Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 37 / Божхона

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш божхоначилар эътиборида

 

Мамлакатимизда пандемия шароитида экспорт ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда. Бунда тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

 

Бу борада Президентнинг 2020 йил 18 августдаги ПФ-6042-сон Фармонига мувофиқ тасдиқланган Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси жойларда тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Айни шу тадбирлар доирасида Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Муталибжон Солиев бошчилигидаги божхона ходимлари Бухоро вилоятида бўлиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.

Дастлаб Вобкент туманида маҳаллий инвестор томонидан пахта хом ашёсини қайта ишлашдан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни бирлаштирувчи «Вобкент тола кластер» МЧЖга ташриф буюриб, олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишилди. Жамият номига ҳозирги кунга қадар амалдаги қонунчиликка асосан 34 туркумдаги қиймати 19,3 млн евролик товарларга 43,1 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.

Жамият раҳбари В.Мирзаҳакимовнинг сўзларига кўра, мазкур корхона ишга тушгач, пахтадан тайёр маҳсулотгача (кластер) ишлаб чиқариш ҳамда Россия, Украина, Польша, Литва каби давлатларга товарларни экспорт қилиш режалаштирилган.

500 нафар ишчи ўринлари яратилиши мўлжалланаётган корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати - 10 минг тонна маҳсулотни ташкил этади. Шунингдек, божхона органлари томонидан жамиятга олиб келиниб, амалдаги қонунчилик талаблари асосида 1,8 млрд сўм божхона тўловларини 120 кунга кечиктириб тўлашга имконият яратилиб берилган. Лекин бугунги кунда коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий инқироз сабабли мазкур муддат ичида божхона тўловларини тўлаш имконияти бўлмаганлиги, божхона қонунчилигидан келиб чиқиб яна қўшимча муддат бериш ҳақида сўралди. Ишчи гуруҳ бу масалани тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўрганиб чиқиб, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида бу муддатни 2 йилга узайтириб бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритадиган бўлди.

Бундан ташқари, жамият томонидан олиб келинган товарлар қўшимча ўрганилиб, улар саноатда ишлатиладиган ва жамият томонидан олиб келинган асбоб-ускуналарнинг ажралмас қисми ҳисобланиши боис уларни расмийлаштиришга доир маслаҳатлар берилди.

Худди шундай яна бир учрашув «WBM Romitex» МЧЖда ўтказилди. Маҳаллий инвестор томонидан пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача (кластер) ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган ушбу корхона ҳам ҳозирги кунга қадар қиймати 2,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган «Технологик асбоб-ускуналар ва уларнинг қисмлари»ни чет давлатдан олиб келиб, 6,8 млрд сўм миқдоридаги божхона имтиёзларидан фойдаланган. Бу ерда чиқарилган тайёр маҳсулотлар Россия, Украина, Польша, Литва, Эрон Ислом Республикаси каби давлатларга экспорт қилиниши кутилмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 минг тонна маҳсулотни ташкил этувчи ушбу корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда 3 000 нафар ишчи ўрни яратилади.

Ташрифнинг кейинги манзили хорижий инвестор томонидан барпо этилган «Buxara Varnet» МЧЖ хорижий корхонасига бўлди. Мазкур корхонада гидропоника усулида замонавий иссиқхона барпо этиш мўлжалланган. Жорий йилнинг шу даврига қадар корхонага 7,7 млн евролик ускуналар олиб келиниб, 29,8 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Учрашувлар давомида М.Солиев ишлаб чиқарувчилар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар тўғрисида сўз юритиб, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кўтаришда тадбиркорларнинг ўрни беқиёслиги ҳамда давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиб, экспорт географияси ва турини кенгайтириш лозимлиги, бу борада божхона органлари ваколатлари доирасида доимо амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 216 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика