Маълумки, амалдаги тартибларга кўра республикамиз ҳудудига олиб кириладиган «ЕВРО-4» ва ундан ортиқ стандартларга мос келадиган юк ташиш ҳамда махсус мақсадларга мўлжалланган моторли транспорт воситалари импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига киритилган.
Бироқ божхона тўловларини тўламаслик мақсадида хорижий мамлакатдан олиб келинган техникаларнинг экологик даражасини нотўғри кўрсатишга уриниш ҳамда товарларнинг ТИФ ТН кодини ўзгартириш каби навбатдаги қонунбузарлик ҳолатлари божхона ходимлари томонидан фош этилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Тошкент товар» ТИФ божхона пости ходимлари пойтахтимизда фаолият юритаётган корхона номига хориждан келтирилган 7 та «HOWO 6x4» кон самосвалини божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатлари асосида божхона кўригидан ўтказишганда техникаларнинг коди божхоначиларда шубҳа уйғотди. Автотранспорт воситалари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хулосасига кўра улар «ЕВРО-4» эмас, балки «ЕВРО-2» экологик даражасига мос келиши маълум бўлди.
Натижада божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилишининг олди олиниб, давлат бюджетига қўшимча 4,7 млрд сўм божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.