Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 11 / Норматив лойиҳалар

Қош қўяман деб…

 

 

ёки сайёр солиқ текшируви тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига доир
фикр-мулоҳазалар

 

Қабул қилиниши солиқ тўловчилар ва солиқ соҳаси мутахассислари томонидан анчадан буён кутилаётган Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси www.regulation.gov.uz Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида 17 мартга қадар муҳокама учун жойлаштирилган. Ушбу ҳужжат лойиҳасини ўрганиш кўпчиликда бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Сабаби унда Солиқ кодексида ёритилмаган айрим муҳим ҳолатлар аниқлаштирилиши зарур эди.

 

Янги Солиқ кодексида сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити ўртасидаги фарқни англаш қийин. Бу ҳақда экспертларнинг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити мазмунига кўра ўхшаш деган фикрларига қўшиламиз1.

Масалан, Россия Федерациясида сайёр солиқ текширувлари бир ёки бир нечта солиқ тури бўйича тайинланиши мумкин. Шунингдек, мазкур солиқ текширувини ўтказиш бўйича чекловлар ҳам белгиланган2. Низом лойиҳасида эса сайёр солиқ текширувлари қайси давр учун тайинланиши ва қайси солиқлар бўйича тайинланиши аниқлаштирилмаган. Яъни мазкур текшириш усулининг муддати кам бўлса-да, унинг кўлами жуда кенг эканлигини сезишимиз мумкин. Шунингдек, сайёр солиқ текширувлари битта солиқ тўловчида неча марта тайинланиши мумкинлиги, яъни даврийлиги бўйича маълумотлар мавжуд эмас. Бундан солиқ тўловчини истаган пайтда ва хоҳлаганча текшириш мумкин, деган хулоса чиқиб қолади.

Ҳужжат лойиҳасининг 8-бандида сайёр солиқ текшируви учун асосларнинг бири сифатида солиқ аудити ва камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчилардан қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни олишга ва (ёки) ўрганишга эҳтиёж юзага келган ҳолат кўрсатилган. Ҳолбуки, Солиқ кодекси 138-моддаси 13- қисмига кўра, агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли. Яъни камерал солиқ текшируви бўйича сайёр солиқ текшируви эмас, балки солиқ аудити тайинланиши белгиланган. Солиқ аудитида эса қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни олишни ва (ёки) ўрганишни мазкур текшириш давомида амалга ошириш мумкин. Яъни юқоридаги асос ўринсиз ҳисобланади.

Шунингдек, лойиҳада баъзи тушунчаларга аниқлик киритилмаган, Масалан, 3-бандда сайёр солиқ текширувини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувини амалга оширишга, назорат-касса машинаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ҳамда солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли деб белгиланган. Сайёр солиқ текширувларини олиб боришда «профилактика тадбири» қандай тадбир ва у қандай амалга оширилиши тўғрисида на лойиҳада, на бир бошқа қонун ҳужжатида маълумот берилмаган. Шунинг учун «профилактика тадбирлари» тушунчасини лойиҳадан чиқариб ташлаш зарур деб ҳисоблаймиз. Чунки жойларда солиқ органлари ходимлари солиқ қонунчилигида назарда тутилмаган хатти-ҳаракатларни амалга ошириб, уни «профилактика тадбири» деб аташи мумкин ва бу коррупцияга йўл очувчи омиллардан ҳисобланади. Ушбу жумла лойиҳадан чиқариб ташланмаган тақдирда, унга изоҳ бериш ва ушбу тадбирни амалга ошириш тартибини белгилаш зарур. Чунки Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларининг (АВ томонидан 28.02.2014 йилда 2565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ­37-бандида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қонун ҳужжатларида мавжуд бўлмаган тушунчалар, шунингдек техник ва бошқа махсус тушунчалардан фойдаланилган ҳолларда, ҳужжатда уларнинг таърифлари берилади деб аниқ белгиланган.

Лойиҳанинг энг номақбул жиҳати, фикримизча, шундан иборатки, янги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан солиқ назорати шакллари кескин қисқартирилди деб «ҳайбаракалла» қилинаётган бир вақтда солиқ қонунчилигимиздан қуйидагилар жой олмоқда:

хронометраж кузатувини амалга ошириш;

назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текшириш;

солиқ солиш объектларини текшириш ва хўжалик юритувчи субъектларда ишловчи ходимлар сони мониторингини амалга ошириш;

бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари фаолиятини текшириш;

фаолиятни айрим турларини амалга ошириш учун лицензия ёки рухсат гувоҳномалари мавжудлигини текшириш;

товар-моддий қимматликлар қолдиқларини ҳамда уларни автотранспорт воситалари орқали ташилиши қонунийлигини текшириш каби назорат тадбирлари.

Лойиҳанинг 4-банди иккинчи қисмида солиқ тўлашдан бўйин товлаётган шахслар, яширилган солиқ солиш объектлари, шунингдек ноқонуний олиб кирилган товарлар етказилиши, сақланиши ва реализация қилиниши, яширин цехларни аниқлаш юзасидан солиқ тўловчининг номини олдиндан кўрсатиш имкони бўлмаган сайёр (рейд) текширувларини ўтказиш тўғрисидаги буйруқларда солиқ тўловчининг номи кўрсатилмайди, деб белгиланган.

Солиқ кодексининг 139-моддаси ­4-қисмида эса сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади дейилган. Лойиҳанинг 2-қисми Солиқ кодексининг юқорида келтирилган нормасида белгиланган қоидадан ташқари ваколатларни ўрнатмоқда.

2565-сон Қоидаларнинг 20-бандида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ бўлиши шарт эканлиги белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни 12-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади дейилади. Солиқ кодексида «сайёр (рейд) текширувлари умуман назарда тутилмаган. Шунинг учун лойиҳа 4-бандида «рейд» текшируви ўтказиш бўйича асослар тўғрисидаги қоидаларни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Лойиҳанинг 7-бандида мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда солиқ органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади деб қайд этилган. Ҳолбуки, Солиқ кодексида сайёр текширувлари натижаси бўйича таъсир чораларини кўриш назарда тутилмаган.

Лойиҳанинг 22-бандида назорат-касса техникалари ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини текширишда солиқ органлари томонидан «холис харидор» хизматидан фойдаланиш мумкинлиги таъкидланган ва «холис харидор» солиқ органлари мансабдор шахслари томонидан қонунчиликка мувофиқ бир нечта солиқ текширувларига, шунингдек солиқ текширувлари натижаларини кўриб чиқишда, шу жумладан суд органларида кўриб чиқилишида иштирок этиш учун жалб этилиши мумкин дейилган.

Фикримизча, холис ўз номи билан холис бўлиши зарур. Агар бир холис харидор бир нечта солиқ текширувларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлса, солиқ органлари томонидан ўз ишларини осонлаштириш мақсадида ушбу тадбирларда доимо иштирок этувчи «навбатчи холис харидор»лар хизматидан доимо фойдаланишлари мумкин. Бу эса, ўз навбатида, мазкур тадбирларнинг «холис» ўтказилмаслигига олиб келади.

Яна бир хатарли жиҳати шундаки, сайёр солиқ текшируви солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида бевосита мулоқот орқали амалга оширилади ва бу ҳолат коррупцияга сабаб бўладиган омиллардан ҳисобланади.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» Қонуннинг 20-моддасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлардан бири этиб белгиланган. Яъни «инсон омили» тадбиркор ва давлат органи ўртасида жуда ҳам кам қўлланилиши керак.

Бинобарин, фикримизча, сайёр солиқ текширувлари муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳаси вариантида амалга ошириладиган бўлса, бу мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш, уларга энг қулай ишбилармонлик шарт-шароитларини яратиб бериш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз мазмунига мувофиқ келмайди.

И.ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси катта ўқитувчиси. 

 

1https://podrobno.uz/cat/economic/proveryat-ili-ne-proveryat-kak-nalogovye-proverki-nuzhny-uzbekistanu-mnenie-eksperta-

2 Россия Федерацияси Солиқ кодекси 89-м.

Прочитано: 430 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика