3.02.2020 йилдан 16.05.2020 йилгача ишлаган ходим ишдан бўшаяпти. 1.04.2020 йилдан 30.04.2020 йилгача у иш ҳақи сақланмайдиган таътилда (ўз хоҳишига кўра) бўлган. Ташкилотда меҳнат таътили 24 иш кунини ташкил этади.
Ишдан бўшаётган ходимга неча кунлик таътил учун компенсация ҳисобланиши лозим?
– Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МК 151-м.), бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш сабаблари ҳисобга олинмайди.
3.02.2020 йилдан 16.05.2020 йилгача бўлган давр учун ҳақиқатда ишланган вақтга мутаносиб миқдорда компенсацияни ҳисоблашингиз лозим, бунда иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътиллар чиқариб ташланади (МК 142-м.):
24 (тўлиқ таътил миқдори) / 12 (бир йилдаги ойлар сони) х
2 (тўлиқ ишланган ойлар миқдори) = 4 иш куни (МК 141-м.).
Жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёки меҳнат шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддати таътил пулини ҳисоб-китоб қилишда чиқариб ташланади (МК 142-м. 2-қ.). Сизда иш ҳақи сайланмаган ҳолдаги таътил даври компенсация олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилиши назарда тутилган бўлса, тўлиқ 3 ой, яъни 6 иш кунига ҳисобланган ҳолда компенсация тўланиши лозим.
Эътибор беринг!
Карантин чоралари амал қилган даврда болалар боғчалари ва мактабларнинг фаолияти тўхтатиб турилган тақдирда болалар боғчалари тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар ўқувчиларининг ота-оналарига тақдим этилган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар давомийлигидан қатъи назар, меҳнат стажига киритилади (Низомнинг 9-банди, АВ томонидан 28.03.2020 йилда 3227-сон билан рўйхатдан ўтказилган).