2020 йил 1 августдан амалга киритиладиган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун (7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ККУни бошқариш органлари фаолиятига аралашуви тақиқланади. Бундай аралашувлардан чарчаган бинолар мулкдорлари янги қонун ҳужжати билан аралашувларнинг бартараф этилишига умид қилмоқдалар.
«Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тўғрисида»ги Қонунда ширкатларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатлари қайд этилган эди. 2006 йилда қабул қилинган ушбу қонунда, томонларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш нормалари ХУМШ аъзоларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланган эди. ХУМШ тўғрисидаги Қонунда ҳокимиятларнинг роли ХУМШ раҳбарияти томонидан мулкдорлар ҳуқуқи бузилганда, мулкдорларнинг ҳуқуқлари кафолати сифатида белгиланган эди. Ўшанда ширкатлар аъзоларида ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарли тажриба бўлмаган. Вақт ўтиши билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳимоялаш ўрнига ХУМШ ишларига ўзлари аралашадиган бўлдилар. Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳокимиятлар томонидан ширкатларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қарама-қарши томонга ўзгара борди. Масалан, ХУМШ тўғрисидаги Қонунда ҳокимият билан муносабатлар ортиқча ғамхўрликсиз ўрнатилиши лозимлиги белгиланган. Ҳокимиятлар эса ширкатларга турли кўрсатмалар беришдан бўшамаяптилар. Улар томонидан ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишига бошқарув раисларини чақириб олиш, бошқарувчилар ХУМШ аъзоларининг ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этмаганларида бошқарувчиларни (ижрочи директорларни) лавозимидан озод этиш, ушбу лавозимга номзодни таклиф этиш, ширкат томонидан қонун ҳужжатлари бузилганда навбатдан ташқари ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги таклифлар кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Натижада нималар бўлгани ҳаммага маълум.
Ширкатларнинг маҳалла қўмиталари билан ўзаро муносабатлари ҳар доим ҳам ҳамкорлик тамойилига мувофиқ бўлавермаган. Кўпгина маҳалла қўмиталари вақт ўтиши билан ҳокимиятларнинг «жарчисига» айланган.
Мулкдорларни давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг муносабатлари қандай йўлга қўйилиши хавотирга солмоқда, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги янги Қонун қачон амалга киритилади? Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қандай бўлади? Бошқарув органлари фаолияти ким томонидан назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади?
Кўп квартирали уйларни бошқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда нималар назарда тутилади
Давлат жойлар мулкдорларининг, бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчиларнинг, ширкатларнинг ҳуқуқлари таъминланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- уй-жой-коммунал соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан стандартларни такомиллаштириш;
- ККУда авария вазиятларини бартараф этишда кўмаклашиш;
- коммунал хизматлар ҳақини тўлаш тизимини такомиллаштириш;
- уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек имтиёзли кредитлар бериш;
- кам таъминланган оилаларга ККУни сақлаш бўйича ёрдам кўрсатиш;
- ККУга туташ ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш;
- ККУни бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлашни ва уларни қайта тайёрлашни амалга ошириш;
- ККУдан фойдаланишнинг самарали тизимини яратиш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиш ва бошқа чоралар кўриш («Кўп квартирали уйлар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-м.).
Бош мувофиқлаштирувчи – Уй-жой коммунал вазирлиги
Янги Қонун кучга кириши билан унинг 49-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди. Ҳокимиятлар ККУни бошқариш органлари томонидан банк кредитларини олишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.
Янги Қонун аралашувларни бартараф этган ва уй-жой фондини бошқаришда ҳокимиятлар ролини камайтирган ҳолда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (УКХВ) номидан ККУни бошқаришнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кучайтирилади. Унинг зиммасига ККУни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади, у қуйидагиларни ўз ичига олади (ККУ тўғрисидаги Қонуннинг 10-м.):
- ККУдан ва уларга туташ ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича тизимли ишларни самарали ташкил этиш;
- ККУнинг техник ҳолати мониторингини ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш;
- ККУни сақлаш, улардан фойдаланиш талабларига ва фойдаланиш харажатларини аниқлаш талабларига, ККУдан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларига, уларга туташ ер участкаларини санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- ККУни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;
- замонавий инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
- ККУни бошқариш органларининг ҳисобини ва уларнинг фаолияти бўйича ҳисоботларни юритиш учун ахборот тизимларини жорий этиш;
- ККУни бошқариш органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш ва янгилаб туриш;
- ККУни бошқариш бўйича ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;
- ККУни бошқариш органларининг фаолиятини ҳуқуқий ҳам услубий жиҳатдан таъминлаш;
- ККУни бошқариш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, ККУни бошқаришнинг замонавий шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- ККУни бошқариш бўйича мутахассислар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;
- бошқарувчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва бошқарувчиларни, ширкатлар бошқаруви раисларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга ККУни бошқариш учун малака сертификатини бериш.
Бошқарув органлари фаолияти устидан назорат қилиш кимнинг зиммасига юкланади
ККУни бошқариш соҳасидаги давлат назорати Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартиради уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари томонидан ўрганишлар ҳамда мониторинг ўтказиш орқали амалга оширилади (ККУ тўғрисидаги Қонуннинг 11-м.).
Уй-жой фонди инспекциясининг ваколатлари нималардан иборат
Уй-жой фонди инспекцияси (ККУ тўғрисидаги Қонуннинг 12-м.):
- ККУни, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш бўйича талабларга ва улардан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ҳамда мулкдорлар томонидан жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилишига ва қайта режалаштирилишига йўл қўйилмаслиги;
- белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва умумий мол-мулкни, ККУнинг олд томонларини, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларининг тизимли равишда олиб борилиши;
- уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли хизматлар кўрсатишда техник тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;
- ККУдаги жойлар мулкдорларининг кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни амалга ошириш учун жамғариладиган маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Назорат қилувчи органга қандай ҳуқуқлар берилади
Уй-жой фонди инспекциясига қуйидагилар юзасидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш ваколатлари берилади:
- ККУни бошқариш органларига ёки жойларнинг мулкдорларига – ККУни сақлаш ва улардан техник фойдаланиш қоидаларининг ҳам кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларининг бузилиш ҳолларини бартараф этиш юзасидан;
- уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига – тегишли хизматлар кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан.
Уй-жой фонди инспекциясининг қарорлари, унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин (ККУ тўғрисидаги Қонуннинг 12-м.).
Маҳалла билан ўзаро муносабатлар
Худди ХУМШ тўғрисидаги Қонундагидек, янги Қонунда ККУни бошқариш органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга доир ишларни ташкил этиш ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилиши мумкин (ККУ тўғрисидаги Қонуннинг 49-м.). Бунда қандай бошқа масалалар назарда тутилиши аниқлаштирилмаган. Ушбу норманинг етарлича ишлаб чиқилмаганлиги бошқарув органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги келишмовчиликлар ва зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.