Корхона ходими хорижга хизмат сафарига юборилган. Унга хорижий валютада белгиланган нормалар доирасида пул маблағлари ҳисобидан бўнак берилди. Ходим қайтганидан кейин турар жой харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган. Корхона умумбелгиланган солиқларни тўлайди.
Бундай ҳужжатлар тақдим этилмаганда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
– Хизмат сафари харажатларига берилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги бўнак ҳисоботи корхона бухгалтериясига хизмат сафаридан қайтиб келингандан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай бўнак олинган валютада тақдим этилади. Хорижга хизмат сафарларида турар жойга оид харажатлар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 10, 43-бандлари).
Хорижга хизмат сафарига юборилган ходимга турар жой ижараси учун тўланган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, улар:
● хизмат сафарига юборилган ходим учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади. Корхона уларга ЖШДС солиши лозим (СК 317-м. 3-б.);
● корхона учун фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (СК 317-м. 3-б.)
Бунда хорижга хизмат сафарларида турар жойга оид харажатлар норма доирасида ёки ундан ортиқча бўлганлиги аҳамиятли эмас.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.