Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 37 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР МБ бошқарувининг «Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг Қарори 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 31 августда рўйхатдан ўтказилди,
рўйхат рақами 3281

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор 2020 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Марказий банк раиси М.НУРМУРАТОВ. 

Тошкент ш.,

2020 йил 29 август

18/5-сон.

ЎзР МБ бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарорига
1-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ВАЛЮТА ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси резидентлари (бундан буён матнда резидентлар деб юритилади) ва норезидентлари (бундан буён матнда норезидентлар деб юритилади) томонидан валюта операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

валюта ҳисобварақлари – Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма, муддатли ва бошқа депозит ҳисобварақлар;

ички валюта бозори – валюта биржасида, Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида ҳамда бевосита тижорат банкларида мижозлар билан амалга ошириладиган чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш;

ички валюта операциялари – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида амалга ошириладиган операциялар.

2. Ички валюта операцияларига қуйидагилар киради:

божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;

воситачилар (вакиллар) томонидан норезидентлар билан товарларни топшириш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, ахборот ва интеллектуал фаолият натижаларини, уларга бўлган мутлақ ҳуқуқларни бериш бўйича шартномалар тузиш ҳамда уларни бажариш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш чоғида воситачилар (вакиллар) ва комитентлар (ишонч билдирувчилар) ўртасидаги операциялар, шу жумладан комитентларга (ишонч билдирувчиларга) пул суммаларини (бошқа мол-мулкни) қайтаришга доир операциялар;

тузилган шартномалар асосида транспорт-экспедиторлик хизматларини реализация қилишдан экспедиторлик компанияларининг ҳисобварағига хориждан келиб тушаётган чет эл валютасидаги маблағларни ҳисоб-китоб қилишни ва ўтказишни назарда тутувчи операциялар;

жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар;

резидент жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақлардан бошқа резидент жисмоний шахслар фойдасига уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларига носавдо операциялар бўйича ўтказмалар;

агар охирги харидор ёки сотувчи норезидент бўлса, воситачилар (вакиллар) томонидан мажбуриятлар клиринг натижалари бўйича бажарилиши лозим бўлган шартномаларни тузиш ва бажариш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш чоғида воситачилар (вакиллар) ва комитентлар (ишонч билдирувчилар) ўртасидаги операциялар;

мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек уларни ундириш билан боғлиқ операциялар;

юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) валюта қимматликларини киритиш ва қайтариш билан боғлиқ операциялар;

банк хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ операциялар;

хайрия фаолияти билан боғлиқ операциялар;

мерос ҳуқуқи бўйича валюта қимматликларини олиш билан боғлиқ операциялар;

мазкур Қоидаларнинг 45-бандида белгиланган ҳолатларда нақд чет эл валютасини қабул қилиш билан боғлиқ операциялар;

ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари;

норезидент юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағларини ушбу норезидент томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган ваколатхона ёки доимий муассасага ўтказиш операциялари;

товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали товарларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;

қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари ва инвестиция воситачилари орқали акцияларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига консуллик йиғимларини тўлаш;

судларнинг қарорлари асосида пул маблағларини тўлаш.

Ички валюта операциялари резидентлар ва норезидентлар томонидан ушбу Қоидаларга мувофиқ чекловларсиз амалга оширилади.

3. Резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси банкларида ҳисобварақларни очиш Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) белгиланган тартибда амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси банклари хорижий банклар билан тузилган шартномаларга (келишувларга, битимларга) асосан миллий ва чет эл валютасида ўзаро вакиллик ҳисобварақлари очишлари ҳамда ушбу ҳисобварақлардан шартномада кўрсатилган мақсадлар доирасида фойдаланишлари мумкин.

5. Халқаро молия институтларининг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларидан томонлар ўртасида тузилган шартномаларда кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади.

6. Резидент юридик шахсларнинг номига келиб тушаётган валюта маблағлари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларига киритилиши шарт.

7. Норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган миллий валютадаги ҳисобварақларига қонуний йўл билан топилган маблағлари киритилади ва улардан мазкур Қоидаларга мувофиқ мустақил равишда фойдаланадилар.

8. Резидентлар ва норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисобварақларидан маблағларини Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ўз ҳисобварақларига чекловларсиз ўтказишлари мумкин.

9. Тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операциялари валюта позициясига нисбатан ўрнатилган лимитлар доирасида амалга оширилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва тижорат банклари бевосита ўзлари ўртасида, ўз мижозлари билан, шунингдек валюта биржаси орқали валютавий своп операцияларини Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (International Swaps and Derivatives Association – ISDA) своп битимини тузишнинг намунавий шартлари ва тавсиялари асосида амалга оширадилар.

11. Капитал ҳаракати операциялари Капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомда (рўйхат рақами 2536, 2013 йил 17 декабрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Тижорат банклари валюта операцияларини амалга оширишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этишлари лозим.

 

2-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН РЕЗИДЕНТЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ ЮРИТИШ

13. Резидент юридик шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган валюта ҳисобварақларида сақланади ва улар ушбу маблағлардан мазкур Қоидаларга мувофиқ мустақил равишда фойдаланадилар.

14. Резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги ҳисобварақлардан ушбу ҳисобварақларни очиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади.

Хорижий давлатларда ҳисобварақлар очган резидент юридик шахслар томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги давлат солиқ хизматига ҳамда асосий ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида маълумотлар иловада*** келтирилган шаклга мувофиқ тақдим этилади.

15. Резидент юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг валюта ҳисобварақларига ички ва халқаро валюта операциялари бўйича чет эл валютаси киритилиши мумкин.

Валюта ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ички валюта операциялари учун;

жорий халқаро операциялар учун;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда капитал харакати операциялари учун;

хизмат сафари харажатлари учун, шу жумладан, нақд шаклда фойдаланилиши мумкин.

16. Резидент жисмоний шахсларнинг номига келиб тушаётган валюта маблағлари уларнинг ҳисобварақларига чекловларсиз киритилади ҳамда ушбу маблағлардан мустақил равишда фойдаланилади.

 

3-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН НОРЕЗИДЕНТЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ ЮРИТИШ

17. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган, иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари, шунингдек хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикасидаги бошқа хорижий ташкилотлар ваколатхоналарининг (бундан буён матнда норезидентларнинг ваколатхоналари деб юритилади) чет эл валютасидаги ҳисобварақларига:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида олинган консуллик йиғимлари;

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағидан ўтказилган маблағлар;

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағлари;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

йўловчи божхона декларацияси асосида хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси, бундан декларация тўлдириш талаб этилмайдиган ҳолатлар мустасно;

хориждан ҳисобварақ эгаси номига почта жўнатмалари орқали юборилган нақд чет эл валютаси киритилиши мумкин.

Норезидентлар ваколатхоналарининг чет эл валютасидаги ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ваколатхона ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағига ўтказиш учун;

чет элга носавдо тусдаги пул ўтказмаларини амалга ошириш учун;

чет эл валютасидаги операциялар бўйича банкнинг воситачилик ҳақини, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига жўнатилиши билан боғлиқ харажатларни (шу жумладан, нақд шаклда) тўлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банклари орқали сотиш учун фойдаланилиши мумкин.

18. Норезидентлар доимий муассасаларининг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига:

доимий муассаса ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағидан ўтказилган маблағлар;

доимий муассаса ташкил этган норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағлари;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлари;

жорий халқаро операцияларига оид ўтказмалар киритилиши мумкин.

Норезидентлар доимий муассасаларининг чет эл валютасидаги ҳисобварақларидаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

доимий муассасани ташкил этган норезидентнинг хориждаги ҳисобварағига ўтказиш учун;

чет эл валютасидаги операциялар бўйича банкнинг воситачилик ҳақини, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига жўнатилиши билан боғлиқ харажатларни (шу жумладан, нақд шаклда) тўлаш учун;

ички валюта бозорида сотиш учун;

жорий халқаро операциялар учун фойдаланилиши мумкин.

19. Товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида акцияларни сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчи норезидент юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига:

ушбу савдоларда иштирок этаётган норезидент юридик шахснинг хориждаги ҳисобварағидан ўтказилган маблағлар;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида акцияларни сотишдан тушган маблағлар киритилиши мумкин.

Товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида акцияларни сотиб олишни (сотишни) амалга оширувчи норезидент юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларидаги маблағлар ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

ички валюта бозорида сотилиши;

товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида акцияларни сотиб олиш учун фойдаланилиши;

товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида иштирок этаётган норезидент юридик шахснинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказилиши мумкин.

20. Норезидент жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларига:

йўловчи божхона декларацияси асосида (декларация тўлдириш талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси;

носавдо тусдаги ўтказмалар;

ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар;

қонунийлигини асослантирувчи ҳужжатлар асосида олинган маблағлар киритилиши мумкин.

Норезидент жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақларидаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:

носавдо тусдаги ўтказмалар учун;

ички валюта бозорида сотиш учун;

нақд чет эл валютасида ечиб олиш учун;

хорижий банкларда очилган ўз ҳисобварақларига ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.

 

4-БОБ. ИЧКИ ВАЛЮТА БОЗОРИДА ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР ТОМОНИДАН ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИНИ СОТИШ ВА СОТИБ ОЛИШ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

21. Ички валюта бозорида қуйидаги операциялар амалга оширилади:

валюта биржасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш;

тижорат банклари томонидан ўз мижозларининг валюта маблағларини шартнома (оферта битими) асосида сотиш ва сотиб олиш;

тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш;

тижорат банклари томонидан банклараро савдо сессиясида валюта маблағларини сотиб олиш ва сотиш;

товар-хом ашё биржаларида товарларни ва (ёки) қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг очиқ электрон савдоларида акцияларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобига норезидентлар томонидан, шу жумладан норезидентлар номидан биржа брокерлари ва инвестиция воситачилари орқали валюта маблағларини сотиб олиш ва сотиш.

Ички валюта бозорида чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилиши резидентлар ва норезидентлар томонидан жорий халқаро операциялар бўйича, шунингдек норезидентларнинг тўғридан-тўғри инвестициялари ва даромадларини репатриация қилиш мақсадлари учун чекловларсиз амалга оширилади.

22. Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги Ягона ғазна ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиладиган буюртмачилар томонидан чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги 329-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари чет эл валютасидаги маблағларининг ғазна ижроси тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.

23. Хўжалик юритувчи субъектлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун хизмат кўрсатувчи банкка буюртма тақдим этадилар. Бунда буюртма шакли банк бошқаруви томонидан тасдиқланади ва унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

мижоз номи;

валюта тури ва суммаси;

сотиб олиш ёки сотиш курси.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларда қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади:

чет эл валютасини сотиб олиш мақсади;

валюта операцияларини асословчи ҳужжатлар.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун буюртмалар хизмат кўрсатувчи банкларга масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим қилиниши мумкин.

Буюртмада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик мазкур буюртмани тақдим этган хўжалик юритувчи субъект зиммасига юклатилади.

Чет эл валютасидаги кредит ва лизингларга хизмат кўрсатиш, хорижий инвесторлар фойдаси, дивиденд ва бошқа даромадларни репатриация қилиш мақсадида чет эл валютасини сотиб олишда, хизмат кўрсатувчи банклар ушбу операцияларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлидир.

24. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилган буюртмани кўриб чиқиш хизмат кўрсатувчи банкларнинг тегишли таркибий бўлинмаси (бундан буён матнда таркибий бўлинма деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилган буюртмалар таркибий бўлинма томонидан қабул қилинган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича буюртмани қаноатлантириш ёки уни асослантирилган ҳолда рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади ва тасдиқланади.

Таркибий бўлинма фаолиятини назорат қилиш ҳамда буюртмани кўриб чиқиш натижаси бўйича тайёрланган хулосани тасдиқлаш банк бошқаруви раисининг тегишли ўринбосари томонидан амалга оширилади.

Буюртма бўйича хулосаларнинг қонунийлиги учун уни тасдиқлаган банк бошқаруви раисининг тегишли ўринбосари жавобгар ҳисобланади.

25. Чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун томонлар келишувига кўра бир марталик бош шартнома ёки ҳар бир операция бўйича алоҳида шартномалар расмийлаштирилиши мумкин. Бунда шартномалар хизмат кўрсатувчи банкларнинг тегишли дастурий таъминот воситаси орқали электрон шаклда ҳам тузилиши мумкин.

26. Хизмат кўрсатувчи банклар томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютасини кирим қилиш учун мижоз номига махсус ҳисобварақлар очилади.

Махсус валюта ҳисобварағига ушбу ҳисобварақдан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам кирим қилинади.

27. Қаноатлантириш тўғрисида хулоса тасдиқланган буюртмалар бўйича тижорат банки ва мижозлар ўртасидаги барча ҳисоб-китоблар икки банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.

Икки банк иш кунида ҳисоб-китоблар якунланмаган бўлса, келишув бекор қилинган ҳисобланади. Бунда хизмат кўрсатувчи банклар томонидан мижознинг буюртмасига асосан валюта биржасидан сотиб олинган маблағлар валюта биржасига қайта сотилиши лозим.

28. Махсус валюта ҳисобварақларига киритилган маблағлар қатъий равишда буюртмаларда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.

29. Банк мижози томонидан сотиб олиниб, мижознинг махсус валюта ҳисобварағига киритилган вақтдан эътиборан етти банк иш куни мобайнида фойдаланилмаган валюта маблағлари, ушбу муддат тугагандан кейинги банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тижорат банкларига қайта сотилиши шарт.

Махсус валюта ҳисобварағидан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам уч банк иш куни мобайнида тижорат банкларига қайта сотилиши ёки буюртмада кўрсатилган мақсадлар учун такроран ўтказиб берилиши лозим.

Бунда, чет эл валютасининг қайта сотилиши сотув кунидаги валюта биржаси курси бўйича акцептсиз равишда амалга оширилади.

30. Ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосда шаклланадиган валюта курси бўйича амалга оширилади.

31. Биржа савдоларининг ташкил қилиниши ва ўтказилиши валюта биржасининг ички қоидаларига асосан амалга оширилади.

 

5-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР БИЛАН ВАЛЮТА АЙИРБОШЛАШ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ
АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

32. Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операциялари чекловларсиз амалга оширилади.

Норезидент жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш улар томонидан республика ҳудудида миллий валюта маблағларининг қонуний манбалардан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади. Бунда операция суммаси тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган сумма миқдоридан ошмаслиги лозим.

33. Тижорат банклари жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишда Марказий банкнинг Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланадилар.

Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланиш учун тижорат банклари валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларининг жойлашган жойи (почта манзили) кўрсатилган ҳолда Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига маълумот тақдим этади.

Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармаси тижорат банклари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлимлари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларини рўйхатга олади ва Банклараро ягона электрон тизимига киритиш учун тегишли маълумотни Марказий банкка тақдим этади.

Жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш операциялари автоматлаштирилган банк шохобчалари (банкоматлар) ҳамда масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали амалга оширилганда Банклараро ягона электрон тизимдан фойдаланиш талаб этилмайди.

34. Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади ва ушбу курсларга тижорат банклари томонидан операцион кун давомида ўзгартириш киритилиши мумкин.

35. Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан барча турдаги валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан шикастланиш белгилари мавжуд муомалага яроқли банкноталар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш, шунингдек муомалага яроқсиз банкноталарни инкассога қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

36. Эмитент-давлат томонидан банкнотага нисбатан ўрнатилган талабларга жавоб берадиган асосий белгиларга (эмитент банк номи, серия ва тартиб рақами, валюта номиналининг рақамлар ва сўз билан кўрсатилиши, олд ва орқа томонининг асосий тасвири (сурати, портрети), қалбакилаштирилишидан ҳимоя қилувчи элементлари (сув белгиси, магнитли белгилар, қоғозга киритилган рангли толалар, жумладан ультрабинафша нурларда кўринадиган толалар, конфетти (рангли қоғоз тангачалар), ҳимоя иплари, микроматн, нур сочувчи расмлар ва бошқалар) эга бўлган банкнота қонуний тўлов воситаси ҳисобланади.

37. Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади:

банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса (сийқаланиш банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган ҳолатлар бундан мустасно);

банкнота энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлса;

ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 sm2 дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса;

майда доғлар, ёзувлар, штамп изи бўлганда (бунда ёзув ёки штамп изи икки донадан ортиқ бўлса, банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар бундан мустасно) ҳамда улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;

банкнотада диаметри 1 mm дан ошмаган ва иккитадан ортиқ тешиклар бўлса, бунда тешиклар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлиши керак.

38. Мазкур Қоидаларнинг 37-бандида кўрсатилган меъёрлардан ортиқ бўлган ва қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:

бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;

дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;

ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;

қонуний тўлов воситаси эканлигини кўрсатувчи асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;

банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;

муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;

банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса;

банкнота геометрик ўлчамининг 3 mm га тенг ёки ундан ортиққа ўзгарган бўлса;

банкнота тасвирини (суратини, портретини, шаклини) аниқлаш имконини бермайдиган даражада сезиларли сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

ўзининг қаттиқлик даражасини сезиларли даражада йўқотиб, юмшоқ ҳолга келган банкноталар.

Тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар тўловга яроқсиз деб эътироф этилади.

39. Тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар билан валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилмайди.

40. Жисмоний шахслар тижорат банкининг масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиши, сотиб олиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа операцияларни амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун жисмоний шахслар масофавий хизмат кўрсатиш тизимини компьютер қурилмасига (шу жумладан, планшет, мобиль телефон ва бошқа қурилмаларга) юклаб олади ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ офертани акцептлайди.

41. Валюта айирбошлаш шохобчаларини очиш ва ёпиш, хавфсизлик талаблари, шунингдек айирбошлаш операцияларида қимматликлар билан ишлаш Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномада (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

42. Валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи тижорат банки ходимларига қуйидагилар тақиқланади:

валюта айирбошлаш операцияларини сиртдан амалга ошириш;

тегишли маълумотнома бермасдан валюта айирбошлаш операцияларини бажариш ёки валюта айирбошлаш операциясини бажармасдан тегишли маълумотномаларни бериш.

43. Валюта айирбошлаш операцияларини расмийлаштиришда фойдаланиладиган бланклар шакли, шунингдек шохобча ходимлари сони тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

Валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи тарикибий тузилмаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фаолият юритиши тижорат банки томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

 

6-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА НАҚД ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБи

44. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк кассаларига АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, Евро, швейцария франки, япон иенаси ҳамда тижорат банкларининг ихтиёрига кўра бошқа чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин.

45. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютаси тижорат банклари кассаларига қуйидаги ҳолатларда қабул қилиниши мумкин:

консуллик йиғимларини тўлаш учун;

хорижда ўтказилган кўргазма ва ярмаркаларда сотилган товарлар учун;

божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар учун;

хорижий хизмат сафари харажатлари учун олинган бўнакларнинг қайтарилишида;

банк хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ операциялар учун;

юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) маблағларни киритиш учун;

хайрия фаолияти билан боғлиқ операциялар учун;

экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун;

норезидент жисмоний шахс томонидан ташқи савдо шартномаси бўйича дебитор қарздорликларни сўндириш учун;

норезидентларнинг ваколатхоналари номига хориждан олиб келинган ёки почта жўнатмалари орқали юборилган нақд чет эл валютаси;

миллий ташувчилар (резидентлар) томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида транспорт экспедицияси (юкларни ташиш) шартномалари бўйича халқаро товар-транспорт юк хати асосида норезидентлардан олинган нақд чет эл валютаси.

46. Мазкур Қоидаларнинг 45-банди олтинчи – ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда норезидент жисмоний шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлардан бири тақдим этилганда нақд чет эл валютаси банк томонидан қабул қилинади, бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ йўловчи божхона декларацияси тўлдирилиши талаб этилмайдиган ҳолатлар мустасно:

норезидент жисмоний шахс томонидан нақд чет эл валютаси хориждан олиб келганлигини тасдиқловчи йўловчи божхона декларацияси, тегишли ишончнома асосида;

норезидент жисмоний шахс номига унинг Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисобварақларига чет элдан келиб тушган маблағларнинг ечилганлигини тасдиқловчи банк маълумотномалари.

Норезидентлардан банк кассасига қабул қилинган валюта маблағларининг суммаси йўловчи божхона декларациясида кўрсатилади ҳамда банк штампи билан тасдиқланади. Мазкур йўловчи божхона декларациясининг нусхаси кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.

Нақд чет эл валютаси норезидент томонидан берилган ишончнома асосида резидент жисмоний шахслардан қабул қилинганда, пул маблағлари ушбу резидент жисмоний шахс томонидан хориждан олиб келинганлигини тасдиқловчи йўловчи божхона декларацияси тақдим этилиши лозим.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ нақд чет эл валютасини хориждан олиб киришда йўловчи божхона декларацияси тўлдирилиши талаб этилмайдиган миқдордаги валюта маблағлари банк кассаларига топширилганда асослантирувчи ҳужжат талаб этилмайди.

 

7-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН НАҚД ВАЛЮТА МАБЛАҒЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДАН ОЛИБ ЧИҚИШ ВА ОЛИБ КИРИШ

47. Тижорат банклари томонидан нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш Марказий банкнинг рухсати асосида амалга оширилади.

48. Марказий банкнинг рухсатини олиш учун тижорат банклари Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга мўлжалланган валютанинг тури, унинг суммаси, валюта маблағлари қайси давлатга олиб чиқилиши (давлатдан олиб кирилиши), хорижий банкнинг номи, нақд валюта маблағларини олиб чиқиш (олиб кириш) мақсадлари кўрсатилган аризани Марказий банкка тақдим этади.

49. Тижорат банкларининг нақд валюта маблағларини олиб кириш ёки олиб чиқиш учун мурожаати Марказий банк томонидан уч банк иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича тижорат банкларига нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш учун рухсат берилади.

Тижорат банкларига нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш учун рухсат беришни рад қилиш фақат тижорат банкларининг мурожаати мазкур Қоидаларнинг 48-бандида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда амалга оширилади.

 

8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

50. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.09.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Қоидаларга илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 34 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика