Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 37 / Божхона

Эришилган натижалар сарҳисоби

 

Ҳозирда бутун дунёда пандемия сабабли ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзида бир қатор ўзгаришлар рўй бермоқда. Айниқса, жаҳон иқтисодиётида салбий кўрсаткичлар – пасайишлар кузатилмоқда. Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

 

Юртимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак бериш мақсадида давлатимиз томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланмоқда. Жумладан, божхона соҳасида ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилаётир.

Бу борада қонунчиликдаги янгиликлар ва амалга оширилган ишлар юзасидан фуқароларни хабардор қилиш мақсадида Сурхондарё вилояти телевиденияси орқали ўтказилган брифингда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов маълумот берди.

Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5996-сон Фармонига асосан, тадбиркорларга товарлар (ишлар, хизматлар) импортида қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктириш ҳуқуқи берилган эди. Бунда тадбиркор кечиктирилган суммани кейинчалик 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш имконига эгадир.

Республика ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сон қарори билан бир қатор тиббий воситаларга имтиёзлар берилди ва уларнинг божхона расмийлаштируви тартиби соддалаштирилди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар:

● 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан ва мажбурий сертификациялаштирилмасдан импорт қилинишига;

● 46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва реализация қилишга рухсат берилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Пандемия шароитида вилоят божхона ходимлари томонидан экспорт-импорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда. Республикамиз чегара божхона постлари орқали товарлар ҳаракати узлуксиз давом этмоқда.

 

Бу борада рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида вилоят ташқи савдо айланмаси 187,3 млн АҚШ долларини, бундан экспорт – 80,6 млн, импорт – 106,7 млн АҚШ долларини ташкил этган. Товарлар 20 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий улуш Афғонистон, Покистон, Россия, Хитой ва Қирғизистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.

 

Экспорт қилинган асосий товарлар: мева-сабзавот маҳсулотлари, калава ип, пахта толаси, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари ва ўсимликлар ҳисобига тўғри келади.

Товарларнинг импортига тўхталадиган бўлсак, бу борада ҳамкор давлатлар 42 тани ташкил этади. Бу товарларга асосан металл ва ундан тайёрланган буюмлар, технологик асбоб-ускуналар, ҳайвонлар учун озуқалар, табиий қазилмалар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари киради.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 77,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Афғонистон, Россия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ироқ ва ўнлаб Европа давлатларига экспорт қилинган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг январь-август ойлари мобайнида божхона тўловлари бўйича жами 245 млрд сўмлик имтиёзлар қўлланилган.

Ҳозирги кунда вилоят ҳудудида жойлашган халқаро мақомга эга «Айритом» ва «Сариосиё» чегара божхона постлари туну-кун тўхтовсиз ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Тартибга асосан, чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган ҳар бир ҳайдовчидан коронавирусга тест таҳлиллари олиниб, таҳлил натижаларига кўра ташувни давом эттиришга рухсат берилмоқда.

Шунингдек, янги тартибга асосан хорижий юк автотранспорт воситаларининг республика ҳудудида бўлишининг умумий муддати 90 кундан 10 кунга қисқартирилди ҳамда уларнинг республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш йўналишлари ва тўхташ мумкин бўлган жойлари аниқ белгилаб берилди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги чегара божхона постлари орқали жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 30 483 та автотранспорт воситасида (импорт – 2 705 та, экспорт – 14 743 та ва транзит – 13 033 та) ҳамда темир йўл чегара постлари орқали жами 65 419 та (импорт – 2 337 та, экспорт – 17 015 та ва транзит – 46 067 та) темир йўл вагонларида ташқи савдо юклари ташилган.

Бир сўз билан айтганда, божхона хизмати органлари ходимларининг халқимиз хотиржамлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини ­таъминлаш йўлидаги фаолияти изчил давом этмоқда.

 

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, фуқароларнинг божхона соҳасига оид мурожаатлари учун вилоят божхона бошқармасининг ­225-02-26 рақамли ишонч телефонлари куну-тун ишламоқда. 

 

Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари божхона бошқармалари ахборот хизматлари материаллари асосида.

Прочитано: 49 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика