Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 37 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6061-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда – Кадастр агентлиги) тизимида:

а) қуйидагилар ташкил этилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари негизида – Кадастр агентлининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари;

Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази негизида – давлат муассасаси шаклида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси (кейинги ўринларда – Давлат кадастрлари палатаси);

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) филиаллари негизида – Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари;

Марказий аэрогеодезия корхонаси, Самарқанд аэрогеодезия корхонаси, «Геоинформкадастр» давлат унитар корхонаси, «Картография» давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси негизида – давлат муассасаси шаклида Республика аэрогеодезия маркази;

Давлат геодезия назорати инспекцияси негизида – Кадастр агентлигининг марказий аппарати таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Геодезия назорати бошқармаси;

б) Давлат геодезия назорати инспекцияси ҳузуридаги Давлат картография-геодезия фонди Кадастр агентлиги бўйсунувига ўтказилсин;

в) «Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибига ўтказилсин.

2. Кадастр агентлиги икки ой муддатда:

мазкур қарорда назарда тутилган ташкилотларни тугатиш, ўзгартириш ва ташкил этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни якунласин;

тугатилаётган ташкилотларга тегишли бўлган, улар фойдаланаётган бино ва иншоотлар, бошқа моддий қимматликлар уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ворисларига ўтказилишини таъминласин;

«Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг вазифалари, функциялари, ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвалини Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқсин.

3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:

«Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтининг ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвалини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юклатилаётган қўшимча вазифалардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқсин;

«Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг вазифалари, функциялари ва ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилиши муносабати билан Кадастр агентлиги билан биргаликда тасдиқланадиган тақсимлаш балансига асосан тегишли моддий-техника ресурсларининг «Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтига топширилиши ва улар томонидан қабул қилиб олинишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига айлантирилсин.

Қуйидагилар Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Кадастр агентлиги органлари томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга асосан ундириладиган жарималарнинг 100 фоизи;

фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 10 фоизи;

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилансинки:

Кадастр агентлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Кадастр агентлиги директори бошчилик қилади;

Кадастр агентлиги директорининг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Давлат кадастрлари палатаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрини, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини ҳамда Давлат кадастрлари ягона тизимини юритади;

Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади, ҳудудлар давлат кадастрининг юритилишини ташкил этади;

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари кўчмас мулк объектларининг жойлашган жойидан қатъи назар давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмаларига асосан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатади;

кадастр муҳандислари ва Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатишда тенг шароитлар яратилади;

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари Кадастр агентлиги директорининг буйруғига асосан босқичма-босқич тугатиб борилади ва заруратга кўра фақат олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда сақлаб қолинади;

Давлат кадастрлари палатаси, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари фаолияти кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга асосан пуллик хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқлари, Давлат кадастрлари палатаси раиси, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари бошлиқлари, Кадастр агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг комплаенс-назорат хизмати ходимлари Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимларининг чекланган сони 81 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмаси 4-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳудудий органлари ходимларининг чекланган умумий сони 5-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси марказий аппаратининг бошқарув ходимларининг чекланган сони 114 нафардан иборат тузилмаси 6-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармаларининг намунавий тузилмаси 7-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

7. Кадастр агентлиги директорига:

зарур ҳолларда, Кадастр агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Кадастр агентлиги тизимидаги бошқа ташкилотларнинг тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалларининг намунавий тузилмаси ҳамда ходимларининг чекланган сонини иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ва ўзгартириш;

зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Кадастр агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларига Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиш;

меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасига ишга жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров:

икки ҳафта муддатда Кадастр агентлигининг марказий аттестация комиссиясини ташкил этсин, унинг таркибига келишув асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари, фан ва таълим муассасалари вакиллари ҳам киритилишини таъминласин;

икки ой муддатда Кадастр агентлиги тизимидаги раҳбарлик лавозимларига номзодларни ишга қабул қилиш бўйича танлов ўтказилишини таъминласин;

2020 йил охирига қадар Кадастр агентлиги тизимидаги бошқа лавозимларга малакали ходимларнинг ишга қабул қилинишини таъминласин.

9. Давлат кадастрларини юритиш бўйича ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали ташкил этиш мақсадида Давлат кадастрларини шакллантириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Идоралараро ишчи гуруҳ) ташкил этилсин ва унинг таркиби 8-иловага** мувофиқ тасдиқласин.

Мазкур қарорнинг 9-иловасига** мувофиқ Давлат кадастрлари объектларини хатловдан ўтказиш ва Миллий геоахборот тизимига киритиш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш Идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси этиб белгилансин.

Белгилансинки, Мақсадли кўрсаткичларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши ҳолати Идоралараро ишчи гуруҳнинг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида муҳокама қилинади.

10. Кадастр агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бирга 2020 йил 1 декабрга қадар давлат кадастрларини юритиш бўйича ваколатли органларнинг Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.

11. Қуйидагилар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловининг суғориладиган ерлар учун 10 фоизи, лалми ерлар, суғориладиган ва лалми бўз ерлар, пичанзорлар ва яйловлар учун – 5 фоизи;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 10 фоизи;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш учун ўтказиладиган электрон онлайн-аукционлардан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи (электрон аукционни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташлангандан кейин ҳисобланади).

12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида:

стратегик ривожлантириш, инвестициялар ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими тугатилсин;

қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер мониторингини амалга ошириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими киритилсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий органларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 204 та бошқарув ходими штат бирликлари ажратилсин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари мансабдор шахсларига қишлоқ хўжалиги ерлари мониторингини ўтказиш жараёнида аниқланадиган ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юбориш ҳуқуқи берилсин.

14. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Жаҳон банки томонидан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан 2021–2022 йилларда вазирлик тизимига ўтказилган ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштиришда инновацион технологияларни жорий этиш чораларини кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 10-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Кадастр агентлиги:

а) бир ой муддатда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) икки ой муддатда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

«Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини;

давлат ер кадастрини юритиш, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш ҳамда давлат ер назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.

17. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2020 йил 7 сентябрь

ПҚ-4819-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.09.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–10-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 606 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика