
1,5 млн сўмлик зарар суммаси фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтирадими?
– Товар қарзи ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 10 млн сўмга қайтарилиши лозимлиги сабабли ҳисобварақ-фактура қайта расмийлаштирилиши керак.
Масалан, қарз шартномаси бўйича ҚҚСсиз 10 млн сўм қийматга эга 10 бирлик товар олинди. Қарз олувчи қарзни сўндириш учун қарз берувчи билан келишувга кўра унга таннархи 8,7 млн сўм бўлган 10 бирликдаги ўхшаш товарларни бериши мумкин, бунда етказиб бериш қиймати ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 10 млн сўмга (8,7 х 115%) тенг бўлган. Мазкур ҳолатда қарз олувчи зарар кўрмайди.
Таннархи 10 млн сўм бўлган 10 бирликдаги товар берилганда, тегишинча ҚҚС 1,5 млн сўмга тенг бўлади. Бунда қарз олувчи ҳисобварақ-фактурани 8,7 млн сўмлик қийматдаги товарга расмийлаштириши лозим, ҚҚСни ҳисобга олганда сумма 10 млн сўмни ташкил этиши лозим. Натижада товар таннархидан паст нархда берилганлиги ҳисобига қарз олувчида 1,3 млн сўм (10 – 8,7) миқдорида зарар юзага келади. Ушбу зарар суммаси чегирилмайдиган харажат сифатида қаралмайди (СКнинг 147-моддаси). Бироқ товарлар таннархидан паст баҳоларда реализация қилинганда, солиқ солиш мақсадлари учун реализация қилишдан олинган тушум уларнинг таннархи асосида аниқланади (2007 йилги СКнинг 130-моддаси).
2019 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобида ушбу зарар 020-«Товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст нархда реализация қилишдан ва бепул беришдан кўрилган зарарлар» сатри бўйича акс эттирилиши лозим. Шунингдек қарз олувчи ҚҚСни қўшимча ҳисоблаши ва 0,2 млн сўм (1,5 – 1,3) миқдорида ўз харажатларига киритиши керак.
Қарз берувчи билан товарни бериш санасида таннархи 10 млн сўм бўлган 10 бирликдаги товар қарз олувчи томонидан берилишига оид қўшимча битим имзоланган бўлса, қарз берувчи қарз олувчидан 1,5 млн сўм қарз бўлиб қолади ва қарз олувчи зарар кўрмайди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.